Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Декабр, 2025   |   11 Жумадул сони, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:06
Қуёш
07:30
Пешин
12:17
Аср
15:13
Шом
16:58
Хуфтон
18:16
Bismillah
02 Декабр, 2025, 11 Жумадул сони, 1447

Олис ҳудудларда масжидлар бунёд этиш ишлари давом этмоқда

28.11.2020   5636   3 min.
Олис ҳудудларда масжидлар бунёд этиш ишлари давом этмоқда

Айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан юртимизнинг чекка ҳудудларидаги масжидларни таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Ушбу хайрли ишларда саховатпеша ҳамюртларимиз имконият доирасида ҳомийлик қилмоқда. Ушбу кўмаклар билан масжидлар барпо этилиб, намозхонлар учун шароитлар муҳайё қилинмоқда.
Мана шундай жомелардан Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” ва Навоий вилояти Нурота туманидаги “Чуя” қишлоғида янги қад ростлаётган масжидларидир. Ҳозирда ушбу масжидларда ташқи ва ички пардозлаш ва безак бериш ишлари давом эттирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонларидан ушбу жомеларни аҳоли учун энг қулай бўлган ҳудудда қуриш юзасидан муҳим тавсиялар берилган эди. Шунга мос равишда мазкур жоме масжидларни маҳаллий аҳоли учун энг қулай минтақада бунёд этиш ишлари бошланган ва айни кунларда ҳам давом эттирилмоқда.
Ўтган куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Навоий вилояти Нурота туманидаги “Чуя” жоме масжидига 6 тонна ички ва ташқи сувоқ хом-ашёлари, 20 литрли 45 дона сувоқ-бўёқлари, Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжидига 3 тонна ички ва ташқи сувоқ хом-ашёлари, 20 литрли 25 дона сувоқ-бўёқлари каби қурилиш материаллари жўнатилди.
Шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча инсонларнинг ҳақига дуо хайрлар қилинди. Жумладан, масжид барпо этилишига жуда катта ҳисса қўшаётган инсонлар, қурувчи-муҳандислар, саховатпеша кишилар ва жой ажратиб берган мурувватли инсонларнинг ҳақларига кўпдан-кўп дуолар қилинди.
Дарҳақиқат, Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани мўътабар манбаларда баён этилган. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимиз масжидлар биносини янгидан барпо этиш ишларида фаол иштирок этмоқдалар.
Олийҳиммат инсонларимиз сабаб диёримиздаги масжидлар мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам бўлмоқда, хонақоҳлари кенг ва ёруғ қилинмоқда, атрофлари обод ва кўркам этилмоқда ҳамда қурилиш ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб борилмоқда.
Аллоҳ таоло мана шундай жомеларни халқимизга муборак айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ихтилоф ҳалокатга сабаб бўлади

02.12.2025   106   6 min.
Ихтилоф ҳалокатга сабаб бўлади

(Бир ҳадис шарҳи)

Баъзан одамлар Қуръоннинг турли қироатларини эшитганда, ўзи билмай туриб, уларни хато деб баҳолайди. Оқибатда тортишувлар юзага келади.

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали нозил қилинган. Аллоҳ таоло араб қабилаларининг англаши енгил бўлиши ва Китобнинг илоҳий мўъжизалигини намоён этиш учун уни бир неча ҳарфда (қироатда) нозил қилган.

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ رضى الله عنه قَالَ: سَمِعْتُ رَجُلاً قَرَأَ ، وَسَمِعْتُ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم يَقْرَأُ خِلاَفَهَا فَجِئْتُ بِهِ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم فَأَخْبَرْتُهُ فَعَرَفْتُ فِى وَجْهِهِ الْكَرَاهِيَةَ وَقَالَ: كِلاَكُمَا مُحْسِنٌ ، وَلاَ تَخْتَلِفُوا ، فَإِنَّ مَنْ كَانَ قَبْلَكُمُ اخْتَلَفُوا فَهَلَكُوا.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир кишининг қироат қилаётганини эшитдим. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у (оят сўзлари)ни бошқача қироат қилаётганларини эшитган эдим. Шунда уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб бориб, у зотга бор гапни айтиб бердим. Шу пайт юзларида норозиликни пайқадим. У зот:  “Иккингиз ҳам тўғри қилгансиз. Ихтилоф қилманг, чунки сиздан олдингилар ихтилоф қилиб, ҳалокатга учраган”, дедилар” (Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу бир одамнинг – баъзилар Убай ибн Каъб деган – Қуръон оятини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаган қироатига ўхшамаган тарзда ўқиётганини эшитган. Иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қироатда ўқитганларини даъво қилиб, тортишиб қолган. Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ўша одамни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб борган. Ҳар бири у зотга ўрганган қироатида тиловат қилиб кўрсатган. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Иккингиз ҳам тўғри қилгансиз”, деганлар. Яъни, иккингиз ҳам тўғри ўқидингиз, икки қироат ҳам жоиз. Сўнг огоҳ этиб: “Ихтилоф қилманг, чунки сиздан олдингилар ихтилоф қилиб, ҳалокатга учраган”, деганлар. Яъни, аввалги қавмлар оғир оқибатга олиб борадиган ихтилофларга берилиб кетган. Бу ихтилофлар нафс истакларига кўра муқаддас китоблардаги сўзларни ўзгартиришгача бориб етган.

