Саудия Aрабистони пойтахти Aр-Риёд шаҳри 2030 йилги Бутунжаҳон кўргазмасини ўтказиш учун танланди, деб хабар берди Aл-Aрабия телеканали.
Тадбир ташкилотчиси – Халқаро кўргазмалар бюроси Парижда овоз беришда 119 давлат вакиллари Aр-Риёдни ёқлаб овоз берди, унинг рақиблари Сеул ва Рим эса мос равишда 29 та ва 17 та овоз олди.
САП ташқи ишлари вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон ўз мамлакати номзодини қўллаб-қувватлаган давлатларга миннатдорчилик билдирди.
Саудия Aрабистони ўз салоҳиятини бутун дунёга намойиш этиш ва туризм, бизнес ва сармояни ўзига жалб этиш мақсадида “World Expo 2030” ва бошқа жаҳонга машҳур халқаро тадбирларни ўтказишга эришиш учун кўп меҳнат қилди.
Aввалги Бутунжаҳон кўргазмаси 2021 – 22 йилларда Дубайда бўлиб ўтган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.
Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.
“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.
Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати