Мақолалар

Зиёрат саёҳат бўлмасин!

Ўтганларимиз мангуга қўним топган масканларни зиёрат қилсак, уларнинг руҳи шод бўлади. Карами кенг Парвардигоримиз ана шу ишимиз учун ҳам бизга улкан ажру савоблар ато этади ҳамда ўлим ҳақ эканини эслаб, дунёнинг жилваларига бўлган иштиёқимиз озгина бўлса-да сусаяди.

Шу боисдан зиёрат қилувчи одам ўтганларнинг руҳини шод қилиш ва савоб олиш учун боради зиёратгоҳларга. Бироқ дину диёнатдан узоқда ўсгани сабабми ёки илмнинг камлигиданми – айрим эркак-аёллар зиёрат билан саёҳатнинг фарқига бормаяпти. Натижада ташвиш-тарадду билан бир неча чақирим йўл босиб зиёратгоҳга бориб савоб ўрнига гуноҳ ишлаб оляпти.

Яқинда Имом Бухорий ҳазратларининг зиёратига бордик. У ерга оилалар, тенгдошлар, жамоадошлар ва бошқалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб борган. Ўшаларнинг аксари Имом Бухорий ҳазратларининг шундоққина мақбарасига орқа ўгириб туриб расмга тушяпти. Аёл-қизлар бўйнини бир томонга қийшайтириб, сочини ўша томонига ёйиб, иккита бармоғини кўтариб суратга тушяпти, у нима маънони билдирса?..

Кейин музейга кирдик. Музейда Қуръони каримнинг турли мамлакатлардан келтирилган нусхалари бор экан. Очиқ-сочиқ кийинган бир аёл бошига бир парча докага ўхшаган ҳарир, аммо ялтироқ нарса ўраб олган. Қабрдаги марҳумларни ва атрофидаги одамларни бошидаги нарсанинг рўмол эканига ишонадиган даражада содда деб ўйлаган бўлса керак-да. Балки унинг қилаётган қилиқлари одамнинг кўзи шундай кўрсатиб қўйгандир. У ойнаванд жавонга солиб қўйилган Қуръони каримга орқа ўгириб олиб, деярли жавонга ўтиргандек бўлиб сельфи тушар эди. Аёл музейда нечта муборак ашё бўлса ҳаммасига орқа ўгириб туриб сельфи қилиб чиқди.

Булар зиёратдаги гаплар эди. Энди ҳажга бориб келган бир аёлнинг мана бу гапини эшитинг: “Биз борган гуруҳда бир қўшиқчи ҳам борган экан, Минода юрганимизда уни кўриб қолган бир аёл: “Вой, ану қўшиқчи ҳам келибди, концерт қўйиб берса бўларкан”, деб қолди. Шу фаҳму фаросат билан қандай қилиб ҳажга келган экан бу аёл деб кўпчилик ҳайрон бўлиб қолдик”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилишга ижозат бериб: “Мен сизни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Чунки у охиратни эслатади”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Ҳанбал ривояти).

Модомики, қабристон зиёрати охиратни эслатиб, зиёратчи шуни ҳис қилар экан, унга сельфининг нима кераги бор. Охиратга олиб кетадими, ўша сельфисини, унда ўзига қарши ҳужжат бўлади-ку сельфилари, ахир Қуръони каримга орқасини қўйиб турган бўлса...

Шундай экан, азизлар, зиёратга боришни ният қилган одам зиёрат одобларини ўрганиб, шунга амал қилса, ҳам ўзига яхши бўлади – савоб олади ҳамда ён-атрофдаги зиёратчиларнинг кўзига хунук кўринмайди. Энг муҳими, унинг одобидан қабр аҳли мамнун бўлиб, руҳи шод бўлади. Зиёратдан кўзланган мақсад ҳам шу эмасми ўзи!

Дамин ЖУМАҚУЛ

3432 марта ўқилди

Мақолалар

Top