Шариат иттифоқ ва бирликка даъват қилади, тафриқа (фирқаланиш) ва бўлинишни қаттиқ ман этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўё бундай демоқдалар: Қуръонни ўқинг ва маъносига мувофиқ бирликда бўлинг. Қандайдир шубҳа келиб чиқиб, ихтилофга олиб борса, ўша шубҳани йиғиштиринг ва одамларни бирликка етаклайдиган очиқ маънога қайтинг. Илгариги умматлар каби ҳалокатга элтувчи ихтилофга тушманг.

Қуръон қироатида ихтилоф қилиш мумкин эмас. Чунки ҳар бир қироат Аллоҳдан нозил қилинган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан ўргатилган. Қироатдаги рухсат берилган турлилик Қуръоннинг маъносига дахл бермайди. Демак, Қуръоннинг бир ояти ё сўзи бир неча қироатда ўқилиши мумкин. Улардан бирортасини инкор қилган киши Қуръонни инкор қилган бўлади.

Ихтилофнинг олдини оладиган яна бир чора – етарлича илм олмаган киши Қуръон ҳақида, жумладан, қироат тўғрисида ўз фикри билан сўз юритиши мумкин эмас. Қуръон қироати суннат билан собит бўлган. Шунинг учун баҳсталаб вазият юзага келганда ўзаро тортишмасдан, илмлироқ кишидан сўраш лозим.

Маълумки, Қуръони карим исломнинг бошланғич даврида ҳижоз шевасига (Макка, Мадина ва Тоиф аҳолисининг лаҳжасига) мос ҳолда нозил қилинган. Ҳудайбия сулҳидан сўнг турли араб қабилалари исломга кира бошлади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта Аллоҳдан одамлар учун Қуръонни турли лаҳжа ва шеваларга мос ҳолда ўқишни енгил қилишни сўраганлар. Турли араб қабила ва уруғлари ўз шевасига ғурур билан боғланган эди, шунинг учун бу енгиллик уларга Қуръон маъноларини яхшироқ англаш имконини берарди. Аллоҳ таоло у зотнинг илтижосидан ҳам ортиқроқ енгиллик инъом этиб, Қуръони каримни етти ҳарфда нозил қилди.

Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил менга (Қуръонни) бир ҳарфда ўқитди. Мен ундан зиёда қилишни сўрайвердим, ниҳоят, етти ҳарфга етди”, дедилар” (Бухорий ва Муслим ривоят қилган).

“Ҳарф” – қироат илми истилоҳида бирор сўзнинг муайян шаклларда ўқилиши. Шунингдек, умумий бир услубда ўқиш ҳам “ҳарф” дейилади. “Етти ҳарф” ҳақида уламолар турли фикрларни айтган. Баъзилар етти ҳарфдан мурод ўша пайтдаги араб лаҳжаларига мослик бўлганини таъкидлаган. Айримлар буни қироатдаги ихтилоф (турли жоиз шакл)лар етти туркумга бўлиниши билан изоҳлаган. Бошқалар айнан муайян адад эмас, балки кўплик, яъни бир неча турдаги қироат назарда тутилганини айтган. Яна баъзилар етти қироатнинг айнан ўзи эмаслигини айтган.

Умуман, бу ҳақда қирқдан зиёд фикр айтилган. “Ҳарф” нима экани ҳақида бирор ҳадис ё ривоят йўқ. Шунинг учун алломаларнинг фикрлари ижтиҳодий саналиб, умуман олганда, Қуръон калималарини ўқишдаги турлилик маълум ва машҳур, энг муҳими, мумкиндир. Бу бирор ихтилофга асос бўлмаслиги керак.

Бу – Қуръоннинг ҳар бир сўзи турлича ўқилади ва ҳар ким, ўз хоҳишига кўра, сўзларни ўз лаҳжасидаги маънога ўзгартириши мумкин, дегани эмас, албатта. Қайси турда бўлса ҳам, қироат фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тингланган ва у зот ўқиб берган шакллардан бирига мос бўлиши керак.

Демак, илмли мутахассис (қори) биз одатланган, ўқиб-ўрганган, ўзимиз анъанавий ҳисоблаган қироатдан фарқли тарзда тиловат қилса, бу хато эмас, саҳиҳ ривоят асосидаги қироат бўлади. Унинг ҳарфи – биз одатлангандан бошқача, холос.

Қироат бобида “тўғри-нотўғри” деб тортишиш илмсизлик оқибати бўлиб, бу хусусда тортишиш фитнага, фитна эса ҳалокатга олиб боради. Шунинг учун мўмин киши қироатлардаги фарқни инкор этмаслиги, балки уни Аллоҳнинг ҳикмати сифатида қабул қилиши керак экан.

Қодирхон МАҲМУДОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

МАҚОЛА