Отанинг ҳаққи, меҳри, муруввати онаникидан кам эмас. Буни ота бўлгач биламиз, фарзандимиз бемор бўлгач, сезамиз. Болаларимиз очликдан бироз қийналганда, отани эслаймиз. Оила бошлиғи бўлиш машаққат эканини рўзғор ташвишлари бўйнимизга тушгач, ҳис этамиз. Ота бўлиш ҳам шараф, ҳам масъулият, ҳам бурчдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота ҳақида бир гўзал ҳадис айтганлар:“Ота жаннатнинг ўрта эшикларидан. Хоҳласанг, уни очиб кириб ол, хоҳласанг, зое қил, яъни юзингга қарши ёпиб ол”, дедилар(Имом Термизий ривояти).
Набиййи муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннатда энг олий даражадаги эшик ўрта эшик экани, шу боис отанинг шу эшикка қиёслаяптилар.Ота – азиз зот, боласи учун жонини беришга тайёр.
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Саодат асрида бир йигит Пайғамбаримиз алайҳиссаломга отасидан шикоят қилиб келди. (Ажабланманг, азизлар. Афсуски, бугун отасидан шикоят қиладиганлар кўпайиб қолди. Бизнинг олдимизга ҳам баъзан падаридан норози нодонлар келиб туради.)Шикоятга қаранг: “Ё Расулуллоҳ, отам ментопган ҳамма молимни ишлатиб юборяпти. Бунга унинг ҳаққи борми?” деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Отангни чақириб кел”, дедилар. Ота бечора ўғли Расулуллоҳга шикоят қилганини сезди.(Тасаввур қилинг-а, дунёларга раҳмат Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўғил отасидан шикоят қилса-я?! Бу ота учун қанчалик ор).
Отаўғлига: “Сен кетавер, мен ортингдан етиб бораман”, деди. Ота шоиртабиат инсон экан. Йўл-йўлакай ўғлидан қаттиқ ранжиганидан шеър тўқиди. Лекин у фарзандини эҳтиёт қилиб, шеърни тилига ҳам чиқармади. Дилидан ўтказди, холос. Шу пайт Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига тушиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, сизга Аллоҳ таоло салом айтди. Ҳозир олдингизга бир мўйсафид одам келяпти. Ундан ичида тўқиган, аммо тилига чиқармаган нарсани айтиб беришини сўранг”, деди.
Ҳалиги одам келгач, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундан: “Ўғлингиз шикоят қиляпти, топган молу дунёсини – пулларини ишлатиб юборар экансиз”, дедилар. Ота: “Ё Расулуллоҳ алайҳиссалом, ўғлимдан сўранг-чи, унинг топганларини ўзим учун ишлатибманми? Ҳаммасини опа-синглисига, амма-холасига бердим-ку”, деди.
Шу гапдан сўнг Расулимиз алайҳиссалом: “Майли, қўяверинг. Сиз ҳозир келаётганингизда, ичингизда тўқиб, тилингизга ҳам чиқармаган нарсани айтиб беринг”, дедилар. Ҳалиги ота ҳайрон қолди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломга яна бир карра имон келтириб: “Сиз ҳақиқий Расулуллоҳ экансиз. Ахир, буни мен ҳатто тилимгаям ҳам чиқармаган эдим, қалбимдан ўтказгандим, холос. Қаердан билдингиз?” деб сўради. У зот: “Менга билдирилди”, дедилар.
Ҳалиги одам шеърни айтиб берди (фарзанди ёшлигида кўп касал бўлган чоғи, шуни эслади ота):
Боқдим сени жон болам,
Қалбим сурурга тўлиб,
Қувончга тўлди олам,
Улғайдинг йигит бўлиб.
Бўлдим кечалар бедор,
Сенга етганда алам,
Танда қолмади мадор,
Етди кўкларга нолам.
Гўё эдим мен бемор,
Бошга ёғилиб тошлар,
Қалбимга тўлди озор,
Кўздан тўкилди ёшлар.
Фироқ мени қўрқитди,
Чанг солиб сенга ўлим,
Дардлар мени йиқитди,
Минг титроқ тутди қўлим.
Дўстинг бўлиб алп ўғлон,
Камолга етиб аста,
Сўзларингдан юрак қон,
Бўлдим-ку болам хаста.
Қилдинг менга қўполлик,
Қалбимга бериб озор,
Кўзларимга боқдинг тик,
Маҳзунлик бўлди ҳазор.
