muslim.uz

muslim.uz

Икки ой муддатда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламоларнинг қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепциясини, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Бу топшириқ «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлигига берилган.
Ушбу фармонга кўра, Самарқанд вилояти ҳокимлиги Қўмита, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Самарқанд шаҳрида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбонни яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритишади.
Шунингдек Бухоро вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Бухоро шаҳрида ислом дини тарихи ва мусулмон оламида машҳур бўлган шахслар тўғрисида маълумот берувчи инновацион музейни қуриш ва уни ривожлантириш концепцияси бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мен келин бўлиб тушган хонадонда момоқайнонам ва қайнонам бор эди. Рўзғор юмушлари, пишир-куйдир, тикиш-чатишда янги оилада қийналмаслигимдан жигарларимнинг ҳам, ўзимнинг ҳам кўнглим тўқ эди. Лекин… тўйдан кейин кўп ўтмасдан қайнонамдан: “Супургининг белини букиб супураркансиз, тўрт кунда чўлтоқ бўлади”; “музхонанинг фалон токчасига унимас, буни қўйиш керак” каби гаплар кўпайиб борди.

Бир-икки марта жавоб қайтаргандим, гап бадтар чувалашди: “Ўз билганингиздан қолмас экансиз. Катталарга қулоқ солишни ўргатишмаганми?”; Мени “Супурги тиклаб қўйилди нимаю ётқизиб қўйилди нима?”; “Шўрванинг картошкасию маставанинг сабзиси сал каттароқ ёки майдароқ тўғралганини гапириш шартми?” деган саволлар қийнарди.

Бу ҳақда ҳеч кимга лом-мим демасдим. Аммо, сезишимча, қайнонам билан ўртамиздаги гап-сўзлар момоқайнонамга, турмуш ўртоғимга ҳам етиб бораётгандай эди. Ўртада қандайдир кўнгилхиралик бордек яшётган эдик. Бир куни… дорга кир ёйишим ойижонга ёқмади-ю, “Билмаган ишингизни ўрганишниям истамас экансиз”, деб ҳамма кирни бошқатдан ёйиб чиқдилар. Хуллас, уйга борганимда, ичимдаги аламларимни тўкиб солдим.

Гапларимдан бувижоним тутаб кетдилар: “Ҳо-о, менинг болам уй ишларини билмас эканми?” Шу пайт кекса қўшнимиз чиқиб қолди, бувимга сингилдек яқин бу аёлга мендан эшитганларини куйиб-пишиб айтиб берди. Шунда қўшнимиз бироз кулимсираб менга: “Қизим, қайнонангнинг гапларига “хўп” деб жавоб қайтариш шунча қийинми?” деди. “Қийинмас… – дедим. – Энди… рўзғор юмушлари бажарилмай қолгани йўқ-ку!”

Бу гапимдан бувим тағин ловуллаб кетди: “Нияти холисга ўхшамаяпти бу аёлнинг!..” “Унақа деманг, опа, келинлик пайтимдаги воқеалар эсингизга тушмаяптими? – деб дарров тўхтатди қўшнимиз, кейин яна менга юзланди: “Қизим, сенга ҳовлининг у томониданмас, бу томонидан супуриш шунчалик қийинми?” “Қийинмас-у…” “Қийинмас, албатта, – давом этди қўшнимиз. – “Хўп” дегину айтганини қилгин, олам – гулистон! Ахир, у оиладагилар ҳам ўз тартиб-қоидаларига кўникиб кетишган. Кўпчиликка бўйсунасан-да!”

…Бу воқеаларнинг бўлиб ўтганига қирқ йилдан ошди. Ўшанда биринчи марта қайнонамнинг танбеҳлари, талабларини эшитганда ўзимни оқлашга уринмай, “хўп” деб жавоб қайтарганимдаёқ у кишининг юзида хотиржамлик, рағбат кўрганман. 

 

ОҚИЛАБУВИ

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан

Мўмин эрмастур, улки иймондин

Рўзгорида юз сафо кўргай,

Токи қардошиға раво кўрмас —

Неким ўз нафсиға раво кўргай.

Алишер Навоий

 

6-7 февраль кунлари «Ҳилол-нашр» нашриётининг мажлислар залида шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишлаб ташкил қилинган «Арбаъин» танловининг эркак ва аёл-қизлар ўртасидаги мусобақаси ўтказилди.

Ушбу танлов Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш ва мутафаккирнинг қирқ ҳадис тўплами – «Арбаъин»ни билиш кўникмасига асосланди. «Арбаъин» – «қирқта» дегани бўлиб, истеъмолда қирқта сайланма ҳадисдан иборат ҳадис китобларига айтилади. Шу услубда асар яратиш Ислом оламида яхши бир анъанага айланган. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари асос ва туртки бўлган:

«Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради ҳамда Қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан».

(Имом Байҳақий, Дайламий, Абу Нуъайм ва Ибн Жавзийлар ривоят қилган).

Дарҳақиқат, Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди Аллоҳга иймон келтирган, Қуръони Каримдаги ҳар бир оятни муқаддас деб билган, нақшбандия тариқатини қабул қилган шоир ва мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодидир.

Шунингдек, ҳадисларнинг деярли барчаси комил инсон ахлоқига оид қарашларни ўзида акс эттирганини кўриш мумкин. Бу ҳадисларда инсонлар яхшилик қилишга чорланади, ёмон иллатлардан қайтарилади, умуман олганда, улар инсоннинг ҳаёт ва жамиятдаги вазифасини англатади. Масалан, «Инсонларнинг энг яхшиси – инсонларга фойдаси тегадиганидир» деган ҳадисни Алишер Навоий туркий тилда шундай ифода этади:

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?

Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.

Яхшироқ бил ани улус ароким,

Етса кўпрак улусқа нафъ андин.

Умуман олганда, «Арбаъин» асари инсоннинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Islom.uz портали томонидан ташкил этилган танловни жамоатчилик вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Танлов икки йўналишда ўтказилди.

Биринчи йўналиш иштирокчиларидан ҳадисларнинг ўзбекча таржимаси ва Навоийнинг тўртликларини ифодали ёддан ўқиб бериш сўралди.

Иккинчи йўналишда эса ҳадисларнинг арабча матни ва ўзбекча таржимасини, ҳадис ровийсини айтиш ҳамда тўртликни ифодали ёддан ўқиб бериш сўралди.

Ҳар икки йўналишда ҳам иштирокчилар билет танлади ва ундаги 4 тадан саволга жавоб берди.

Аёл-қизлар ўртасидаги «Арбаъин» танлови мусобақа ғолиблари:

Ҳадиснинг ўзбекча таржимаси ва арабча матни ҳамда уни ровийлари, шунингдек, тўртликларни ифодали ёд олган ҳолда айтиш бериш бўйича:

Танловнинг энг кичик ёшдаги қатнашчиларидан бири, тошкентлик Тоҳирахон Аббосова олий ўринга муносиб кўрилди. Иккинчи ўринни Гўзалой Алишерова, фахрли учинчи ўрин эса Оиша Мирзажоновага насиб этди.

Ҳадисларнинг ўзбекча таржимаси ва тўртликларни ифодали ёддан айтиб бериш йўналиши бўйича:

Биринчи ўринни Маҳлиё Шуҳратова, иккинчи ўрин эса Шабнам Ғаниевага ҳамда учинчи ўрин Маҳфуза Мамажоновага насиб этди.

Эркаклар ўртасидаги «Арбаъин» танлови мусобақа ғолиблари:

1-йўналиш бўйича Ҳабибуллоҳ Ўринбоев биринчи ўрин, Исфандиёр Шокиржонов иккинчи ва Нодир Муродиллаев учинчи ўринларни қўлга киритди.

2-йўналиш бўйича Абубакр Баратов олий ўрин ғолиби, Қурбон Исматов иккинчи ҳамда Достонбек Султонов учинчи ўринларга муносиб кўрилди.

Барча ғолиб ва совриндорларга, шунингдек, иштирок этганларга «Ҳилол-нашр» нашриёти томонидан эсдалик совғалар топширилди.

Навоий ҳазратлари ҳақида kun.uz сайтида «Навоий – музей экспонати эмас, у биз билан яшаши керак» сарлавҳали мақола берилди. Ушбу мақолада Навоий ҳазратлари ҳақида долзарб ва муҳим бўлган маълумотлар ёритиб берилган.

Жумладан, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети магистранти, навоийшунос олим Акром Малик шундай дейди: «Кейинги пайтларда шундай бир уринишлар бўлдики, Навоийни дунёга танитиш керак». — Буни сунъий уриниш деб баҳолайман, яъники шарт бўлмаган бир иш. Чунки биз ҳали аждодларимизни яхши танимаймиз. Нега ўзимиз яхши билмаган ҳолатда дунёга танитишимиз керак. Гарчи туркий тилда ижод қилган ижодкор бўлса-да, омматан айтаман, моҳиятига етиб борганимиз йўқ. Ҳар йили анъанага мувофиқ ҳазрат Алишер Навоийнинг ижодини ўрганиш, асарларининг тарғиботи одатда 9 феврал арафасида бошланади. Агар шу тарғибот йил давомида олиб борилса эди, «Ўзбек Навоийни ўқимай қўйса», деб фарёд чекмаган бўлардик. Ёки «Ҳар бир калла, ҳар бир бош Навоийни ўқиши керак» дея айтилган гаплар ўз тасдиғини топган бўларди.

Шунингдек, «Навоий ташаббуси билан Қуръони каримга иккита тафсир ёзилган», дея таъкидлайди Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжиди имом-ноиби Ҳасанхон қори Яҳё Абдулмажид. — Ҳазрат Навоий бош вазир бўлиб турган пайтларида Қуръони каримга хизмат қилиш борасида катта эътибор берганлар. У кишининг бевосита ташаббуси билан форс тилида иккита тафсир ёзилган. Шулардан бирини Ҳусайн воиз Кошифий ёзган. Шунингдек, «Дорул ҳуффоз» деб номланган қорихона ҳам қурдирган. Қорихонага ўзларининг бир тўртлигини илдириб қўйган эканлар.

Бу даврда йўқ сен кеби хушхон ҳофиз,

Ҳуффоз аро сарҳалқайи даврон ҳофиз.

Қуръонға сен ўлған кеби яксон ҳофиз,

Бўлсун санга барча ишда Қуръон ҳофиз.

У кишининг фаолиятлари Қуръонга, дин илмларига мана шундай боғлиқ бўлган, зотан, у даврда дин илми, бошқа илм деган айирмачилик бўлмаган. Шунинг учун Навоийнинг ижодини Қуръон ва ҳадиссиз тасаввур қилолмаймиз.

Афсуски, ўртадаги динсизлик даврида халқимиз асл манбалардан узоқлашиши оқибатида Навоий ижодини Қуръондан айри ҳолатда талқин қилиш давр талаби ҳам бўлган. Халқимиз бошқаларнинг юзаки қарашларини қабул қилишга мажбур бўлди.

Навоий ижодида Қуръон оятлари мазмунини ҳар қадамда учратамиз. Ҳадис маъноларини учратамиз, ислом ақидасини кўрамиз. Мисол учун, «Хамса» ишқий афсонадан иборат эмас, балки тасаввуфий мазмунга эга асар ҳисобланади. Низомий Ганжавий Навоийнинг таъкидлашича 40 чилла ўтириб ёзган. Чилла ўтириш бу тасаввуф аҳлининг узлати ҳисобланади. Аллоҳга узлат қилиб ёзилган асар қанақасига тасаввуфдан айри оддий ҳикоялар ёки шаҳвоний ишқ бўлиши мумкин.

Навоийнинг тасаввуфи бу – ислом тасаввуфи. Бу бошқа бир динлардан таъсирланиб шаклланган эмас, тўла-тўкис Қуръон ва ҳадис ҳамда тасаввуф уламоларининг фикрларидан хулосаланган тасаввуф. Шулардан сизиб чиққан ўз фалсафий қарашларини назмда ва насрда баён қилганлар.

Шунинг учун ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкинки, Навоий ижоди Қуръон ва ҳадисдаги фалсафий қарашлар, тасаввуфий ёндашувларнинг назмдаги инъикоси, Навоий тилидаги жаранги. Ислом фалсафаси, ислом эътиқоди умуминсоний тушунчалар билан жуда кўп жиҳатдан ҳамоҳанг, шунинг учун ҳам Навоий дунё миқёсидаги мутафаккир ва айни вақтда ислом фалсафасини тараннум этган мутафаккир.

Улуғ бобокалонимизнинг меросларини тўла ва тўғри тушуниш ҳамда шундай талқин қилиш, бу олтин меросни ҳақиқий, соф ҳолатда кейинги авлодларга етказиш биз, фарзандларнинг шарафли бурчимиздир. Бундай улкан вазифани шараф билан адо қилиш бахтини ҳозирги илм ва маърифат кишиларига, алалхусус, Алишер Навоийга ўзини авлод деб билган сизу бизлар – барчамизга Аллоҳ таолонинг Ўзи насиб этсин!

Islom.uz сайти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Республикада туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, уларнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги ПФ–6155-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун харажатларнинг бир қисмини қайтариш тартиби жорий қилинаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Транспорт вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита):

а) “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда:

бир ой муддатда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида Фарғона – Урганч – Фарғона, Термиз – Урганч – Термиз ҳамда Қарши – Урганч – Қарши авиарейсларини йўлга қўйиш ва Андижон – Хива – Андижон темир йўл қатнови сонини ошириш;

2021 йил 1 апрелга қадар Термиз – Қарши – Хива, Хива –Урганч – Нукус ва Термиз – Қарши – Самарқанд йўналишлари бўйича доимий темир йўл қатновини йўлга қўйиш чораларини кўрсин;

б) Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун харажатларнинг бир қисмини қайтариш тартибини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, мазкур банднинг “а” кичик бандида кўрсатилган авиарейсларни ва темир йўл қатновларини, шунингдек, Тошкент шаҳридан Бухоро, Нукус, Термиз ва Урганч шаҳарлари ҳамда Фарғона водийсига қатнов йўналишлари бўйича авиарейсларни субсидиялаш назарда тутилсин;

в) туроператорлар билан биргаликда субсидиялаш механизмини қўллаган ҳолда бошқа авиа ва темир йўл қатновларини йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб борсин.

3. Қўмита, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг қуйидаги имтиёз ва преференциялар муддатларини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

а) туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкасини белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтириш;

б) камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар
учун Ўзбекистон Республикасида тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида беш кеча тунаб қолиши шарти билан туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30 фоизи миқдорида қисман субсидиялаш;

в) туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар бўйича:

юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш;

улар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида белгилаш.

4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасидаги йирик моддий маданий мерос объектларида ички туризм оқимларини шакллантириш режаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасида туристлар оқимини шакллантириш ва улар учун зарур шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда – Дастур) 2-иловага мувофиқ;

Хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикасининг зиёрат туризми салоҳиятини манзилли тарғиб қилиш чора-тадбирлари режаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ва Янги йил байрами ҳамда Рамазон ҳайити (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайити (Ийд ал-Адҳа) диний байрамларини нишонлаш даврида қўшимча ва кўчириш ҳисобига ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади;

ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган “оилавий саёҳат таътили” тизими жорий қилинади. Бунда, “оилавий саёҳат таътили” йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади;

2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорда туристик (меҳмонхона) йиғим ундирилади. Бунда, туристик (меҳмонхона) йиғим ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади;

