muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 07 Февраль 2022 00:00

Регистонга 2021 йили қанча сайёҳ келган?

Самарқанднинг бетакрор тарихий обидаларидан бири – Регистон майдони вилоят миқёсида 2021 йил давомида энг кўп сайёҳларни қабул қилган қадамжо бўлди.

Маълумотларга кўра, ўтган йилда мазкур мажмуага 750 минг нафарга яқин сайёҳ ташриф буюрган. Пандемия бўлишига қарамай йил давомида 73 мингга яқин хорижликлар Регистон майдонини кўриш истагида Шарқ гавҳари - қадим Кентга ташриф буюришган. Айни пайтда мажмуа мутасаддилари жорий йилда ушбу кўрсаткичларни ошириш борасидаги чора-тадбирлар билан банд, хабар бермоқда ЎзА.

– Туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш борасида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, - дейди “Регистон” ансамблини таъмирлаш ва ундан фойдаланиш дирекцияси директори Хонқул Самаров. – Биз ҳам ушбу чора-тадбирларга ҳамоҳанг тарзда Регистонга кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш борасида ўз имкониятларимиз доирасида тегишли ишлар устида ишлаяпмиз. Жумладан, бугунги кунда мавсум олди тарғибот материалларни кенг тарғиб этиш ишларини бошладик. Яқин кунларда Регистон майдони тарихи, мавжуд ҳолати, бу ердаги шароитлар, мавсум давомида сайёҳлар учун ташкил этиладиган дастурлар ҳақидаги видеоролик тайёрлаб, ўзбек, рус инглиз тилларида интернет тармоғидаги саҳифаларимизга жойлаштирамиз.

Шунингдек, мавсум давомида сайёҳларга, айниқса, хорижлик сайёҳларга миллий урф-одатларимиз, миллий куй-қўшиқларимиздан тузилган концерт дастурларини туҳфа этиш бўйича вилоят маданият бошқармаси билан ҳамкорликда дастурлар тайёрланмоқда. Бундан ташқари, вилоятдаги мавжуд театрларнинг репертуарларини бевосита мажмуада намойишини ташкил этишни режалаштираяпмиз. Умуман олганда, жорий мавсумни янада самарали ўтказиш, сайёҳларни мамнун қайтишини таъминлаш борасида изланишдамиз.

Юртимизнинг ташриф қоғози айланган кўҳна ва боқий Самарқанднинг бетакрорлигини таъминловчи асосий обида ҳисобланган Регистон майдони бундан кейин ҳам оҳанрабодек хорижликларни ўзига жалб этишда давом этади, албатта.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

— Қуёш қайси томонга ботса, шу томон қиблага тўғри келади, деб эшитганман. Бу гап қанчалик тўғри ё нотўғрилигини билмайман. Ўзи қибла қандай аниқланади?

— Бизнинг диёрларда одатда қибла қуёш ботиш тарафда бўлади. Географик жойлашувимиз шуни тақозо қилади. Ўзбекистонга нисбатан қибла жануби-ғарб томондадир. Қуръони карим ҳукми билан Каъба тарафга юзланиб ўқишга амр бўлди. Масжидул Ҳаромдаги кишилар Каъбанинг ўзига, бошқа жойдагилар эса Каъба бор тарафга юзланиб намоз ўқийдилар. Шунинг учун тўрт томондан Каъба жойлашган томонга қараб ўқилса, намоз адо бўлади. Агар меҳроб Каъба томондан 45 градусгача ўнг ё чап томонга бурилган бўлса, билатуриб ўша томонга қараб намоз ўқиш жоиз. Агар 45 градус ёки ундан ошиб кетса, Каъба томонига юзланмагани учун намоз жоиз бўлмайди. Бизнинг мазҳабимизда қибла томонга қараб ўқиш фарз, айнан Каъбага қараш шарт эмас. Баъзилар кеч кузда қуёш ботишини ҳисобини ҳам қилишган.

 

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

Бугунги кунда ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи саҳифаларини ёритишга ёрдам берадиган бир талай ашёлар маҳаллий аҳоли қўлида ҳам сақланиб келмоқда. Уларни ўрганиш тарихнинг баҳсли масалаларини ечишда катта ёрдам бериши мумкин. Бундай ашёларнинг бир тури қадимий тангалардир.

