ИЛМ ЎРГАНИШ ҲАР БИР МУСУЛМОН УЧУН ФАРЗДИР
Муҳтарам жамоат! Ислом дини “жоҳилият” дея аталган даврда нозил бўлиб, улкан илмий бойликни ўзида мужассам этган дин сифатида бутун дунёга маърифат нурини тарқатди. Исломдан олдинги даврни “жоҳилият даври” деб эсланишининг ўзи ҳам Ислом – илм дини эканига очиқ-равшан далилдир. Чунки илм – жоҳилликнинг зиддидир. Илм ўрганиш – ҳар бир мусулмон учун фарздир.
Аллоҳ таоло илмни Қиёматгача бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди.
Ҳар бир иш мукаммал, мустаҳкам бўлиши учун илм, амал ва ихлос бирлашиши шарт. Дунёда илмдан кўра юксак даража ва мартаба йўқдир! Аллоҳ таоло айтади:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
( سورة المجادلة/11)
яъни: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси 11-оят).
Дарҳақиқат, Ислом – дини инсоннинг дунё ҳаёти учун лозим бўлган барча илмларни ўрганишни фарз даражасига кўтарган диндир! Илм талаб қилишни фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар мавжуд. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
﴿طَلَبُ العِلْمِ فَرِيْضَةٌ عَلَىْ كُلِّ مُسْلِمٍ﴾
(رواه الإِمَامُ ابن ماجه عن أنس بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)
яъни: “Илм излаш – ҳар бир мусулмонга фарздир” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Абу Дардо разияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: “Ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат томон йўлга бошлаб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмдан рози бўлиб, унга ўз қанотларини ёйишади. Албатта, олим учун осмонлару ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар истиғфор айтурлар. Олимнинг обидга нисбатан афзаллиги худди Ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди” (Имом Термизий ривоятлари).
Бу ҳадиси шарифларни пухта ўрганган уламоларимиз ундан қуйидагиларни чиқарганлар:
Илм икки қисмга бўлинади – фарзи аъйн ва фарзи кифоя.
Фарзи айн. Ҳар бир балоғат ёшига етиб, ақли расо бўлган инсон қайси соҳа ёки касб соҳиби бўлса ҳам, соҳасининг илмини чуқур ўрганиши – фарзи айндир. Шунингдек ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ибодатларни шариатга мувофиқ даражада бажариши учун зарур бўладиган илмларни ўрганиши ҳам фарз бўлади.
Фарзи кифоя. Аллоҳ таоло мусулмонлар жамоасининг зиммасига буюрган амалдир. Мусулмонларнинг бир қисми уни бажариши билан бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким бажармаса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади. Жамиятда қайси соҳага эҳтиёж сезилса, ўша соҳага бўлган эҳтиёжни қондирадиган даражада илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади.
Агар жамиятда бир соҳада ёки бирор фан бўйича мутахассис олим етишмаса ва бунга ҳаракат қилинмаса, шу жамият кишиларининг барчаси гуноҳкор бўладилар. Сабаби – ҳар бир соҳада мутахассислар бўлиши шарт.
Масалан, тиббиёт ёки муҳандислик илмини олайлик. Бу илмларсиз инсон ҳаётини саодатли кечишини тасаввур қилиб бўлмайди. Бошқа дунёвий илмлар ҳам худди шулар кабидир. Бу илмларни ўрганиш фарзи кифоя ҳисобланади. Бу илмлар билан машғул бўлаётган кишилар фарз ибодатини бажаряпман деган ниятда машғул бўлишса, дунёвий манфаатларни қўлга киритишдан ташқари, улкан ажр-савобларга ҳам эришадилар. Ўз навбатида, агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади.
Худди шунингдек, турли ишлаб чиқариш ва саноатга доир илмлар ҳам фарзи кифоядир. Демак, ҳозирги замонда мусулмонлар фан-техника соҳасида ҳам барча дақиқ илмлардан кифоя қилиш даражасида билишлари зарур бўлади. Чунки давлатнинг куч-қудрати, ўзга давлатларга қарам бўлиб қолмаслиги илм-фаннинг ривожи ва тараққиётига бевосита боғлиқдир.
Ёшларни дунёвий билимлар соҳиби ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш энг муҳим масала деб ҳисобланган. Шунинг учун ҳам Али разияллоҳу анҳу: “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, - деб таъкидлаганлар.
