Мақолалар

Таҳажжуд намози ҳақида нималарни биламиз?

Таҳажжуд намози ҳам нафл ибодатлар қаторига кириб, улар ичида ӯқилиш вақти бир оз ноқулайлик туғдирса ҳам, унга бериладиган савоблар ва ажр-мукофотларига кӯра энг олийси ҳисобланади. Зеро, ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз таҳажжуд намозидир», деганлар. 
( Имом Муслим ривояти) 

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:  “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят).

Оятдан кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб. Хоссатан таҳажжуд намозини адо қилишга буюрмоқда ва бу намоз Қиёмат кунида гуноҳкор умматлари учун қилинадиган шафоатлари учун сабаб бўлишига ишора қилмоқда. Айнан шу сабабдан, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозига қаттиқ эътибор берардилар. Ўзлари узрсиз асло тарк қилмаган ҳолда, умматлари учун ҳам бир қанча башоратлар бериб, ушбу намозга тарғиб қилувчи бир қанча ҳадисларни қолдирганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, жаннатда ташқариси ичидан, ичкариси ташқаридан кўриниб турадиган хоналар бор. Аллоҳ у хоналарни – таом едирган, саломни ёйган ва кечаси одамлар уйқуда ётганда тунги (таҳажжуд) намозни ўқиган зотлар учун тайёрлаб қӯйгандир»  (Имом Аҳмад ривояти)

Бошқа ҳадисда эса:  «Сизлар тунги (таҳажжуд) намозини лозим тутинглар, чунки у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одати, Раббингизга яқинлашув, ёмонликларга каффорат ва гуноҳдан қайтарувчидир»  ( Имом Термизий ривояти)

Абдуллоҳ  ибн Салом розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда шундай дейилган:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам (Мадинага) келдилар. Мен одамлар орасида у зотни кўриш учун келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини кўрганимда, албатта, у зотнинг юзлари ёлғончи, каззобнинг юзи эмаслигини билдим. У зотнинг биринчи гапирган гаплари: “Эй инсонлар! Саломни орангизда кенг ёйинглар, таом улашинглар, қариндошлар билан алоқани боғланглар ва тунда, одамлар ухлаётган пайтда намоз ўқинглар. Шунда жаннатга саломат ҳолда кирасизлар” дейиш бўлди”.

Ҳадисларда айтилади: “Аллоҳ таолонинг  бандага энг яқин бўладиган ҳолати кечанинг охирги қисмидадир. Агар ўша соатда Аллоҳни зикр қилувчилардан бўла олсанг, шундай бўл!” деганлар. Яна бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг шарафи кечаси ўқиган намози ва азизлиги инсонларнинг қўлларидаги нарсадан беҳожат бўлишидир” деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Қачон эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар, зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар».

Шарҳ: Бу эса улуғ саодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда зокир ва зокираларга мағфират ва улуғ ажр тайёрлаб қўйганини айтгандир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон эр кечаси хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб таҳажжуд намози ўқиб туришлари керак.

Муҳаммад ибн Юсуф айтдилар: «Суфён Саврий тунда бизни уйғотиб, «Эй йигитлар! Ёшликда тунги таҳажжуд намозини ўқинглар. Кучга тўлган, ёш пайтингизда ўқимасангиз, қачон ўқийсиз?», дер эдилар.

Салафи солиҳлар ҳам таҳажжуд намозига қаттиқ эътибор берардилар. Чунки улар таҳажжуднинг файдаларини кўрган ва лаззатларидан баҳраманд бўлган эдилар.

Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ айтган эдилар:

«Пайғамбарлар, соф кишилар, яхши инсонлар ва покиза зотларнинг қалбида уч хил сифат бор: ҳалимлик, Аллоҳга тавба қилиб ёлвориш ва таҳажжуд намозидан насибадорлик».

 

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан: «Нима учун тунда таҳажжуд ўқийдиганларнинг юзи гўзал бўлади?» деб сўрашди. У зот шундай дедилар: «Улар Раҳмон сифатли Зот – Аллоҳ билан холи қолишганда У Зот уларга Ўз нуридан ато этади».

Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ: «Роббининг ҳузурида ҳожати бўлатуриб, саҳар вақти, яъни тонгда ухлаган киши оқил эмас», деган эканлар. Яъни, ҳожатларингизни тундаги таҳажжуд намозида сўрашни ўрганинг!

Каъб айтдилар: “Тундаги таҳажжудда қоим кишилар борки, улардан миннатдор бўлингандир. Тунда ухловчилар борки, уларнинг гуноҳлари мағфират қилингандир. Масалан, икки мўмин киши Аллоҳ йўлида бир бирини яхши кўради. Улардан бири намоз ўқиб биродари ҳаққига дуо қилади. Ва Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилади”.

Ибн Ажлон шундай деган эканлар: “Аллоҳ таоло мўминнинг кучини жисмига эмас, қалбига жойлади. Ахир қарияларни қаранг, иссиқ ҳароратда ҳам рўза тутиб, тунда таҳажжуд намозини адо қиладилар. Ваҳоланки, ёшлар бу амаллардан ожиз бўлишади”.

Абу Сулаймон Дороний: «Таҳажжуд ўқувчилар тунни ўйин-кулги билан ўтказувчилардан кўра кўпроқ лаззатга чўмганлардир», дедилар.

Иброҳим Ҳаввос айтадилар: “Қалб касалларини даволаш беш иш билан бўлади: Қуръонни тадаббур билан (маъносини англаб) тиловат қилиш, кечаси таҳажжуд намози ўқиш, саҳарларда Аллоҳга ёлвориш, дўстлар билан суҳбат ва кам ейиш”. 

Баъзи орифлар шундай деган эканлар: «Аллоҳ таоло саҳарда уйқусидан уйғонувчиларнинг қалбига нур тўлдириб қўяди. Уларнинг қалбига фойдалар тушиб, нурга бурканади. Сўнгра фойдалар уларнинг қалбидан таралиб, ғофиллар қалбига етиб боради».

Ҳикматларда айтилади:

“Жаннатдаги аввалги манзилингга қайтишни хоҳласанг, тунда таҳажжуд ўқийдиганлар водийсига кўтарилгин, чунки карвон ана шу ердан ўтади. Тонг саҳардаги дуо қазои қадарнинг ўқи эканини ҳам унутма”.

“Тунги намоз ўқиладиган уйда нур пайдо бўлади. Уни осмон  аҳли кўради. Биз тунда осмонга қараганимизда, юлдузлар  ёруғлигини кўрганимиздек, осмон аҳли ердаги нурнинг намоз  ўқувчининг уйидан таралаётганини кўради. Ундан ҳам ажабланарлиси шуки, ҳар куни уйингдаги нурни  кўришга одатланган фаришталар тунги намоз ўқимаган кунинг сени  сўраб-суриштирадилар, чунки улар уйингда зулматни кўрадилар.  Уларга сенинг беморлигинг ёки ғамга ботиб қолганинг айтилади.  Фаришталар сенга шифо ва ғамдан халос бўлишингни сўрайдилар  ёки эҳтиёжингга қараб дуо қиладилар. Чунки улар сенинг намозинг  сабабли нур таралаётган уйингни кўришни истайдилар”.

“Таровеҳ ёки таҳажжуд намозида ота-онангнинг ҳаққига қилган дуоинг уларга атаб сўйган ўнта туянгдан афзалдир”.

“Агар бизнинг кунлик режамизда икки ракатли зуҳо намози, Қуръондан кунлик вазифа, тунги витр ва таҳажжуд намози, яхши сўзлар, фақат Аллоҳ биладиган яширилган амаллар, тонг ва кечки пайт айтиладиган зикрлар бўлмаса ҳаётнинг қандай мазаси бор. Сиз кунлик жадвалингизни тартибга солиб, уни кунлик вазифаларингиздан қилиб олинг. Шунда иншааллоҳ кунингизни роҳат ва фароғатда топасиз”.

Азиз дўстим! Ушбу маълумотларни ўқигандан кейин лоақал икки ракаат таҳажжуд намозини ўқишни қасд қилган бўлсангиз, лоақал яхши ният қилган бўлсангиз, биз мақсадимизга етдик. Дуоларда эслаб қўйинг!

 

Манбалар асосида : Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби Ёрбек Исломов тайёрлади

 

 

6629 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top