Эрга итоат этиш ва Аллоҳ таоло ғазаб қилмайдиган ўринда уни рози қилиш аёл кишининг жаннатга киришига сабаб бўлади. Жуда ҳам кам кишилар аёлидан рози ҳолда эканини кўрасиз, агар аёл киши эрининг ҳақларини тўлиқ билганида эди, таомларини тайёрлаб, хизматини қоим қилмагунича ҳатто ўтирмас эди.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Қайси аёл эрини рози қилган ҳолида вафот этса, жаннатга киради" (Имом Термизий ривояти).
Эрнинг розилиги аёл кишининг динини тўртдан бири ҳисобланади.
Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом айтдилар: "Аёл киши беш вақт намозини адо қилса, рамазон рўзасини тутса, фаржини гуноҳдан сақласа ва эрига итоат қилса унга: Жаннатга хоҳлаган эшигингиздан киринг дейилади" (Имом Аҳмад ривояти).
Доктор Муҳаммад Ротиб Ан-Набулусий маърузасидан Муҳаммад Юнус Муҳаммад Мусо ўғли таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жамиятда инсонларнинг аксарияти болаларни четга суришади. Айтайлик, улар бирор нарса сотиб олмоқчи ёки сотмоқчи бўлишса, сотувчи ҳам, сотиб олувчи ҳам уларга эътибор бермайди. Ҳеч ким уларга аҳамият бермайди, гўёки уларнинг қўлидан ҳеч қандай иш келмайди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир болага алоҳида аҳамият берардилар.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сув келтиришди. У зот алайҳиссалом ундан ичдилар. Набий алайҳиссаломнинг ўнг томонларида 10 ёшли Ибн Аббос, чап томонларида эса Абу Бакр Сиддиқ ва яна бошқа катта саҳобалар розияллоҳу анҳум ўтиришган эди. Аслида ичимлик ичишни ўнг томондан бошлаш суннат саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қараб: "Буни Абу Бакрга узатишимга изн берасанми?" деб рухсат сўрадилар. 10 яшар Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: "Ҳаргиз ундай қила олмайман. Сиздан бўлган насибамни бирор кишига раво кўрмайман. Мен Сиздан кейин ичишни истайман", деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини болакайнинг қўлига қўйиб, бу нарса унинг ҳаққи эканини билдириб қўйдилар. Яъни болакай ёш бўлишига қарамай ўз навбатида сув ичди.
Давоми бор...
Даврон НУРМУҲАММАД