Мақолалар

ХОТИНДАН ЭР  РОЗИ БЎЛМАСА...

“Хотин ўз эрини болта билан ўлдирди”, “Хотин жазмани билан эрини жонига қасд қилди”, “Эрини ўлдирди”...

Сўнги пайтларда оммавий ахборот воситалари орқали шу каби янгиликлар те-тез тарқамоқда. Минг афсуски бу воқеа хорижда ёки Ғарбда бўлаётгани йўқ. Бу машъум ҳодисалар ўзбек, мусулмон оилалар орасида бўлмоқда. Буларнинг бош сабабларидан бири эса нодон аёлнинг эрига “мен сен билан тенгман, мен билан ишинг бўлмасин” қабилида иш тутиши ва ЭРИГА ИТОАТ ҚИЛМАСЛИГИДИР.

Уламолар айтишадики, аёл Аллоҳга ва эрига астойдил итоат қилиши, розилигини қозонишга жидду-жаҳд билан ҳаракат қилиши лозим. Зеро, эр аёлнинг жаннати ёки дўзахидир.

Бу ҳақда аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Нисо сураси 34 оятида шундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир. Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир.

Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда, шундайлардан ташкил топган жамиятлар ҳам бахтсизликка дучор бўлмоқда. Бу ерда гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз “итоаткорлик” деб таржима қилаётган сўз ояти каримада “қонитатун” лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор босқидан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир”.

Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“Қайси аёл вафот этса-ю, эри ундан рози бўлса, жаннатга киради” (Термизий, Ҳоким ривояти).

Ривоят қилинадики, эрига итоаткор аёл ҳақига, модомики эри ундан рози бўлар экан, ҳаводаги қушлар, сувдаги балиқлар, осмондаги фаришталар ҳамда қуёш ва ой истиғфор айтади.

Уламолар Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан хулоса қилиб шундай марҳамат қилишган:

  • Қайси бир аёл эрига осийлик қилса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча инсонларнинг лаънати ёғилади.
  • Қайси бир аёл эрининг юзига хўмрайиб қараса, то эрига табассум қилиб, кўнглини олмагунича, Аллоҳ ундан норози бўлади.
  • Қайси бир аёл уйидан эрининг рухсатисиз чиқса, то қайтгунича, унга фаришталар лаънат айтишади.

Ҳикоя қилишларича, бир аёл эрининг қаршилиги ва норозилигига қарамасдан уйидан ташқарига чиққанда ясан-тусан қилиб юрар эди. У вафот этгач, қариндошларидан бири тушида уни кўрибди. У Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига юпқа кийимда борибди. Шу пайт бирдан шамол эсиб, аёл очилиб қолибди. Аллоҳ таоло ундан юз ўгирибди-да: “Уни чап томонидан ушлаб дўзахга ташланглар. У дунёда ясан-тусан қилувчилардан эди”, дебди.

Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Бирорта аёл дунёда эрига озор берса, у (киши)нинг ҳурул ийнлардан бўлган хотини: “Аллоҳ ҳалок қилгур, унга озор берма. У сенинг олдингда вақтинча меҳмон холос. У яқинда сендан ажраб, бизга келади”, дейди” (Термизий ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Эй аёллар жамоаси, садақа қилинглар, истиғфорни кўпроқ айтинглар. Албатта, мен сизнинг дўзах аҳлининг кўпи эканингизни кўрдим”, дедилар.

Улардан бир гапга уста аёл: 

“Эй Аллоҳнинг Расули, бизга не бўлдики, дўзах аҳлининг кўпи эканмиз?” деди.

“Лаънатни кўпайтирасиз, эрга куфр келтирасиз. Сизга ўхшаган ақли ва дини ноқисларнинг ақл эгаси устидан ғолиб бўлишини кўрмадим”, дедилар. 

Эй Аллоҳнинг Расули, ақл ва диннинг нуқсони нимадир? деди. 

Ақлнинг нуқсони – икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига тўғри келади. Бу ақлнинг нуқсонидир. Аёл бир неча кунларни намоз ўқимай ўтказади ва Рамазонда рўза тутмайди. Бу диннинг нуқсонидир, дедилар.

Бухорийнинг иборасида: 

Ҳайз кўрган пайтида намоз ўқимай, рўза тутмай қўядими? дедилар. 

Худди шундай, дейишди.

Бу диннинг нуқсонидир, дедилар шаклида келган.

 

“Мусулмонлар! Дунёдан сақланинглар ва аёллардан эҳтиёт бўлинглар!”

Имом Муслим ривояти

        

Демак, эрига итоат этмайдиган, эрини менсимайдиган ва ношукрлик қмлувчи аёллар дўзахда азоб чекиши аниқ башорат қилинган. Энди эрига қўл кўтариб, унинг жонига қасд қилган аёллар икки карра оғирроқ  гуноҳга ва шунга яраша Аллоҳнинг азобига дучор бўлади. 

Шу ўринда мазкур юқоридаги фикрлар эрига итоат қилиб, эрининг розилигини олишга интилаётган муслима, мўмина, солиҳа аёлларга мутлақо алоқаси йўқ эканлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Аллоҳ таоло барча муслима аёлларни ўз ҳидояти ва тавфиқидан адаштирмасин. 

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

5994 марта ўқилди

Мақолалар

Top