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу илм ўрганиш ва ўргатиш ҳақида бундай деганлар: “Илм ўрганинглар, зеро уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб қилиш – ибодат, музокараси – тасбеҳ, уни излаш – бамисоли жидду жаҳд қилиш, билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга яқинлик ҳосил қилишдир. Илм танҳоликда – ҳамроҳ, хилватда – дўст, тўғри йўл кўрсатувчи далил, хурсандлигу хафалик пайтида – кўмакчи, дўстлар олдида – вазир, бегоналар олдида – яқин дўст ва жаннат йўлининг машъалидир. Аллоҳ илм билан қавмларни юксалтириб, етакчи қилиб қўяди. Улар одамларни яхшиликка етаклайди, бошқалар уларнинг изидан юради, қилган ишлари эътиборли бўлади”.
Бугунги кунда илм-маърифатли бўлишимизга жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишимиз лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзи ёшлар, хоссатан мактаб ёшидагилар, вақтларининг аксарини интернет ва фойдасиз компьютер ўйинларини ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ҳамда тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар. Барчамиз ёш авлод таълим-тарбияси борасида юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотларни амалга оширишда ўзаро ҳамжиҳатлик руҳида саъй-ҳаракат қилсак, бу борадаги дунёқараш ва тасаввурларни тубдан ўзгартирсак, кўзланган мақсад ва натижаларга эришамиз. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:
إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنْفُسِهِمْ
(سورة الرّعد/11)
яъни: “...Албатта, Аллоҳ бирор қавм ўзларидаги нарсани (неъматларга нисбатан муносабатни) ўзгартирмагунларича, улардаги нарсани (ҳолатни ёмон ҳолатга) ўзгартирмас...” (Раъд сураси 11-оят)
Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда ҳам кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Ваҳоланки, тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.
Динимизда илмни диний ва дунёвийга ажритилмайди. Ота-боболаримиз бу қоидага амал қилганларидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда пешқадам бўлганлар. Авлодларимиз ҳам биздан фахрланишлари учун бугун, ўзимиз ва фарзандларимизни илм олишлари ва шу орқали жамиятимизни пешқадам сафларга олиб чиқиши учун ҳаракат қилишимиз – ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиз, ҳам бурчимиз!
Сиз-у бизга таниш бўлган жадидчи олимларимиздан Мунаввар Қори Абдурашидхонов ўзини “Мен – сендамен” асарларида қуйидаги таъсирчан жумлаларни келтирганлар: “Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун-қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари... давом этади”.
Орадан бир аср ўтган бўлса-да, бу жумлаларнинг аҳамияти мутлақо ўзгармаган.
Киши ўзидаги жоҳилликни кетказиш мақсадида илм излаши учун албатта ёш бўлиши шарт эмас, балки қайси ёшда бўлишидан қатъий назар, имкон бўлиши билан илмли бўлишга ҳаракат қилиш керак. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
مَنْ جَاءَ اَجَلُهُ وَهُوَ يَطْلُبُ الْعِلْمَ لَقِيَ اللهَ تَعَالَى وَلَمْ يَكُنْ بَيْنَهُ وَبَيْنَ النَّبِيِّيْنَ اِلَّا دَرَجَةُ النُّبُوَّةِ
(رَوَاهُ الْإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عن ابن عباس رضي الله عنه)
яъни: “Кимнинг ажали илм талаб қилаётган вақтида етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ривоятлари).
Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз Раҳбарининг шахсан ўзлари ёшларимизни илм-маърифатга тарғиб қилишни кучайтириш доирасида уларни кўпроқ китоб ўқишга жалб қилиш юзасидан салмоқли ишларни амалга оширмоқдалар. Аммо биз, ота-оналар, мазкур масалада қанчалик эътиборлимиз? Охирги марта ўғил-қизларимизга қандай китоб олиб берганимизни ёки шахсий ибрат кўрсатиб, бирорта адабиёт мутлоаа қилганимизни эслай оламизми? Ваҳоланки, телефон, кийим-бошни “модадан қолди” ёки “модели эскирди” деб, ой сайин янгилаб беришга маблағ топамиз.
Ёки фарзандларимизни қўшимча тўгарак ёки репетиторга йўналтириш масаласига қандай қарамоқдамиз? Мазкур ишга “қиммат” деб маблағ ишлатишни аяймиз. Бироқ, ушбу маблағ фарзандларимизнинг келажаги учун сармоя экани, уларга олиб бераётган автомобил ёки бошқа ашёдан кўпроқ фойда келтиришини ўйлаб кўрайлик. Мажозий маънода айтганда, фарзандларимизга “балиқ” эмас, “қармоқ” олиб берайлик.
Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота-оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Фарзандларимизга мактабга бориб таълим олиш ҳам ибодат эканини етказишимиз керак. Ёшларнинг мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришларига алоҳида эътибор қаратиш – ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасликнинг оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ асрасин!
Болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига масъулмиз. Зарурий илмларни олиш нафл ибодатдан устун туради. Ҳозирда мактабларда ҳар бир бола билиши зарур бўлган, асосий билим ва кўникмалар ўргатилади. Мажбурий таълимдан кейин бу билимларни ҳеч ким текинга ўргатмайди.
Ҳукуматимиз томонидан 2021 йил – “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам баркамол авлоднинг тарбиялаш ишларига бунданда кўпроқ аҳамият қаратилишини англатади.
Дарҳақиқат, имон ва гўзал хулқ билан пайваста бўлган илм инсонни бахтиёр қилади, мартабасини баландга кўтаради. Илм ҳосил қилишдан мақсад – кўркам ва эзгу ишларни амалга оширишдир. Бандасининг қилаётган амалларидан эса Аллоҳ таоло хабардордир!
Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Худди илм олиш фарз бўлгани каби, касбу ҳунар ўрганиш ҳам – фарздир”. Ҳакимлар илм-ҳунарсиз кишини “қанотсиз қуш” деб номлаганлар.
Али ибн Абу Толиб разияллоҳу анҳу Кумайлга: “Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм – ҳоким, мол – маҳкумдир. Мол нафақа қилиш билан камайса, илм зиёда бўлади”, – деганлар.
Шундай экан, муҳтарам ота-оналарга фарзандлари тарбияси ва таълимига жиддий аҳамият беришга, уларни ҳар вақт назорат қилиш, мактабдан сўнг албатта бирон-бир машғулот билан шуғулланиш, спорт, уй юмушлари, томорқа ишлари каби жисмоний ишларга жалб қилишлари зарур эканлигини таъкидлаймиз.
Аллоҳ таоло ёшларимизни камолотга эришишини, аждодларига муносиб авлод бўлишини насиб қилсин. Омин!
Айрим илмсиз ёшлар энг нозик ва қалтис масалаларни кўтариб, мусулмонлар бирлигига рахна солиш билан шуғулланмоқда. Динда ғулувга кетиб, ғайридинлар ҳақидаги оят ва ҳадисларни нотўғри талқин қилган ҳолда уларни мусулмонларни кофирга чиқаришга қурол қилмоқдалар. Бу жуда ҳам хатарли ва қалтис йўл. Бу йўлда кўпчилик тойилиб, адашиб кетган. Шундай паллада ёшларни хатарлардан огоҳ этиш ҳар бир зиёли, маърифатпарвар инсоннинг бирламчи вазифалари сирасига киради.
“Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:
﴿ولا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلامَ لَسْتَ مُؤْمِناً﴾
“...Сизга салом берган кимсага мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошмашошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқаришдан қайтармоқда.
Шариатда мусулмон инсонни унинг мусулмон эканига қарши далил топилмагунича мусулмон деб ҳукм қилинади. Мўмин киши иймон асосларини очиқ инкор этиши ёки куфр калимасини билиб туриб, ўзи хоҳлаб талаффуз қилиши, Исломдаги қатъий фарз қилинган амаллардан бирини инкор қилиши ёки дин шиорларидан бирини масхара қилиши билан диндан чиқади. Шунда ҳам дарҳол унинг кофирлигига ҳукм чиқарилмайди. Балки бу шаръий масала бўлиб, муфтий ва қозиларнинг ишидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан, Расули акрам алайҳиссалом бундай дедилар:
ثَلاَثَةٌ مِنْ أَصْلِ الإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَلاَ نُكَفِّرُهُ بِذَنْبٍ وَلاَ نُخْرِجُهُ مِنَ الإِسْلاَمِ بِعَمَلٍ.
«Уч нарса иймоннинг аслидандир. “Лаа илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз» (Имом Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
وَمَنْ قَذَفَ مُؤْمِناً بِكُفْرٍ فَهُوَ كَقَتْلِهِ.
“Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: «Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмон инсонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади», деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган:
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Кофирга чиқаришнинг хатари ҳақидаги машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لأَخِيهِ: يَا كَافِر فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلا رَجَعَتْ عَلَيْهِ.
