Мақолалар

“Рамазон – Куръон ойи” Каҳф сураси фазилатлари

 

Каҳф сўзи “ғор” маъносини билдиради. Бу сурада бошқа қиссалар билан бир қаторда ажойиб тарихий воқеа – Асҳоби каҳф  қиссаси баён этилган. Унда имонини сақлаш учун ғорга яширинган йигитлар тўғрисида гап кетади. Мусо алайҳиссалом  билан Хизр ҳамда Зулқарнайн қиссаси ҳам сурадан ўрин олган. Каҳф сурасида мол-мулк мақтанишга арзигулик нарса  эмаслиги, бу дунё ҳаёти ўткинчилиги баён этилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сураси бошидан ўн оят ёдласа, дажжол (фитнаси)дан сақланади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Аҳмад ривояти).

Абу Дардо  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Каҳф сураси охирги ўн оятини ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).

Дажжол  қиёматга яқин чиқиб, илоҳликни даъво қилади, одамларни йўлдан уради,  уларга осмондаги ойни ваъда қилади, қўйниларини пуч ёнғоққа тўлдиради. Каҳф сурасини ўқиб юрган одам дажжол фитнасидан йироқ бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Каҳф сурасининг  аввалини, охирини ўқиса, оёғидан бошигача нур  порлайди. Ким (сурани) тўлиқ ўқиса,  унинг учун  осмон  билан ер ўртаси(ни тўлдирадиган) нур порлайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Саид Худрий  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича,  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда-ким Каҳф сурасини нозил қилинганидек ўқиса, унга  қиёмат куни турган жойидан Маккагача  (бўлган масофада) нур порлайди. Ким бу сура охиридан ўн оят ўқиса, дажжол чиққанда унга ҳукмини ўтказолмайди”, деганлар (Имом Насоий, Имом Ҳоким ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким уйқуга  кетишдан олдин Каҳф сурасидан ўн оят ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади. Ким уйғонганида Каҳфнинг охирини ўқиса, қиёмат куни бошидан оёғигача нурга тўлади”, дейилган.

Каҳф сурасини  исталган вақтда ўқиса бўлади. Лекин  муборак жума кунида ўқилса, нур устига нур бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, унинг учун ўзи билан икки жума ўртасини ёритувчи нур порлайди” (Имом Ҳоким ривояти).

 

3153 марта ўқилди

Мақолалар

Top