Мақолалар

"Ўтирганимда ҳам шу Умар эдим, турганимда ҳам шу Умарман"

Умар ибн Aбдулазиз бир оқшом дўстлари билан ўтирган эди, чироқнинг нури хиралашиб қолди. Ўрнидан туриб, пилигини тозалаб қўйди. Шунда мажлисда ўтирганлардан бири: «Эй мўминлар амири, пиликни тозалашни бирортамизга буюрсангиз бўлар эди-ку!” деди. Умар ибн Aбдулазиз айтди: «Меҳмонни хизматга буюрган инсон мурувватли саналмайди. Ўтирганимда ҳам шу Умар эдим, турганимда ҳам шу Умарман».

* * *

Зиёратчилардан бири ҳукмдор Умар ибн Aбдулазизга ҳадя сифатида олма келтирди. Aммо у ҳадяни қабул қилмади. Шунда зиёратчи: «Ҳадяни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам олганлар, нега сиз олмаяпсиз?» деб сўради. Бунга жавобан Умар ибн Aбдулазиз: «Расулуллоҳга берилган нарса, шубҳасиз, ҳадядир. Aммо менга берилгани пора бўлиб қолиши мумкин», деди.

* * *

Ривоят қилишларича, Умар ибн Aбдулазиз масжидга кетар эканлар, қўлларини оҳиста тебратиб борар эдилар. Шу вақт бирдан тўхтаб қолдилар, кўзларидан ёш жоласи қуйила бошлади. Одамлар нима учун йиғлаётганларини сўрашганида: «Бу дунёда тебратиб юрган қўлларим охиратда боғланса, ҳолим не кечишини ўйлаб йиғлаяпман», дедилар.

"Aл-Мунтазам фи тарих ал-мулук вал-умам" китобидан

2277 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top