Отаманми, ўғилми,
Бўлиб қолдим мен ҳайрон,
Ғамга тўлдирдинг дилни,
Юракни қилиб вайрон.
Ақли йўқ, нодон, дединг,
Шуми сендан кўрганим,
Кучсиз бир ожиз, дединг,
Устимдан кулди ғаним.
Нетай, менга дилбандсан,
Қилгум сенга яхшилик,
Ахир, менга фарзандсан,
Юз бурмайман душмандек.
Бу шеърни эшитиб, Набий алайҳиссалом йиғлаб юбордилар ва: “Сен ҳам, молу дунёинг ҳам отангники”, дедилар(Имом Абу Довуд ривояти).
Бутун борлиғимиз, бисотимиз отамизники. Ёшлар чуқур тафаккур қилишлари керак. Ота фарзандларини боқиш учун не куйларга тушмайди. Буни ота бўлиб, жўжабирдай болаларини вояга етказиш учун кечаю кундуз тиним билмай тиришаётганоталар билишади.
Азизлар, ота – ғанимат. Кўпчилигимизнинг оталаримиз ўтиб кетишди. Улар ҳозир қанча қидирсалар ҳам, оталарини топа олишмаяпти. Давлатманд, бой одамлар даста-даста пулларни кўтариб олиб, отасини ахтаришади. Хизматини қилмоқчи бўлишади. Лекин топа олмай, йиғлаб юрибди. Отаси борлар эсаохирги марта қачон қиблагоҳини зиёрат қилганини унутдилар.
Азизлар, она – меҳрибон, муштипар, боласини еру кўкка ишонмайди, жонидан ортиқ яхши кўради. Унинг пешонасидан ўпади, бошини силайди, эркалатади. Отабаъзан қаҳри қаттиқ кўринса-да, лекин у фарзандини онадан кам яхши кўрмайди.
Яқинда олдимга бир ота келди. У боласининг буйраги қуриб бораётганини, уни алмаштириш зарурлигини куйиниб гапирди.Тиббий амалиётга, бировнинг буйрагини сотиб олишга пули етмаслигини, шу боис ўзи ўғлига буйрагини бермоқчи эканини айтди. Аммо шифокорлар ўзи бемор бўлса-да, ўғлига буйрагиини тортиқ қилаётган отага: “Сиз жарроҳлик амалиётидан чиқмайсиз. Ўғлингизга буйрагингизни олиб қўямиз, лекин сиз яшамайсиз”, дейишаётган экан. Ота буйрагидан айрилишига ҳам, амалиётдан чиқмаслигига ҳам рози. Ўғли яшаса бўлди.
Ота:
– Ҳазрат, сизнинг олдингизга мен ўғлимга буйрагимни берсам, амалиётдан чиқмасам, ўз жонимга қасд қилиб қолган бўлмайманми? Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида гуноҳкор бўлиб қолмайманми? – деган саволларга жавоб топиш учун келдим. Ўлимдан қўрқмайман, болам яшасин.
Йиғидан ўзимни тўхта олмадим. Унга жавоб топиб бера олмадим. Ўзини ўзи ўлдирган бўлиб қолади десам, боласи турибди, “йўқ” дейишни ҳам, “ҳа” дейишни ҳам билмай қолдим. Фақат йиғлаб ҳақига дуо қилдим. Бирор донарни топинг, ўзингизни эҳтиёт қилинг, дейишдан нарига ўтолмадим.
Ўша кундан бери ичимда бир ғалаён кезиб юрибди. Наҳот оталар шунчалик меҳрибон бўлишса, боласи учун жонидан ҳам кечсая?!
Аммо, афсуски, ҳозир кўп ёшлар отасининг қадрига етмаяпти. Иш билан овора бўлиб, зиёратидан ҳам узоқлашиб қоляпмиз. Айниқса, бошқа вилоятда, бошқа туманларда яшайдиган отангиз телефон қилиб: “Болам, яхшимисан?” деса, билингки, отангиз ўша кечасизни соғиниб мижжа қоқмай чиқади. Олдида укам, акамларбор. Опа-сингилларим ҳолидан хабар олиб турибди, деб ўйлашингиз мумкин.Ҳар гулнинг ўз ҳиди бор. Ота ҳамма боласини соғинади.
