Мақолалар

Қаноат туганмас бойликдир

Инсон ўзида мавжуд бўлган  касб-ҳунар, иқтидор, саломатлик, офият кабиларга рози бўлиши ва шунга қаноатланиши саодат калитидир. Қаноатли инсонлар ўзларини доим бахтли ва саодатли ҳис қиладилар ва ҳаётдан нолимайдилар. Аслида қаноат инсоннинг қўлга киритган энг бебаҳо бойлиги бўлиб, у ҳеч нарсага алмаштирилмайдиган неъматдир. Қаноат инсоннинг қалбига доимий хотиржамлик, сурур ва сакинат бахш этади. Қаноат соҳиби Аллоҳ таолонинг тақсимотига чин юракдан рози бўлади ва ҳарис бўлиб, дунё лаззатлари орқасидан қувмайди. Балки, у мавжуд неъматларни борича қабул қилиб, шундан бахт ва саодат ҳаловатини ҳис қилади. Қаноат инсонга роҳат ва сурур бахш этибгина қолмай, у айни дамда бошқаларга ҳасад кўзи билан қарашдан ҳам сақлайди. Қаноатли инсон бошқанинг қўлидаги турли неъмат ёки имкониятга кўзи жовдираб, унга ҳасад билан қарамайди ва қалбида ҳеч қачон танглик, дилхираликни ҳис қилмайди. Қадимгилар: “Қаноатли бўл! Инсонларнинг энг бойи бўласан!” деб бежиз айтмаганлар. Айниқса инсоларда дунёга муҳаббат авж олган ҳозирги даврда қаноатли бўлиш ҳар бир мўмин-мусулмон кишининг долзарб вазифасидир.  Зеро, Аллоҳ таолонинг тақдирига, унинг тақсимотига рози бўлиш, мусулмон кишининг эътиқодий бурчи бўлиши билан бир қаторда инсонийлик сифатларидан бири ҳамдир. Абдуллоҳ ибн Миҳсон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Қайси бирингиз турар жойида (масканида, оила-аъзосида) хотиржам тонг оттирса, тан-сиҳати офиятда бўлса ва кунлик ризқи мавжуд бўлса, унда дунё (неъматлари) тўла тўкис жамлангандекдир,” деганлар ( Имом Термизий ривояти) 

Сабр ва қаноат ойи бўлмиш муборак Рамазон ойидамиз. Барчаларимиз ушбу ойни муносиб ўтказиб, унда нафсимизнинг тарбияси билан машғул бўлишимиз ва ўзимизда қаноатдек бебаҳо неъматни сайқаллаб, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш барчаларимизга насиб айласин!

 

Саййид Муҳйиддин Махдум ўрта махсус

ислом билим юрти 4-курс талабаси

Қаҳрамонов Абдурашид.   

1917 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « И С Т И Ғ Ф О Р Саодатга чақирувчи воиз »

Мақолалар

Top