Шахсий жамланмаларда асраб-авайлаб келинаётган ана шундай тангалардан бири 2021 йилнинг декабрь ойида ўрганиш учун олинди. Бу танга дастлабки ҳолатида кераксиз, занг босган буюмдек таассурот уйғотади. Танга зангдан тозалангандан сўнг, мисдан ясалганлиги аниқ бўлди ва унга туширилган ёзувлар кўринди. Тангани текшириш натижасида оғирлиги 3,15 грамм, диаметри 24 миллиметр, қалинлиги 1 миллиметр эканлиги, ҳар иккала томонига қавариқ шаклда, куфий хатида бу фулс (мис танга) ҳижрий 305 (милодий 917 – 918) йилда Тункат-Илоқда Наср Аҳмад ўғли номи билан зарб қилинганлиги аниқланди.

ТАНГАДА ҚУЙИДАГИ ИФОДАЛАР АКС ЭТГАН:

Танганинг олди томони ўрта қисмида жойлашган ҳалқа ичига «нуқта» ва уч қаторда «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, у ёлғиз, унинг шериги йўқ (لاا له الا الله وحده لاشرىك له )” калимаси, танганинг айланаси бўйлаб четига, юқоридан соат тилига тескари ҳолатда «бу танга Аллоҳ номи билан 305 йили Тункат-Илоқда зарб қилинди (بسم الله ضرب هذا الغلس.تنوكتاىلاق سنه خمس وثلثماىة)«ёзуви туширилган.
Танганинг орқа томони ўрта қисмида нуқтачалардан ҳосил бўлган ҳалқа ичига, беш қаторда «Аллоҳ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, Наср (نصرللهمحمدرسولالله)”, танганинг айланаси бўйлаб четига, юқоридан соат тилига тескари ҳолатда «Саййид амир Наср Аҳмад ўғли буйруғи, Аллоҳ уни асрасин (مما امر به الاميرالسيد نصر بن احمد اعزه الله) ёзуви туширилган.

Ушбу фулс (мис танга) нафис ва жуда бежиримлиги, нақшинкорлиги билан ўз даврида ишлаб чиқарилган динор (олтин танга) ва дирҳамдан (кумуш танга) қолишмайди. Динор, дирҳам, фулс тангаларга туширилган ёзув ва безаклар бир хил бўлиб, улар фақатгина металига кўра фарқ қилган.

Тангада номи келтирилган амир Наср (906 – 943) ўзбек давлатчилигида муҳим ўрин тутган, ҳозирги Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон ҳамда Покистоннинг шимолий ҳудудларини бирлаштирган Турон ва Эронда ҳукмронлик қилган сомонийлар сулоласининг (819 – 1005) етакчиларидан бири Аҳмад Исмоилнинг (907 – 914) ўғли бўлган. У саккиз ёшидан, яъни отасининг 914 йили юз берган вафотидан 943 йилгача ҳокимиятни бошқарган. Юқорида келтирилган танга айнан унинг ҳукмронлиги остида, ҳозирги Оҳангарон водийсини эгаллаган Илоқ вилоятининг марказий шаҳри Тункатдаги зарбхонада унинг топшириғига биноан ишлаб чиқарилган. Бу танга маҳаллий савдо-сотиқ ишларида кенг муомалада бўлган.
Маҳаллий аҳоли қўлида сақланиб келинаётган бу каби тангаларнинг келажакда тегишли давлат музейлари ва муассасаларига топширилишига умид қилиб қоламиз. Шундагина улар узоқ йиллар музей кўргазмаларидан муносиб жой олиб, ташрифчиларнинг эътирофига сазовор бўлади, уларни ўрганиш тарихнинг кемтик жойларини тўлдиради.

Дилмурод Нормуродов,
Фанлар академияси Тарих институти бўлим бошлиғи, ЎзА

«Numbeo» таҳлилий хизмати 2022 йилда саёҳат қилиш учун хавфсиз бўлган мамлакатлар рейтингини эълон қилди. «Bugun.uz» хабарига кўра, Ўзбекистон жиноятчилик кўрсаткичида 142 та давлат ичида 105-ўринни эгаллади.

Рейтингга кўра, Ўзбекистонда жиноятчилик кўрсаткичи 33,76 бални, хавфсизлик эса 66,24 бални ташкил қилган. Қатар дунёдаги энг хавфсиз давлат деб топилган. Жумладан, у рейтингда 142-ўринни қайд этиб, жиноятчилик индекси 13,7 балл, хавфсизлик индекси эса 86,2 бални ташкил қилган.

Ўз навбатида, Венесуэла энг хавфли давлат деб топилган. Рейтингда давлатнинг жиноятчилик корсаткичи 83,58 бални, хавфсизлик эса 16,42 бални ташкил қилган.

Қайд этилишича, хавфсизлик индексини ҳисоблаш «Numbeo» томонидан ўтказилган сўровларга асосланган бўлиб, у мамлакатда жиноятчилик даражаси қанчалик паст ёки юқори эканини кўрсатади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top