хорижий авиакомпанияларнинг Индонезия, Бангладеш ва Малайзия мамлакатларидан хорижий туристларнинг Ўзбекистон Республикасига саёҳатларини ташкил этишга қаратилган ҳамда “Умра+” дастури доирасидаги Ўзбекистон Республикасига авиапарвозлари, қўниш ва учиш хавфсизлиги қоидаларидан ташқари, тўсқинликсиз амалга оширилади;

республиканинг туризм намойиши объектларини кенг тарғиб қилиш, фуқароларни бой табиий, маданий ва тарихий мерос объектлари билан таништириш ҳамда ички туризмни оммалаштиришга қаратилган (тижорат мақсадларни кўзламаган) ахборот маънавият ва маърифат масалаларига доир ахборотга тенглаштирилади.

6. 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 10 кунлик муддатга ўз ёки учинчи мамлакатга учиш авиачиптасини тақдим қилган Баҳрайн Қироллиги, Қатар Давлати, Қувайт Давлати, Уммон Султонлиги ва Хитой Халқ Республикасишу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун визасиз режим белгилансин.

7. Транспорт-логистика масалаларини тезкор кўриб чиқиш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Комиссияга қуйидаги ваколатлар берилсин:

хорижий ва маҳаллий авиакомпанияларнинг туризм ва инвестиция йўналишларида авиапарвозларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини амалга ошириш чоғида юзага келадиган низоларни музокаралар ўтказиш йўли билан тезкорлик билан ҳал этиш;

авиапарвозларга рухсат олиш тизимини соддалаштириш, лоукостерларни жалб этиш, парвозлар географиясини “боғлаш” принципи орқали кенгайтиришга тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва уларни ҳал этиш;

“Очиқ осмон” режими жорий этилган барча аэропортларга янги авиа йўналишлар очиш бўйича хорижий компанияларни жалб этиш,
уларнинг лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлаш, уларни бартараф этиш;

аэропортларда қуруқликда хизмат кўрсатиш (ground handling) соҳасини такомиллаштириш, белгиланган нархларни қайта кўриб чиқиш ва мақбуллаштириш орқали инвестицияларни жалб қилиш;

ҳудудлараро йўналишли автотранспорт қатновларини кенгайтириш, янги қатновларни ташкил этиш, шунингдек, ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни тезкор ҳал қилиш чораларини кўриш;

темир йўл транспорти, шу жумладан темир йўл вагонлари
ва контейнерлар орқали ташиш тизимига тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш тартибини такомиллаштириш, бу йўналишдаги муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш.

8. Белгилансинки:

ҳар йили 1 июлга қадар Қўмита томонидан шакллантириладиган рўйхатга асосан туризм намойиши объектларига олиб борадиган йўллар қуриш ва таъмирлаш учун мақсадли давлат дастурларига киритилади;

2021 йил 31 декабрга қадар туроператорлар, турагентлар
ва жойлаштириш воситаларига нисбатан ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар қўллаш тўхтатилади.

9. Қўмита, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси
икки ой муддатда туризм объектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқлари, коммунал ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш, туризм инфратузилмаси ва ёндош инфратузилмани қуриш, реконструкция қилиш, кенгайтириш ва модернизация қилиш ишларини олиб бориш, маданий-кўнгилочар инфратузилмаларни ривожлантириш, маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ҳамда ободонлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун 1 триллион сўм миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан тенг улушларда ажратишни назарда тутувчи чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Бунда, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Қашқадарё ҳудудида туризмни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан, истисно тариқасида, 200 миллиард сўм ажратиш ва ушбу маблағлар йўналтириладиган мақсадлар назарда тутилсин.

10. Қўмита раисининг амалдаги ўринбосарлари сони доирасида зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича раис ўринбосари лавозими жорий этилсин.

Қўмита ташкилий тузилмасида 2021 йилда режали қисқартирилиши кутилаётган штат бирликлари ҳисобидан 9 та штат бирлигидан иборат Зиёрат туризмини ривожлантириш департаменти ташкил этилсин.

11. Белгилансинки, 2021 йил 1 мартдан бошлаб Ташқи ишлар вазирлигининг масъул шахслари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ички туризм оқимини ташкил қилиш ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича прогноз кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаган тақдирда, уларга Қўмита таклифига мувофиқ мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда эса, белгиланган тартибда интизомий жазо чоралари қўлланилади.

12. Вазирлар Маҳкамаси (А.Н.Арипов):

бир ой муддатда ички туризм оқимини ташкил қилиш ва хорижий сайёҳларни жалб қилишга оид 2021 йил бўйича асосий прогноз кўрсаткичларини ҳамда ички ва зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқласин;

ҳар ой якуни бўйича тасдиқланган прогноз кўрсаткичлари юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб борсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Транспорт вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда мазкур Фармонга 1 ва 3-иловалардаги объектларга олиб борувчи йўналишли автотранспорт қатнови тизими йўлга қўйилишини, шунингдек, ҳудуддаги аҳолининг бошқа ҳудудга саёҳат қилиши учун транспорт қатновлари ташкил қилинишини таъминласин.

13. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда зиёрат туризми йўналишида тўғри тарғиботни йўлга қўйиш ва зиёрат объектлари ҳақида илмий асосланган маълумотларни тақдим этиш мақсадида, Зиёрат туризмини ривожлантиришни мувофиқлаштириш кенгаши ва унинг фаолиятини ташкил этиш юзасидан Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

14. Қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб “Ипак йўли” туризм халқаро университетиТошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро ва Термиз давлат университетларида “зиёрат туризми”, “транспорт логистикаси” ва “ижодий саноат” (creative industry) магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

15. Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги 2021 йил 1 августга қадар қадимий ипак қоғози хомашё захирасини шакллантириш манбаи сифатида Имом Бухорий мажмуаси атрофидаги 64 гектар ер майдонида тут плантацияси ва Самарқанд ипак қоғозини ишлаб чиқариш бўйича “Ипакчилик шаҳарчаси” туристик мажмуасини ташкил этишни таъминласин.

16. Қўмита Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Фанлар Академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан биргаликда уч ой муддатда буюк аллома ва уламоларимиз, айниқса, Имом Бухорийнинг бебаҳо меросини кенг кўламда оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида, индонез, бенгал, малай, турк, араб, ҳинд, урду, пушту ва бошқа хорижий тилларда “Имом Бухорий” зиёрат туризми йўлдош телеканалини, хорижий мамлакатларда унинг мухбирлари фаолият олиб боришини назарда тутган ҳолда ташкил этиш ва уни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

17. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлиги ва Қўмита билан биргаликда икки ой муддатда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламоларнинг қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепциясини, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

18. Самарқанд вилояти ҳокимлиги Қўмита, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Самарқанд шаҳрида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини
акс эттирувчи тематик хиёбонни яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

19. Бухоро вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Бухоро шаҳрида ислом дини тарихи ва мусулмон оламида машҳур бўлган шахслар тўғрисида маълумот берувчи инновацион музейни қуриш ва уни ривожлантириш концепцияси бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

20. Қуйидагиларга:

Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдухакимов зиммасига – ички туризмни оммалаштириш ва зиёрат туризмини ривожлантириш, Дастур доирасида вазирлик ва идоралар томонидан амалга ошириладиган ишларнинг ўз вақтида ижро этилиши устидан тизимли мониторинг ўрнатиш;

ташқи ишлар вазири А.А.Камилов зиммасига – хорижий мамлакатларда республиканинг туризм салоҳиятини тизимли тарғиб қилиш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш чораларини мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари зиммасига – ушбу Фармонга 3-иловада белгиланган хорижий мамлакатларда зиёрат туризми салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, улардан республикага авиарейсларни ташкил қилишга ҳар томонлама кўмаклашиш;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Т.Ахмедов зиммасига – ушбу Фармонга 1 ва 3-иловаларда белгиланган туризм намойиши объектларидаги масъул раҳбар ва ходимларнинг хизмат ва сервис соҳасидаги билим ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш;

транспорт вазири вазифасини бажарувчи И.Р.Махкамов зиммасига – ушбу Фармонга 1 ва 3-иловаларда белгиланган туризм намойиши объектларига янги транспорт алоқаларини ўрнатиш, маҳаллий ва халқаро авиарейслар географиясини кенгайтириш ва ўз вақтида ташкил қилиш ҳамда “Очиқ осмон” режими жорий этилган барча аэропортларга янги авиа йўналишлар очиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига – ушбу Фармонга
1 ва 3-иловаларда белгиланган туризм намойиши объектларида зарур инфратузилмани ўз вақтида барпо этиш ва ички туризм оқимини ташкил қилишга оид 2021 йил бўйича асосий прогноз кўрсаткичларини бажариш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

21. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мазкур Фармоннинг мақсад ва вазифаларини тушунтириш юзасидан оммавий ахборот воситаларида мақолалар ва тематик кўрсатувларни ташкил этсин.

22. Молия вазирлиги Қўмита билан биргаликда бир ой муддатда мазкур Фармоннинг 3-бандида белгиланган солиқ имтиёзлари муддатларини узайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

23. Қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 5-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

25. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
12 сентябрдаги “Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига киришда визасиз режимни белгилаш тўғрисида”ги ПФ–5819-сон Фармони 2021 йил 1 мартдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

26. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

          Президенти                        Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 9 февраль

Вторник, 09 Февраль 2021 00:00

Навоийни ёд этиб

Буюк шоир ва мутафаккир аллома Алишер Навоийнинг бебаҳо илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихи ривожида алоҳида ўрин тутади. Аллома ўзининг асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллади.

Шу кунларда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан жойларда Навоий ижодини янада кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида адабий-бадиий анжуманлар, илмий-амалий конференциялар ва навоийхонлик кечалари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 8 февраль куни Ҳадис илми мактабида ҳам буюк мутафаккир, сўз мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан “Навоийни ёд этиб” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбир икки қисмда бўлиб ўтди. Дастлаб Олий мактаб мажлислар залида ўқитувчи ва талабалар учун “Навоий ижодини англаб” мавзусидаги илмий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди. Илмий мажлисга навоийшунос олимлардан Самарқанд давлат университети “Мумтоз адабиёт тарихи” кафедраси доцентлари С.Тохиров, А.Раззоқов ҳамда мазкур университет магистранти А.Собиров иштирок этди.

Тадбир аввалида мактаб ректори О.Юсупов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш ҳамда хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлади.

Шундан сўнг маърузачилар С.Тохиров, А.Раззоқов Алишер Навоий ижодида комил инсон ғояси, илоҳий ишқ васфи, хайру-саховат ва эзгулик каби ўлмас умуминсоний қадриятларнинг ёритилиши тўғрисида маърузалар қилди.

Албатта, Навоийхонлик кечаларини ғазал ва байтларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу тадбирда ташриф буюрган магистрант А.Собиров Навоий асарлардан ғазаллар ўқиб, уларни шарҳлаш асносида байтларда илгари сурилган илоҳий ишқ мавзусида илмий маъруза қилди.

Илмий-маърифий давра суҳбатидан сўнг Алишер Навоийни хотирлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари, Самарқанддаги Малака ошириш маркази минтақавий филиалида малака ошираётган имом хатиблар ҳамда мактаб ўқитувчи ва талабалар учун эҳсон дастурхони ташкил этилди. Тадбир якунида хатми Қуръон ўқилиб, диёримизда ўтган барча алломалар, хусусан, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратларини ёд этиб дуои хайр қилинди.

 

 

Ҳадис илми мактаби Матбуот хизмати

Мақолалар

Top