Биродар, отангизнинг олдига боринг, ажин тушган юзларига қаранг, сочларига “ёққан паға-паға қор”ни кўриб тафаккур қилинг. У бу кўйга қандай тушиб қолганини ўйланг. Эртага қиёматда отамиз биз учун ўзини фидо қилганини айтганда, хижолат бўлиб қолмайлик. Бизни боқаман, деб шу ҳолга тушди.
Азизлар, ота – ғанимат.Биз қиблагоҳларимизни топа олмаяпмиз. Орамизда отаси ўтиб кетганлар бор. Улар минг армон билан: “Қанийди отам ҳаёт бўлса, қўлларини ўпар эдим”, деб орзу қилиб ўтиришибди. Бугун отаси ҳаётлар, жаннат дарвозаси борлар, шу дарвозадан кириб олинг. Бу дарвозани эртага топа олмай қолишингиз мумкин.
Аллоҳ таоло марҳум оталаримизни раҳматига олсин, маконларни жаннат айласин. Ҳаётда яшаётганларини саломат қилсин. Оталар – жаннат дарвозаси. Улар мана шу мақомга лойиқдирлар. Фарзандларингиз шу дарвозадан кириб олишсин. Отанинг қўлини ушлаб, Каъба олдида у зотнинг дуосини олиш – фарзанд учун дунёдаги энг катта бахт. Отани елкасида кўтариб, Каъбатуллоҳни тавоф қилдириш – чинакам саодат.
Бугун отаси борлар Каъбада у зотнинг қўлларини ушлаб, Арафотда ёнларида туриб дуоларини олсин. Бугун отаси ёнида бўлишини орзу қилаётган дўстларимизга Арафотда қиблагоҳи ҳақига дуо қилиш насиб этсин.
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Динимизнинг кўзга кўринган барча уламолари “жиҳод” сўзига қуйидагича таъриф берганлар:
“Жиҳод” сўзи луғатда инсон томонидан барча имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади.
Истилоҳда эса, дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимояси учун шариат рухсат берган йўллар билан амалга ошириладиган кураш ҳаракатларини англатади.
Шундан келиб, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак.
Таъкидлаш лозим, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол”, “ҳарб” сўзлари ишлатилади.
Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илм “мужтаҳид талаба” деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади.
Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улкан олимлар ҳам “мужтаҳид” деб аталган. Ундай кишилар шаръий илмларни равнақ топтириш ва тарқатишда жиҳод қилганлар.
Хулоса қилиб айтганда, “жиҳод” сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб, жиҳоднинг турлари кўп ва ўшаларнинг ичида душманга қарши жони, ватани ва динини сақлаш учун жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган.
Исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақидавий тортишув қилиб турган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло Фурқон сурасида қуйидаги хитобни қилади: “Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у(Қуръон) билан катта жиҳод қил!”.
Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаш заррача ақли бор одам учун қийин эмас.
Исломда жиҳод маъноси, аввало, уруш эмас, балки Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган ва бу маъно шу мавзуда асос бўлиб қолган.
Имом Термизий, Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таоло учун ҳавои нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир”, деганлар.
“Жомеъул аҳодис” китобида (Ж. 4. Б. 741) келтирилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
قَدِمْتُمْ مِنْ خَيْرِ مَقْدَمٍ نَ الْجِهَادِ الْأَصْغَرِ إِلَى الْجِهَادِ الْأَكْبَرِ مُجَاهَدَةَ الْعَبْدِ هَوَاهُ
“Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои-нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!” деганлар.
Бундан инсоннинг ҳавойи нафси йўлига кирмаслик, уни енгиб, шариатга мувофиқ яшаш учун жон-жаҳди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод экани, жиҳод бўлганда ҳам афзал жиҳод экани келиб чиқади.
Имом Бухорий ва бошқа муҳаддис олимлар ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
جَاءَ رَجُلٌ إلى النبيِّ صَلَّى اللَّهُ عليه وَسَلَّمَ سْتَأْذِنُهُ في الجِهَادِ فَقالَ: أَحَيٌّ وَالِدَاكَ قالَ: نَعَمْ قالَ: فَفِيهِما فَجَاهِدْ
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зотдан жиҳодга изн сўраб келди. Шунда у зот унга:
“Ота-онанг борми?” дедилар.
“Ҳа”, деди.
“Ундай бўлса, икковлари (хизмати)да жиҳод қил!” дедилар».
Демак, ота-онанинг хизматини қилиш ҳам жиҳод бўлиши мумкин.
Қолаверса, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар доим ишларни тинч йўли билан ҳал қилишга чақирганлар. У зот доимо можароли ҳолатларни чиройли ҳикмат билан ислоҳ қилганлари ва ўртада тинчлик ўрнатганлари билан машҳурдирлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом доимо инсонларни озор беришдан, бошқаларга зарар етказишдан қайтарганлар.
Мусулмоннинг қони ва моли ҳаромлиги, яъни тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, жони дахлсизлиги ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
فإنَّ دِمَاءَكُمْ وأَمْوَالَكُمْ وأَعْرَاضَكُمْ وأَبْشَارَكُمْ علَيْكُم حَرَامٌ كَحُرْمَةِ يَومِكُمْ هذا في شَهْرِكُمْ هذا في بَلَدِكُمْ هذا
“Зеро, сизларнинг қонларингиз, мол-мулкларингиз ва обрўларингиз бир-бирингизга худди ушбу (арафа) кунингиз, ушбу (Зулҳижжа) ойингиз ва ушбу (Маккаи мукаррама) шаҳрингиз ҳурмати каби ҳурматлидир (яъни, ўзганинг қонини тўкиш, норози қилиб молини олиш ва обрўсини тўкиш ҳаромдир)” (Имом Муслим ривояти).
Нафақат, мусулмонни балки, бошқа диндаги кишиларни ҳам ноҳақ ўлдириш Исломда катта гуноҳ ва оғир жиноят ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
مَنْ قَتَلَ مُعَاهَدًا لَمْ يَرَحْ رَائِحَةَ الْجَنَّةِ وَإِنَّ رِيحَهَا لَيُوجَد مِنْ مَسِيرَةِ أَرْبَعِينَ عَامًا
“Ким бир муоҳадни (мусулмонлар билан ўрталарида аҳд бўлган ғайридин кишини) ноҳақ ўлдирса, у жаннатнинг ҳидини ҳам тополмайди. Ҳолбуки, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида:
الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى اللهُ عَنْهُ
“Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан четланган инсон ҳақиқий ҳижрат қилувчидир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса бундай келади:
عَنْ أُمِّ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ أَوْصِنِي قَالَ اُهْجُرِي الْمَعَاصِي فَإِنَّهَا أَفْضَلُ الْهِجْرَةِ وَحَافِظِي عَلَى الْفَرَائِضِ فَإِنَّهُ أَفْضَلُ الْجِهَادِ وَأَكْثِرِي مِنْ ذِكْرِ اللهِ فَإِنَّكِ لَا تَأْتِينَ لِلَّهِ بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ كَثْرَةِ ذِكْرِهِ.
“Умму Анас розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан насиҳат қилишни сўрайдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”, дейилган (Имом Табароний ривояти).
Машҳур аллома Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ “жиҳод”ни нотўғри талқин қиладиганларга раддия сифатида ёзган “ал-Жиҳод фил Ислом” номли китобида бундай деган: “Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги Ислом туғилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукмлари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва шаръий ҳужжатларга бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг таассубидан ёки шаҳвату ҳавойи нафсидан келиб чиқади”.
Жанг асосида олиб бориладиган жиҳод икки қисмдан иборат:
1. Талаб жиҳоди – фарзи кифоя. У ҳозир йўқлигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки ҳозирда давлатлар ўртасида ўзаро тинчлик битими мавжуд бўлиб, урушмасликка келишилган.
2. Мудофаа жиҳоди – фарзи айн. У душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Маълумки, жиҳоднинг ўзига яраша қоидалари бор. Биринчидан, жиҳодга сафарбар қилиш учун “Халифа” бўлиши лозим. Ваҳоланки, халифалик масаласи тарихда қолгани барчага маълум.
Қолаверса, жиҳод жорий бўлиши учун умматнинг ижмоси ҳам талаб этилади. Булар чақираётган “жиҳод”га Ислом умматининг деярли барчаси қарши экани кундек равшан.
Демак, ҳозирги кунда мазкур кўринишдаги жиҳодга чақираётганларнинг чақириқлари ҳеч қандай асосга эга эмаслигини англаб олмоқ лозим бўлади. Зеро, мен жиҳод қиламан деб ўзга юртларда бегуноҳ инсонларга қарши қурол кўтариб, уларнинг тинчлигига рахна солиб, қотиллик қилаётган ёки ўзи ўлса, шаҳид эмас, балки жоҳилият ўлимида ўлиб кетиш эҳтимоли мавжуд.
Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким номаълум байроқ остида жанг қилса ва бу йўлда ўлдирилса, демак, у жоҳилият ўлимини топибди”, деганлар.
Ким номаълум байроқ остида, у байроқ кимнинг қўлида эканини, унинг мақсади қандайлигини билмаган ҳолда жанг қилса ва шу йўлда ўлса, у жоҳилиятда ўлгандек бўлади.
Динимиз ҳатто уруш остида бўлган ва душман ерида яшаган, лекин жанговорлик сифатига эга бўлмаган инсонларнинг ўлдирилишига ҳам рухсат бермайди. Жиҳодга чақираётганларнинг аксарияти халқи мусулмон бўлган ўлкаларда бегуноҳ инсонлар ўлдирилаётган, нишонга олинаётган ҳужумларга шаръан рухсат кўзи билан қараши жуда ачинарлидир.
Нисо сурасида бир мўмин кишини қасддан ўлдирганлар жаҳаннам азобига дучор бўлиши хабар берилган.
﴿وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا﴾
“Ким бир мўминни қасдан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёнинг йўқ бўлиб кетиши Аллоҳ наздида бир мўминнинг ноҳақ ўлдирилишидан кўра енгилроқдир” деб бу жиноятнинг оқибати қанчалик ёмон эканига ишора қилганлар (Ибн Можа ривояти).
Бузғунчи тоифалар ўзларига тегишли веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда “шаҳидлик”, “жиҳод”, “ҳижрат”, “такфир”, “халифалик” каби тушунчаларни бузиб талқин қилиши натижасида айрим ёшларни ўзларининг тузоқларига илинтиришга муваффақ бўлаётгани ачинарли ҳол, албатта.
Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ айнан низоли ҳудудларнинг ичида бўлган ва террорчилар хусусида бундай деган: «Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш” дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бор иш” дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. У зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?!».
Динимизда бегуноҳ инсоннинг қонини тўкиш бузғунчиликнинг энг қабиҳи, катта қабоҳат ҳисобланади. Ислом ҳатто чумолига ҳам озор беришдан қайтаради. Бундай ваҳшийликни қилаётганлар диндорлик ҳақида қанча лоф урмасин, қилган ёвузликлари бу даъволари сохта эканини фош этмоқда.
Баъзи олимлар жиҳодни уч турга бўладилар:
1. Бадан билан, яъни ҳар қандай ҳарбий воситалар билан ватан, миллат-дин ва халқ ҳимояси учун кофир-душманларга қарши жиҳод қилинади. Бу жиҳодни фақат давлат раҳбарларигина амалга оширади, бошқариб боради. Ҳозир, минг афсуски, кўплаб мусулмонлар жиҳод деганда фақат шу – давлат зиммасидаги вазифани тушунади, холос.
2. Оммавий ахборот воситалари ороқали Исломни инсониятга етказиш. Бу тур жиҳодни уламолар қиладилар. Уламолардан маҳрум замонларда яшаган оддий мусулмонларнинг, миссионерлар ва бидъат аҳлининг ҳужумларидан ҳимояланиш учун аввал яшаб ўтган аҳли сунна олимларининг асарларини, насиҳатларини китоблар орқали, оммавий ахборот воситалари ва нашрлар орқали бутун дунёга тарқатишлари, эшиттиришлари керак.
Исломнинг ички ва ташқи душманларининг бузғунчи, ёлғон ва сохта ташвиқотларига қарши курашишда аҳли сунна вал жамоа олимлари эътироф этган диннинг соф таълимотини ёйишдаги услуб бугунги кунда ҳам долзарб ҳисобланади.
3. Дуо билан қилинадиган жиҳод. Бу жиҳод умумий тарзда барча мусулмонларга ҳамиша фарзи айндир. Юқорида келтирилган жиҳод турлари фарзи кифоядир. Шу учинчи жиҳодга бепарво бўлиш катта гуноҳдир.
Жиҳод – инқилоб қилиш, амирларга, бошлиқларга қарши чиқиш ва исён қилиш, бузиш, синдириш-қийратиш, портлатиш ва вайрон қилиш дегани эмас. Бундай ҳаракатлар фитна бўлиб, Ислом ва бошқа мусулмонлар учун кулфат келтиради. Мусулмонларнинг эзилишига, ҳибсга тушишига ва дин, иймон илмларининг тақиқланишига йўл очади.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси