Маккадаги “Масжидул Ҳаром” зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун интеллектуал технологиялар, жумладан, сенсор экранли роботларни тақдим этмоқда, деб хабар бермоқда “Сауди Пресс” ахборот хизмати.
Тўрт ғилдиракли робот ҳожиларнинг ҳаж амалларини бажаришига ёрдам беради, йўл-йўриқ кўрсатади ва саволларига жавоб беради.
Роботлар тезкор таржимон бўлиши билан бирга, зиёратчилар билан масофавий алоқани амалга оширади.
Масофадан бошқариладиган сунъий интеллект 11 тилда, жумладан араб, инглиз, француз, рус, форс, турк, хитой, бангал ва ҳауса тилларида ҳаж амаллари ҳақида маълумотлар бера олади.
Мазкур ускуна 21 дюймли сенсор экранга эга бўлиб, у ташриф буюрувчиларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишда ҳам қўлланилади.

ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати