Мақолалар

МЎМИН АЛЛОҲНИНГ СУЮКЛИСИ

“Мўминнинг тилидан фаришта сўзлайди. Кофиртнг тилидан шайтон сўзлайди. Мўмин Аллоҳиинг суюклисидир. Мўминнинг ишини Аллоҳ ҳал этади”[1].

Аллоҳнинг ҳузурида мўмин баъзи фаришталардан ҳам афзал эканига асос шуки, Ҳақ таоло уни доимо қўриқлаш учун унинг ҳар бир аъзосига биттадан фариштани муваккил қилган. Масалан, кўзининг муҳофазаси учун, қулоқларининг қўриқланиши учун, оғзимиз, ошқозон, ичак, буйрак, юрак ва хусусан тилимизда ҳам бир малак бўлиб, бу малакнинг илҳоми билан турли хизматлар қилиниши, айтилиши ва билдирилиши мумкин бўлади.

Банда шу аснода Ҳақнинг турли неъматларига шукр қилади, қачонки, ўша малак мўминга яҳинлашса, шукри ва маърифати зиёдалашиб, Аллоҳга яқинлиги ортади. Хато ва гуноҳларига дарҳол пушаймон бўлади, надомат чека бошлайди, шу орқали янглиш йўллардан узоқлашиб, Ҳақ висоли томон йўл излайди. Бу малаклар воситасида банданинг қалби роҳатланади, ҳузур-ҳаловатда яшайди. Натижада, комил мўмин дунёда ҳам жаннат тимсоли ҳаётини давом эттиради, ўзига берилган неъматларга шукр қилади, ўтган гуноҳлари учун доим тили истиғфордан бўшамайди. Шу аснода гуноҳлари ўчирилади, солиҳ амаллари кўпаяди.

Кофирлар эса, аксинча, тилида малак эмас, Ҳаққа иршод ҳам эмас, балки пасткашлиги туфайли бутларга, Аллоҳнинг бутсифат қулларига сиғинганлари учун Ҳақнинг нафратига сазовор бўладилар. Чунки уларнинг тилларида ўтирган шайтонлар уларга куфр ва залолат йўлларини билдириб, Аллоҳ таолонинг неъматларини, куч-қудратини инкор этишга интиладилар. Қачонки, шайтон кофирларга яқинлашса, уларнинг қайсарлиги, куфру исёнлари ортиб бораверади. Лаънати шайтонга мубтало бўлмаслик учун мўминлар Аллоҳнинг зикридан ҳаргиз ғофил бўлмасликлари зарур. Зеро, иймон ва зикруллоҳнинг нурига шайтоннинг бардоши етмайди, дарҳол қочади. Азони Муҳаммадий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқилганида, такбир келтирилганида ҳам зикрнинг нурига чидолмай, ёниб кул бўлмаслик учун қочишдан бошқа чораси қолмайди.

Мўмин Аллоҳнинг дўстидир. Аллоҳ ўз дўстига дунё ва охиратда унинг кўзлари кўрмаган неъматлар эҳсон қилади.

 

Шайх Муҳаммад Зоҳид Қўтқунинг

“Мўминнинг сифатлари” китобидан

 

[1] “Рамуз ал-аҳодис” 231/13 ровий ҳазрати Анас ибн Молик (р.а.).

2626 марта ўқилди

Мақолалар

Top