АҚШнинг Техас штатидаги Хьюстон шаҳри шу йил 12 декабрь куни VIII ислом санъати фестивалини ўтказишга мезбонлик қилади. Унда Техас шаҳридаги “Ас-Салом” масжидида жонли равишда бўлиб ўтади. Барча хоҳловчилар фестивалга масофадан туриб иштирок этиши мумкин.
Фестивалда АҚШнинг турли вилоятларидаги ҳунармандлар томонидан ишланган санъат асарлари намойиш этилади. Унда ташриф буюрувчилар ўзлари ёқтирган асарларни сотиб олиши мумкин.
Техас штатининг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтадиган VIII ислом санъати фестивали доирасида болаларга хаттотлик ва бошқа ислом санъатларини ўргатиш бўйича махсус дарслар ташкил этилади.
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати