Намоз Ислом динининг устунидир. Мусулмоннинг хужжатидир. Қулликни ифодасидир. Намоз бу шунчаки одатга айланиб қолган кундалик вазифа ҳам эмас. Намоз мусулмон кишининг нафақат охиратини, балки, дунёсини ҳам обод қиладиган, ҳаётини, яшаш тарзини тартибга соладиган илоҳий кўрсатмадир. Намоз қиёмат кунида бандадан энг аввало ҳисоби сўраладиган фарз амалдир.
Ҳақиқий намозхон киши эса ўз ҳаётини Роббисининг розилиги билан мувофиқ қилиб олган, Аллоҳ таоло буюрган намоз ибодатини бекаму кўст адо қиладиган, намози уни турли туман фахш ва ёмон амаллардан тўсиб турадиган кишидир.
Намозхонларга дунёда ҳам, охиратда ҳам жудаям кўп яхшиликлар ваъда қилинган. Дунёдагиси ҳаловат, барака ва ҳоказолар бўлса, охиратдагиси баланд даража, енгил ҳисоб китоб ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигидир.
Бироқ, шундай намозхонларни кўрамизки, уларнинг намозлари фақатгина маълум бир вақтда, маълум жойларда, бир хил ҳолатдаги ҳаракатларни бажаришдангина иборат бўлиб қолганга ўхшайди. Ўқиётган намозининг асари ҳаётида акс этмайди. Кийинишида, муомаласида ва ўзгалар билан бўладиган олди-берди ёки бошқа муомаласида кўринмайди.
Хўш, Аллоҳ таоло таърифлаган, мақтаган намоз ўқигувчини қандай сифатларга эга бўлиши керак. Аллоҳ таоло жаннатларда ваъда қилган даражотларга, мукофотларга эга бўлиш учун намозхон қандай бўлиши керак? Намозхон фақат ибодат чоғида мўмин бўлиши керакми? Бу саволларнинг жавобини ҳам Роббимизнинг каломидан қидирамиз. Аллоҳ таоло айтади:
“Дарҳақиқат инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир. Қачон унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса у ўта манъ қилгувчи – бахилдир. Фақат намоз ўқигувчи зотлар (яъни мусулмонларгина ундоқ эмасдирлар)ки. Улар намозларида доим – барқарор бўлгувчи зотлардир. Улар (топган) мол-мулкларида сўрагувчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ (яъни закот) бўлган зотлардир. Улар жазо — Қиёмат кунини тасдиқ этадиган зотлардир. Улар Парвардигорларининг азобидан қўрқувчи бўлган зотлардир. Зотан Парвардигорларининг азоби (ҳеч ким учун) бехатар эмасдир (яъни ҳеч кимнинг «Менга Аллоҳнинг азоби тушмайди», деб хотиржам бўлишга ҳаққи йўқдир). Улар авратларини (ҳаромдан — зинодан пок) сақлагувчи зотлардир. Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўриларидангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар. Энди ким бундан ўзгани (яъни, зино ва шу каби шариати Исломийяда ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчи кимсалардир. Улар (яъни мўмин-мусулмонлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва (ўзгаларга) берган аҳд-паймонларига риоя қилгувчи зотлардир. Улар ўз гувоҳликларини тўғри-холис адо қилгувчи зотлардир. Улар намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишдан) сақлагувчи бўлган зотлардир. Ана ўшалар жаннатларда ҳурмат иззат кўргувчидирлар”. (Маъориж сураси 19-35-оятлар)
Хулоса: Аллоҳ таоло мақтаган, яхши кўрган, жаннатларда улкан даража ва мақомлар ваъда қилинган ҳақиқий намозхон:
Мана шу зикр қилинган сифатларга эга бўлган намозхонлар “жаннатларда ҳурмат иззат кўргувчидирлар”. Шундай экан, ўқиётган намозларимиз ахлоқимизни ҳам ислоҳ қилсин. Кишилар бизни намоз ўқиётганимизни кўриб эмас, балки бизда мавжуд бўлган ушбу гўзал сифатлар орқали намозхон эканимизни билсин. Ахлоқсизлигимиз ва беодоблигимиз сабабли, намоз деган ибодатга нисбатан нолойиқ фикрлар, намозхонга нисбатан салбий муносабатлар билдирилишига сабабчи бўлиб қолмайлик.
Зеро, Роббимиз айтганидек: “Албатта, намоз фахш ва мункр ишлардан қайтаради”. (Анкабут сураси, 45-оят)
Олмазор туманидаги “Мевазор” жоме масжиди имом ноиби Ёрбек Исломов
Абу Умома ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлими тўсиб туради", деганлар (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, келаси намозгача у (банда) Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Имом Табароний ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД