Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги,озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи — мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.
Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба козонган спортчиларимиз шарафига Юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис киламиз.
Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгидир. Республикамиз давлат рамзлари халқимизнинг шон- шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир. Республикамиз давлат байроғидаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида мужассамлаштирган.
Байрокдаги мовий ранг — унинг остида барча миллатлар турли хил хавф-хатарлардан холи, эмин-эркин ҳолда аҳил-иноқ яшаб келаётган мусаффо осмонимиз ҳамда оби ҳаёт рамзидир. Байроқдаги оқ ранг – давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлиги рамзидир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодлик тимсоли ҳисобланади.
Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.
Ҳақиқатдан ҳам, ҳаётимизда рамз ва тимсолларнинг ўрни катта. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган эди. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади. Тўмарис, Спитамен, Темур Малик, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби ўнлаб саркардалар ҳаёти ҳам бугун авлодларимизга катта ибрат. Аслида Ватан байроғини кўзга суртиш, уни тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонини фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир.
Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз ёдда тутишимиз шартдир.
Одилжон Нарзуллаев
Янгийўл тумани «Имом Султон»
жоме масжиди имом-хатиби
Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган. Йиллар ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг “Исро” сураси, 12-оятида шундай зикр қилади: “Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз”. Улуғ муфассирларимиз мазкур оятнинг “йиллар саноғини” қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), “йиллар ҳисобини” қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса, деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилиб, фатво ёзиб қолдирганлар.
Халқимизнинг “Ҳамал кирди – амал кирди” деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири – Ҳамалга кириши билан “Наврўз”, яъни “Янги кун”, у билан бирга эса янги фасл – баҳор кириб келади. Деҳқонларимиз бу имкониятдан фойдаланиб, эрта баҳордан пок ниятлар билан ерга уруғ қадайдилар.
Улуғларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан, Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, “Фатовои заҳирия”да шундай дейилади: “Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик мақбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур”.
Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илм соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш Ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканлигини таъкидлашган. Улуғ мутасаввиф Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза “Ал-Муҳит ул-бурҳоний фил-фиқҳ ан-нуъмоний” қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган. Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган. Жумладан, Ҳамал ойини – бурж шакли ҳомиладор қўйга ўхшагани учун Ҳамал деб, Савр ойини – юлдузлар туркуми ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр деб аташган.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўн икки йил давомида кетма-кет бир-бирига ўрин алмаштириб келадиган мучал тушунчаси аслида “мўлжал” сўзидан олинган. Ўн икки йил давомида осмон жисмларининг жойлашиши қандай шаклни беришига қараб, йилларга мучал номлари берилган.
Жумладан, юлдузлар туркумининг сичқонга ўхшаши йилнинг сичқон йили, сигирга ўхшаши сигир йили ва ҳ.к. деб номланишига асос бўлган.
Уламоларимиз мана шу ўн икки йилга ўн икки мақом берилганлиги махсус ҳужжат билан тасдиқлашган. Жумладан, Зайниддин Маҳмуд Восифий (ваф. 1554 й.) “Бадоеъ ул-вақоеъ” (Ажойиб воқелар) номли асарида мучал ҳақида нодир қайдлар ёзиб қолдирган.
Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Наврўзнинг яратилишига оид қимматли фикрларни келтиради. Бу фикрларнинг диққатга сазовор томони шундаки, аллома Наврўзни коинот ва олам билан бир бутунликда таърифлайди.
Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Уйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, ол, сариқ, кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди”.
Наврўз ҳақидаги фикрлар, афсона-асотирлар турлича бўлишига қарамай, бунёдкорлик, эзгулик, яшариш ва обод этиш каби умумбашарий, муштарак ғоялар уларни боғлаб туради. Зотан, Наврўз бутун инсоният учун уйғониш ва янгиланиш айёмидир.
Абдулғафур домла Раззоқов,
Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом-хатиби