Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби шу ҳафтанинг чоршанба куни ўз лавозимига киришди, дея хабар бермоқда “Саудий Пресс” матбуот хизмати.
Ҳусайн Иброҳим Тоҳа ўтган йил ноябрь ойида Нигер пойтахти Ниамей шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 47-сессиясида ушбу лавозимга сайланган эди.
Унинг ИҲТдаги ваколат муддати беш йилдан иборат. Ҳусайн Тоҳа ўз мамлакатида Ташқи ишлар вазири, Африка интеграцияси ва халқаро ҳамкорлик вазири, Нигер президентининг дипломатик маслаҳатчиси, мухтор вазир ҳамда мамлакатининг Франция, Испания, Португалия, Греция ва бошқа мамлакатлардаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси каби қатор лавозимларда ишлаган чадлик дипломатдир.
Шунингдек, Ҳусайн Тоҳа Саудия Арабистонидаги Чад элчихонасида катта маслаҳатчи лавозимида ҳам фаолият юритган. Француз, араб ва инглиз тилларини яхши биладиган ИҲТнинг янги раҳбари Чад миллий ордени, Франциянинг Фахрий легиони миллий ордени ва фахрий элчи унвонлари билан тақдирланган.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати