Мақолалар

Инсоннинг бу дунёси қандай бўлса охирати ҳам шундай бўладими?

Cавол: Инсоннинг бу дунёси қандай бўлса, (бахтли ёки бахтсиз) охирати ҳам шундай бўлади деб эшитдим. Шу тўғрими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бу масала “бахт” сўзини қандай тушунишга боғлиқ. Кўпчилик инсонлар “бахт” деганда дунё ҳаётида бекаму кўст яшашни тушунадилар. Ваҳоланки, оят ва ҳадисларга мурожаат қилсак, унда “бахт ва бахтсизлик”  асосан иймон ва куфр масаласига боғлиқ маънода келтирилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда бундай марҳамат қилади: “У кунда фақат Аллоҳ изн берган кишиларгина гапира олурлар. Улардан бахтсизлар ва бахтлилар бордир” (Ҳуд сураси, 105-оят).

Муфассир уламоларнинг таъкидлашича “бахтлилар” иймон билан ўтган мўминлардир. “Бахтсизлар” эса куфр узра вафот топганлардир. Аллоҳ сақласин.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис мазмунига кўра инсон ҳали ҳомила ҳолатида унга руҳ ато қилингандан сўнг фаришталарга унинг тўрт нарсасини ёзишга буйруқ берилади:

  1. Ризқи.
  2. Ажали.
  3. Амаллари.
  4. Унинг бахтли ёки бахсизлиги.

Шу каби асослардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, дунёда моддий ҳолати қандайлигидан қатъи назар иймон билан яшаб ўтганлар дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтлидирлар. Дунёда куфрни танлаб, куфр билан ўтганлар ҳар икки дунёда бахтсиздирлар. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

Read 524 times

Мақолалар

Top