muslim.uz

muslim.uz

Среда, 10 Февраль 2021 00:00

Ҳазрат Навоий ва кичик бола

Кунлардан бир куни ҳазрат Навоий
Сайр айламакни қилди ихтиёр.
Мулозимлар ила чиқдилар йўлга
Ва кичик болага келдилар дучор.

Ўшанда Навоий отидан тушиб,
Ўша ёш болага қилибди таъзим.
Мулозимлар ҳайрон, аъёнлари лол –
Бундай учрашувдан қолибдилар жим.

Бир аъён қўлини кўксига қўйиб,
Сўрабди: «Ҳазратим. Бу қандайин ҳол?
Сиз болага эмас, балки у сизга қилиб таъзим,
Салом бериши душвор!»

Навоий дебдики, мен кўрган бола
Устозим – боланинг бобоси эди.
Олисларда қолиб кетган дамларнинг
Узоқлардан келган садоси эди…

Устозим мен учун отадек улуғ,
Шунинг-чун болага қилдим мен таъзим.
Устозимдан қолган неварасига
Салом бермаслигим – гуноҳу азим.

Иброҳимжон домла

Шу йил 9 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Литва давлати муфтийси Рамазон ҳазрат жанобларини қабул қилдилар. Меҳмонлар таркибида Литвадаги “Halal Control Lithuania” қўмитаси бош директори Фаррух Азимов ҳам келди.

Учрашув аввалида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги амалга оширилаётган янгиланишлар тўғрисида сўзлаб бердилар. Хусусан, масжид-мадрасаларнинг обод этилиши, диний таълим олиш имконияти кенгайиши ва диний соҳа ходимларига кўрсатилаётган эътибор ҳақида алоҳида тўхталдилар.

Мулоқотда хориж мамлакатларидаги мусулмонлар идоралари билан ҳамкорлик алоқалари ривожланаётгани, ҳалол сертификат бериш бўйича юртимизда амалга оширилаётган ишлар, зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш, масжид ва мадрасалардаги шарт-шароитлар, ҳатто олис ва чекка ҳудудларда ҳам жомелар янгидан қурилаётгани ҳамда ёшлар таълим-тарбияси йўналишида қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Рамазон ҳазратлари Литва диний идораси ташкил этилиши, тарихи, асосий фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари ҳақида гапириб берди. Литва ҳудудига мусулмонлар Олтин Ўрда ва Қрим минтақаларидан боргани, қадимда Литва Европанинг йирик давлатларидан бири бўлгани, қўшни давлатлардан ҳужум бўлган пайтларда қрим-татар мусулмонлари қарши курашда жонбозлик кўрсатгани, шундан сўнг мўмин-мусулмонларнинг обрў-эътибори ошгани, масжидлар қуриш учун ер ажратилгани, ибодат қилиш учун кенг имкониятлар яратилганига алоҳида урғу қаратди.

Литвадаги “Halal Control Lithuania” қўмитаси бош директори Фаррух Азимов Ўзбекистонда маҳсулот ва хизматларга ҳалол сертификат бериш ва зиёрат туризм йўналишларида ҳамкорлик қилиш бўйича ўзининг таклифларини берди.
Учрашув якунида икки давлат муфтийлари соҳадаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва бу борадаги алоқаларни ривожлантириш ҳақида келишиб олдилар.

Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги тарихий обидалар, осори атиқалар ва Ҳазрати Усмон Мусҳафини зиёрат қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Среда, 10 Февраль 2021 00:00

Фиқҳ фани: Поклик китоби (аудио)

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

 
 
 
 
 
 
 
 

 

Аввал хабар қилганимиздек жорий йилнинг 7-8 февраль кунлари Вақф хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё Абдураҳмонов, Бухоро вилоятда фаолият олиб бораётган 106 та масжид ва 3 та диний таълим муассасаларига турли мазмундаги китоблар ва ўқув адабиётларини тақдим этиш ҳамда иқтидорли талабаларни моддий рағбатлантириш мақсадида вилоятга ташриф уюштирган эди.


Мазкур ташриф давомида фонд раҳбари, Мир Араб Олий мадрасаси, Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ва Жўйбори калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртлари талабалар билан ташкил этилган давра суҳбатларида иштирок этиб, иқтидорли толиби илмларга эсдалик совғалар улашди.   


Хайрия тадбирлари давомида масжид ва мадрасалар учун, жами қиймати 246 миллион 489 минг 700 сўм бўлган, 10 215 дона китоблар хайрия қилинди.


Вақф фонди ушбу савобли ишларида ҳамкор бўлган ва хайрия қилган барча ватандошларимизга миннатдорлик билдиради. Cаховатпеша инсонларни Аллоҳ таолонинг Ўзи мукофотласин!
“Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”

Вақф хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

Среда, 10 Февраль 2021 00:00

Ота-она дуоси

Ислом дини таълимотларида ёш авлодни ота-она дуосини олишга тарғиб қилинади. Солиҳ фарзанд учун ота-она дуосидан яхшироқ нарса бўлмаса керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга «уфф» дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва «Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин», деб айт» (Исро сураси 23-24 оят). Аллоҳга ибодат ва ота-онага яхшилик қилишнинг ёнма-ён зикр этилиши ҳам ота-она ҳақи нақадар улуғ ва муҳим эканидан далолат беради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Уч нарса борки, кимда у бўлса, Аллоҳ таоло раҳмат қанотини ёзади ва жаннатга киргизади. Заифга меҳрибон бўлиш, ота-онанинг дуосини олиш, қўл остидагиларга яхшилик қилиш”.

Қарияларни ҳурмат қилиш, дуоларини олиш миллий қадриятларимизнинг бир бўлагидир. Улар сабабли оилада файз-барака зиёда бўлади ва Аллоҳ таоло бизларни турли бало-офатлардан асрайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди”.

 

Абдурауф Ёрбеков,
Ховос тумани “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби

Top