«Агар киши ўз биродарига: “Эй кофир” деса, иккисидан бири кофир бўлади. Агар биродари ҳақиқатан ҳам кофир бўлса, тўғри айтган бўлади, акс ҳолда бу гапи кофир дегувчини ўзига қайтади» (Имом Муслим ривояти).
Шу маънодаги ҳадисларни яна кўплаб келтириш мумкин. Уларнинг барчасида инсон бошқа мусулмонларни кофирга чиқаришга шошмаслиги, айбланган шахс у айтганидек бўлмаса, ўзи ўша сифатга дохил бўлиб қолиши таъкидланган.
Расулуллоҳнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ҳазир бўлганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар хавориж фирқаси бўлди. Улар: “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, Исломдан чиқади”, деди. Бора-бора хаворижларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган ишлари қолмади. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган фирқа бўлмаганини таъкидлайдилар.
Афсуски, ҳозирги кунда ҳам хаворижларнинг ғоявий издошлари чиқиб турибди. Замонамиз хаворижлари ҳам қадимги маслакдошларидан “ўрнак” олиб, фитна-фасод қилмоқдалар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби, мусулмонларни айблашдан бошқа “ғам”лари йўқ. Булар иложи борича кўпроқ мусулмонни гуноҳи сабабли кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар.
Айни пайтда булар ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. Уларнинг сохта фатволарида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг кўпчилиги мушрик ва кофир бўлиб кетган, дейилади (Аллоҳ асрасин!). Уларнинг бу сохта “фатвоси”нинг пуч эканига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқорида зикри келган ҳадисларидаги: “Мусулмонни гуноҳи туфайли кофир демаймиз”, деган қоиданинг ўзи кифоя қилади.
Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Машҳур саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан бу масала борасида сўралди: «“Гуноҳлардан бирортасини куфр, ширк ёки нифоқ деб билармидинглар? У: “Аллоҳ сақласин! Биз гуноҳ қилган кишини гуноҳкор мўмин деб биламиз”, деди» (“Мажмаъуз завоид ва манбаул фавоид”).
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар” китобида бундай деган:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا.
“Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий Ҳанафий “Ақидату-Таҳовия” асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:
قَالَ عُلَمَاؤُنَا: إِذَا وُجِدَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ وَجْهًا تُشِيْرُ إِلَى تَكْفِيْرِ مُسْلِمٍ وَوَجْهٌ وَاحِدٌ إِلَى إِبْقَائِهِ عَلَى إِسْلاَمِهِ
فَيَنْبَغِي لِلْمُفْتِي وَالْقَاضِي أَنْ يَعْمَلاَ بِذَلِكَ الْوَجْهِ.
Уламоларимиз айтадилар: “Агар (бирор сўз ёки иш устида) мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (“Шарҳуш шифо”).
Аммо ҳозирги кундаги адашган кимсалар бу масалада: “Мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизтасини четга суриб қўйиб, ўша бир далилни олиш керак”, дейишгача бориб етдилар. Бу эса барча аҳли сунна уламоларимизнинг тутган йўлларига бутунлай зиддир.
Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари – динни пухта билмаслик, оят-ҳадисларни енгил-елпи тушуниш, мўътабар мужтаҳид уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар
﴿فَاذْكُرُونِي أَذْكُرْكُمْ وَاشْكُرُوا لِي وَلَا تَكْفُرُونِ﴾
“Бас, Мени эслангиз, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз” (Бақара сураси, 152) оятидаги وَلَا تَكْفُرُونِ деган жойини “Менга кофир бўлманглар” деб тафсир қилишади. Яъни, гапни кофирликка бурадилар.
Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни “куфр” деб тафсир қилмаган, балки, “ношукрлик” деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: فَالْكُفْرُ هُنَا سَتْرُ النِّعْمَةِ яъни, “бу жойдаги “куфр” сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш – ношукрлик қилишдир”, деган.
Бундай мисолларни Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифларда “куфр” сўзи ёки унга ўзакдош калималар келганда, ундан фақат кофирлик назарда тутилган деб тушунмасдан, балки мўътабар муфассир ва муҳаддис уламоларимизнинг тафсир ва шарҳларига қараб хулоса чиқаришимиз шарт бўлади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ўзини суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан уларнинг йўлини маҳкам тутиши лозим.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси