Кўчат экиб боғ барпо этиш, атроф-муҳитни тоза-озода сақлаш халқимизнинг асарлар синовидан ўтган миллий қадриятларидир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган ўғил болага атаб ерга ниҳол қадамаган. Чунки бу ниҳол кун келиб ўғил бола уйланганиши арафасида унинг учун янги уй қуришда ишлатилган.
Бугун ана шу эзгу анъана давом этиб, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан умуммиллий ҳаракатга айланди. Айни кунларда юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш бўйича “долзарб 40 кунлик” давом этяпти. Бу 10 декабргача давом этади.
Муқаддас динимиз ҳам Ер юзини обод қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига кўчат экишга тарғиб қила туриб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ривояти).
Эътибор беринг-а, ҳаммамиз киришиб 40 кун кўчат эксак, юртимиз чаманзорга, боғу бўстонга айланиб кетади. Бу акцияда фаол қатнашиб, ҳам динимиз тарғиб қилган ишни қилиб, савоб оламиз, ҳам ўзимиз ва келажак авлод учун гўзал диёр қолдирамиз.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғли улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Бундай ажр-савобларга эга бўлишимизга сабаб шуки, биз ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўчат экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қиляпсиз, ахир, сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Шошмагин, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деганларини эшитганман”, дебди» (Имом Аҳмад ривояти).
Ерга ниҳол қадаш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этаётганини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди. Чунончи, шу йил ноябрь ойининг 3–5 кунлари юртимизда кузатилган чанг бўрони фикримизни тасдиқлайди.
Яна бир эътибор беришимиз лозим бўлган жиҳат бу – атмосферанинг ифлосланишидир. Тирик организм сувсиз ва овқатсиз бир неча кун яшаши мумкин. Аммо ҳавосиз 5 дақиқадан ортиқ яшай олмайди. Ҳаво таркибининг ўзгариши, яъни унинг ифлосланиши нафақат инсонга балки барча тирик жонзотларга салбий таъсир кўрасатади. Шунинг учун ҳам атмосферани тоза сақлаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирда атмосфера асосан, автотранспорт воситалари, турли завод-фабрикалар ва шу каби қурилмалар чиқараётган чиқинди газлар сабабидан ифлосланмоқда. Биз атмосферани тозалаш учун автотранспорт воситалари, турли завод-фабрикалар фаолиятини тўхтатиб қўёлмаймиз, албатта. Фақатгина уларнинг зарарларини камайтиришимиз мумкин холос.
Шундай экан, атмосферани тозалайдиган, бизга қайта ҳаво ишлаб чиқариб берадиган табиий имкониятлардан кенг фойдаланишимиз лозим. Барчага маълумки ўсимлик ва дарахтлар кислород ишлаб чиқарувчи энг қулай ва зарарсиз воситадир. Демак, мевали ва манзарали дарахтларни кўпайтириш, боғлар яратиш олдимизда турган зарур ишлардан бири экан. Зеро, динимиз ҳам бунга тарғиб қилади.
Ақлли одам фақат бугуни билан яшамайди. Балки у келажаги учун, охирати учун сармоя киритади. Охират сармояси, яъни номаи аъмолимизга савоблар қиёматгача тўхтамасдан бориб туриши учун садақаи жория қилишимиз керак. Кўчат экиб, боғ барпо қилиш эса энг яхши садақаи жориядир.
Жасурбек домла РАУПОВ,
Тошкент вилояти бош имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ФИТР САДАҚАСИ НИМА УЧУН БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси – рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа. У Рамазон ойида беҳуда гап-сўзлар, қилинган хато ва камчиликларни ювиш ҳамда камбағал, мискинлар, етим ва бечораларнинг очликларини кетказиш мақсадида жорий қилинган.
Имом Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фитр садақаси – саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлганда, саҳв саждаси билан намоз тўғрилангандек, фитр садақаси ҳам рўзанинг камчиликларини тўлдиради”.
Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.
ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?
Фитр садақасини рамазон ҳайити куни тонг отгандан яъни бомдод намозининг вақти киргандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб. Рамазон ойи бошланиши билан берилса ҳам бўлади.
Аммо ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ҳайит намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби рамазон ойида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.
КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?
Хур, нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган (фитр садақасининг нисобида молнинг ўсувчи бўлиши эътиборга олинмайди) мусулмон эркак ва аёлнинг зиммасига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Нисоб миқдоридаги мулкка эга киши балоғатга етмаган болалари номидан фитр садақасини бериши вожиб.
Киши аёли ва балоғатга етган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб эмас, балки уларнинг ўзлари бериши мақсадга мувофиқ саналади. Аммо балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.
Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.
КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. “Фатавои Ҳиндия” китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, (камбағал) ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.
КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?
Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.
Шунингдек, ғайридинга, фосиққа, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.
Фитр садақасини муҳтожларнинг қўлларига қийматини бериш жоиз. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши мумкин эмас.
РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?
Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.
ФИТР САДАҚАСИ ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Даврон НУРМУҲАММАД