Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Фарзандингиз ҳақига дуо қилишни унутманг

23.11.2021   16030   8 min.
Фарзандингиз ҳақига дуо қилишни унутманг

Кўплаб ота-оналар фарзандларининг ахлоқ-одоби ёмонлашиб бораётганидан шикоят қиладилар, уларни имон-эътиқодли бўлишлари учун, салбий хулқ-атворларини ислоҳ қилиш йўлларини ахтариб ўзларини хар тарафга урадилар. Фарзандлари учун барча шароитларни яратиб беришларига қарамай ҳеч қандай натижага эриша олмаётганликларини афсус ва надомат билан баён қиладилар.

Айнан мана шундай ота-оналар қайсики, фарзандларининг аҳли солиҳ бўлиши чорасини топиш йўлида ҳамма эшикларга бош урадилар, таълим-тарбиянинг қўллаб кўрмаган энг замонавий воситалари ҳам қолмайди. Бироқ, кўпчиликлари фарзандларини ислоҳ қилиши мумкин бўлган энг муҳим ва афзал йўлни, самарали ва натижаси кафолатланган воситани унутадилар ёки унга бепарво бўладилар. У ҳам бўлса, ота-онанинг фарзанди ҳаққига рушду ҳидоят ва салоҳият сўраб Аллоҳ таолога доимий тарзда дуо қилишидир.  

Ҳақиқат шуки, кўпчилик ота-оналарнинг ўз фарзандлари ҳақига дуо қилишларининг нақадар аҳамиятли эканлигини унутишлари ёки бунга бепарво бўлишлари, улар фарзанларининг тарбияли бўлиши учун барча моддий воситаларни, яъни сабабларни қўллаётганликларига суяниб қолаётганликларидандир. Бордию сиз ана шундай ота-оналарнинг бирортасидан: сиз фарзандингизни аҳли солиҳ ва тарбияли инсон бўлиши учун унинг ҳаққига неча марта дуо қилгансиз, деб сўрасангиз, шунча ҳаракатни қилганимдан кейин дуо ҳам қилишим керакми, дейиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Албатта, фарзандларнинг аҳли солиҳ бўлишида сабабларни ушлашнинг аҳамияти катта. Масалан, аввало келажакда яхши мураббия бўладиган солиҳа жуфтни танлаш, фарзанд туғилгач унга чиройли исм қўйиш, мурғаклик вақтидан қалбига имон уруғини экиш, унинг уй ичидаги тарбияси, уйдан ташқаридаги юриш-туришини назорат қилиш, яхшилар билан ошно бўлишига эътибор қаратиш, ҳаттоки Аллоҳ таолонинг амрига итоат этиши, қайтарган ишларидан қайтиши, ҳуллас бу ҳаётда ҳар бир босган қадамига эътиборли бўлиш жуда ҳам муҳим. Аммо, буларнинг барчаси ота-онанинг фарзанд ҳақига хайрли дуо қилишининг ўрнига ўтади, дегани эмас.

Ушбу мавзуга оид Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан танишиб чиққан киши ота-онанинг ўз фарзанди ҳақига хайрли дуо қилиши пайғамбарлар ва солиҳ кишиларнинг фарзанд тарбиясида тутган йўллари эканлигига амин бўлади.

Масалан, Халилуллоҳ Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд беришини сўраб шундай дуо қилганлар:

{  رَبِّ هَبْ لِي مِنَ الصَّالِحِينَ } الصافات/100

яъни: “Эй, Раббим! Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ато этгин!” (Соффот сураси, 100-оят).

Шунингдек, Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолодан Яъқуб авлодига муносиб фарзанд беришини сўраб дуо қилганлар:

.....فَهَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ وَلِيًّا * يَرِثُنِي وَيَرِثُ مِنْ آلِ يَعْقُوبَ وَاجْعَلْهُ رَبِّ رَضِيًّا } مريم/5-6

яъни: “...Энди Сен Ўз даргоҳингдан менга бир дўст (фарзанд) бер. У менга ва (бобом) Яъқуб наслига меросхўр бўлсин ва ундан барчани рози қилгин!” (Марям сураси, 5-6-оятлар).

Пайғамбарларнинг дуоси уларга фарзанд берилганидан кейин ҳам тўхтагани йўқ. Балки, чиройли тарбия бериш билан бирга янада кўпроқ дуо қилишда бардавом бўлганлар. Масалан, Иброҳим алайҳиссалом ўзлари ва фарзандлари ҳақида мана бундай дуо қилганлари ҳақида Қуръони каримда баён этилган:

{ وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا الْبَلَدَ آمِناً وَاجْنُبْنِي وَبَنِيَّ أَنْ نَعْبُدَ الأَصْنَامَ } ابراهيم/35

яъни: “Эсланг, Иброҳим айтган эди: “Эй, Раббим! Бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч қилгин, мени ва авлодларимни санамларга сиғинишдан йироқ қилгин!” (Иброҳим сураси, 35-оят).

