Мақолалар

Неъмат қадрига сабр орқали етилади

Набира бобосининг “Аллоҳ ҳамма нарсага қодир, У буюк қудрат эгасидир”, дея бераётган сабоғини тинглаб туриб савол берди:
– Бобожон, Худо ҳамма нарсани берувчи куч-қудрат эгаси, дейсиз, У ҳамма ишга қодир бўла туриб нега довчани тайёр ўрик ҳолида ёки буғдойни тайёр нон қилиб бермайди? Узумни-чи, аввал ғўра ҳолида кўрсатади, биз кутамиз, кутамиз... Қачон ўрик ширин бўлиб пишади... қачон ғўра узум бўлади... буғдой қачон етилиб ун бўлади-ю кейин нон?..
Кекса отахон набирасининг саволига кулиб бундай жавоб берди:
– Жон болам, биласанми, Аллоҳ бизга ўрик ёки узумни тайёр (пишган) ёки буғдойни тайёр нон қилиб берса ҳам бўлади. Аммо биз унда меваларнинг асл лаззати, мазасини сезмаймиз. Улар бизга пишиб етилишини кутиб еганимизчалик ҳузур бермасди.
Аллоҳ бизга улуғ фазилат – сабрни ато қилганки, неъматларнинг ҳақиқий таъмини кутиб яшаймиз, шундагина уларнинг маззани ҳис қиламиз. Бу инсон учун бир синов бўлади. Сабр қилсак, ғўрадин ҳалво битади.
Дарҳақиқат, бобосининг гапларини бола ҳозир чуқур англаб етмаса-да, дунёда сабр қилиб яшашнинг ҳам сурури, гашти борлигини, сабр инсонни хотиржамликка элтувчи буюк бир фазилат эканини улғайгандан сўнг, албатта, тушуниб етади.
Бугун бутун дунё халқлари, жумладан, Ўзбекистонга ҳам Аллоҳ оғир синов юборди. Мушкулот қаршисида бандаларининг ҳолатини назорат қилиб турибди. Халқимизда: Дард келганда сабр қил, бахт келганда шукр қил, – деган ҳикматли сўз бежиз айтилмаган.
Дард ва ғам инсонга Аллоҳ томонидан бериладиган синов эканлигини биламиз.
Робия розияллоҳу анҳани йиғлаб юрганини кўрганлар сўради:
– Робия, нега йиғлайсан? Ҳамма ишинг жойида, ҳеч нарсадан каминг йўқ, дардинг йўқ, ғаминг йўқ.
– Шунга йиғлайманда, – деди Робия, – Аллоҳим мени эсдан чиқариб қўйдими? Ғамим йўқ, дардим йўқ эканлиги Аллоҳ мени эсламай, йўқламай қўйганлиги эмасми?!
Демак, инсонга юбориладиган ҳар бир ғам, дард гуноҳларига каффорат бўлиши, дарду-ғам ҳам Алллоҳдан бандаларига юборилган синов эканлигини ҳар дам ҳис қилиб, бундай вазиятларда сабр қилишимиз лозим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари сабр ҳақида бундай деганлар: “Исломда сабр ахлоқий фазилатлардан бўлиб, мусулмон кишининг руҳий таянчларидан биридир. У мусулмонлар қалбига сукунат ва хотиржамлик солиб, алам бераётган дардига малҳам бўлади. Сабрли киши қийинчиликларни сабот билан қарши олади, уни “Аллоҳ тарафидан юборилган синов” деб билади.
Қуръон ва ҳадис ҳам ҳамиша бизга маёқ – йўлчидир. Ҳар иккиси “қийинчиликларга бардош бериш, одамларнинг озорларига чидаш, камбағаллик, касаллик ва яқин кишисини йўқотиш каби мусийбатларга бардош бериш”га чақиради. Мана шуларнинг барчасининг марказида сабр ётади.
Сабрсизликнинг қандай ёмон оқибатларга олиб келишини ҳаётда кўп учратамиз. Бизга Аллоҳ буюк бир САБР ато қилган. Агар шу сабримизга суянсак-чи! Ҳаммасини енгиб ўта оламиз. “Аллоҳ сабр қилган бандаларини ўзи қўллаб қувватлайди. Сабрли кишиларда уч хислат борлигини, бу хислат бошқаларда бўлмаслигини айтадилар:
Биринчиси – уларга Аллоҳнинг мағфирати бўлишидир. Бу улар учун мақтов бўлиб, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам шарафлидир;
Иккинчиси – Аллоҳнинг раҳмати. Бу етган мусибатнинг ўзи ҳам Аллоҳнинг лутфи ва эҳсонидан эканини билдиради;
Учинчиси – улар ҳидоятда юрган кишилар экани. Яъни, ҳақ ва тўғри йўлда эканлари”.
Халқимиз бошига дард келди. Ҳамма бундан хавотирда, азият чекяпмиз.
Ҳозир ҳамма уйда. Қилишимиз керак бўлган биринчи вазифа уйда қолиб вақтимизни беҳуда ўтказмаслик. Болалар ўзларини ҳақиқий боладек ҳис қилишди: ота-оналари, опа-укалари ёнларида. Дастурхон атрофида ҳамма жамул жам. Ўқилмаган китоблар ўқиляпти, рўзғорда анчадан бери кутиб ётган юмушлар охирига етяпти, қозон товоқлар ҳаракатга тушиб қолди.
Энг асосийси, болалар ота-оналари билган бирга кўчага чиқмасдан туриб, уйда ҳам вақтни кўнгилли ўтказса бўларкан.
Катта-кичик ибодатда. Аллоҳдан бандаларининг гуноҳлари, камчилик ва нуқсонлар учун истиғфор айтиш, тавба қилиш кунлари бўлмоқда бу кунлар...

Халқ ичида юрган масъул инсонлар қаторида дин аҳлларининг ҳам ўз ўрни, вазифалари бор. Ҳозир масжид ва мадрасалар ҳам ёпиқ... Аммо мударрис, имом хатибу отинойилар фаолиятини тўхтатганлари йўқ. Оммавий ахборот орқали чиқишида, интернет сайтларида халқимизнинг огоҳ бўлиши, сабрга суяниб яшашига ҳиссаларини қўшаётир.
Ҳар куни йўлланаётган истиғфору саловотларнинг сон саноғи йўқ. Булар ҳаммаси мусулмон бандаларни Аллоҳга яқинлаштирувчи, билиб-билмай қилган, қилаётган гуноҳларимизни енгиллаштирувчи омиллардир.
Аллоҳ ўзи меҳрибон, келинг азизлар, фақат «Аллоҳгагина суяниб яшайлик, фақат Ундан мадад сўрайлик». Бу синовдан эсон-омон ўтиб, ёруғликка етмоғимиз яқин, иншааллоҳ.

Дилором КАРИМОВА,
Юнусобод тумани отинойиси

2030 марта ўқилди

Мақолалар

Top