{ رَبِّ اجْعَلْنِي مُقِيمَ الصَّلاةِ وَمِنْ ذُرِّيَّتِي رَبَّنَا وَتَقَبَّلْ دُعَاءِ } ابراهيم/40 .

яъни: “Эй, Раббим! Мени ва зурриётимдан (кўп фарзандларимни) намозни баркамол адо этувчи қилгин! Эй, Раббимиз! Дуоимни қабул эт!” (Иброҳим сураси, 450-оят).

Қуръони каримда фақат пайғамбарларнинг ўз фарзандлари ҳақига қилган дуоларигина зикр этилмаган, балки бошқа солиҳ зотлар ҳам ўз фарзандлари ҳақига дуо қилганлари айталган. Масалан, қирқ ёшга етган бир солиҳ инсон ҳам ўз фарзанди ҳақида шундай дуо қилган:

{.... وَأَصْلِحْ لِي فِي ذُرِّيَّتِي إِنِّي تُبْتُ إِلَيْكَ وَإِنِّي مِنَ الْمُسْلِمِينَ } الأحقاف/15

яъни: “...ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман”, – дейди” (Аҳқоф сураси, 15-оят).

Шунингдек, “Раҳмоннинг бандалари” деб васф қилинган кишилар ҳам ўз фарзандлари ҳақида доимо шундай дуо қилишлари айтилган:

{ وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا هَبْ لَنَا مِنْ أَزْوَاجِنَا وَذُرِّيَّاتِنَا قُرَّةَ أَعْيُنٍ وَاجْعَلْنَا لِلْمُتَّقِينَ إِمَامًا } الفرقان/74

яъни: “Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” – дейдиган кишилардир” (Фурқон сураси, 74-оят).

Ҳадис китобларида Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўз фарзандлари, набиралари ҳақларига дуо қилганлари, саҳобаларнинг ҳам ўз фарзандлари ҳақига хайрли дуо қилганлари ривоят қилинган. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг Саҳиҳ тўпламларида Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирадилар, у киши айтганлар:

( ضَمَّنِي رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ اللَّهُمَّ عَلِّمْهُ الْكِتَابَ )

яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мени бағирларига босиб: “Аллоҳим бунга Китобни таълим бергин”, деб дуо қилдилар.

Имом Бухорийнинг Саҳиҳларидаги яна бир ҳадисда Усома ибн Зайд разияллоҳудан ривоят келтирилади, Пайғамбар алайҳиссалом Усома ибн Зайд ва Ҳасанни қўлидан ушлаб: “Аллоҳим, мен бу иккисини яхши кўраман, Сен ҳам буларни яхши кўргин”, деб дуо қилар эдилар.

Қуръони карим ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг таълимотларидан чалғимаган умматнинг салафлари фарзандларини тарбиялаш борасида қанчалик ғайрат қилишларига қарамай, уларнинг хақига хайрли дуо қилишни асло тарк этмаганлар. Ривоят қилинишича, улуғ тобеинлардан саналмиш Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳи фарзанди Али ҳақига шундай дуо қилган эканлар:

اللهم إني اجتهدت أن أؤدب علياً فلم أقدر على تأديبه، فأدبه لي

яъни: Аллоҳим, мен ўғлим Алини одобли қилишга ҳарчанд ҳаракат қилдим, аммо қурбим етмади, бас Ўзинг менга уни тарбияли қилиб бер.

Ушбу дуонинг баракотидан Али ибн Фузайл раҳматуллоҳи алайҳи улуғ олим бўлиб етишдилар. Имом Насаий раҳматуллоҳи алайҳи Али ибн Фузайлни “Сиқа” (ишончли) “Маъмун” (омонатли), деганлар. Абдуллоҳ ибн Муборак: “Одамларнинг энг яхшиси Фузайл ибн Иёз, ундан ҳам яхшироғи ўғли Алидур”, деганлар. Суфён ибн Уяйна эса: “Мен Фузайлдан ва унинг ўғлидан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиган бирор кимсани кўрмадим”, деганлар.

Ҳозирги давримизда ҳам фарзандлари тарбияли, салоҳиятли бўлган қайси бир инсондан: фарзандингизнинг аҳли солиҳ бўлишининг сири нимада? – деб сўрасангиз, албатта, уларнинг ҳақига кўп дуо қилишини айтиши турган гап.

Шундай экан, фарзандларининг ҳолатидан шикоят қилаётган ота-оналарга тавсиямиз шуки, Аллоҳ таоло фарзандларингизни аҳли солиҳ бўлиши учун сизга катта имконият бериб қўйибди. У ҳам бўлса, уларнинг ҳақига яхши дуо қилмоғингиздир. Зинҳор, уларни қарғаманг, мудом хайрли дуо қилишдан эринманг. Зеро, ота-онанинг ўз фарзанди ҳақида қилган дуоси сўзсиз ижобатдир.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари

Ҳомиджон Ишматбеков 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

10.08.2026   13475   1 min.
 ЮЗДАН ЗИЁД ОИЛАГА КЎМАК БЕРИЛДИ

Сайёр йиғилиш

Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.

Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари