Мақолалар

Масхаралаш

Бандаларини Ўзининг муқаддас, мўжиз Каломини ўқишни ўрганиш бахтига мушарраф этган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсин.

Ўз умматларига: «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганингиздир»  дея, уларни ушбу Каломи Раббонийнинг таълимига тарғиб қилган ва бунда ўзи энг гўзал намуна бўлган Набийимиз Муҳаммад мустафога Аллоҳниг салоту саломлари бўлсин.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا يَسْخَرْ قَوْمٌ مِنْ قَوْمٍ عَسَى أَنْ يَكُونُوا خَيْرًا مِنْهُمْ وَلَا نِسَاءٌ مِنْ نِسَاءٍ عَسَى أَنْ يَكُنَّ خَيْرًا مِنْهُنَّ وَلَا تَلْمِزُوا أَنْفُسَكُمْ وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ بِئْسَ الِاسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الْإِيمَانِ وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

“Эй мўминлар, бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол, улар (масхара қилинган қавм) (Аллоҳ наздида) булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол, улар (масхара қилинган аёллар) булардан яхшироқдир. Ўзаро бир-бирларингизни мазах қилманг ва бир-бирингизга лақаб қўйманг. Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзларига зулм қилувчидирлар”( Ҳужурот 11).

Бир инсон бир инсонни ўз ўлчови наздида паст санаши масхаралаш дейилади. Бир киши учун арзийдиган нарсани биров назарписанд қилмасдан уни ҳақир санаши. Масалан: кимнингдир ўғил фарзанди йўқ, ҳаммаси қиз. Ўғил фарзанди бор инсон, ўғли йўқ кишини камситиши ёки мансабдор шахс мансабсизни таҳкирлаши, оддий кийинган кишини башанг, зўр кийинган кимса назарписанд қилмаслиги ва ҳоказо...

Уламолар айтади, масхаралаш ва кишининг устидан кулиш бу динсиз, мунофиқ ва кофирларга хос сифатдир.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « مَنْ عَيَّرَ أَخَاهُ بِذَنْبٍ لَمْ يَمُتْ حَتَّى يَعْمَلَهُ ».

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир биродарини бир айбда айбласа, ўша айбга мубтало бўлмасда ўлмайди” деганлар. (Имом Термизий ривояти).

Бир инсонни бор камчилиги билан ёки касаллиги туфайли айблаб таҳқирлаган кишини Аллооҳ таоло ўша ҳолатга туширмасдан жонини олмайди.

عَنْ أَبِي جُرَيٍّ الْهَجْمِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : أَتَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم - قُلْتُ : يَا رَسُولَ اللَّهِ اعْهَدْ إِلَيَّ ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم : وَإِنِ امْرُؤٌ عَيَّرَكَ بِشَيْءٍ يَعْلَمُهُ فِيكَ فَلا تُعَيِّرْهُ بِشَيْءٍ تَعْلَمُ فِيهِ فَيَكُونُ وَبَالُ ذَلِكَ عَلَيْهِ وَأَجْرُ ذَلِكَ لَكَ

Абу Журай (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг олдиларига келиб, дедим: “Ё Расулаллоҳ, менга васият қилинг”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилдилар: “Бир киши сени айбингни билиб олиб, юзингга солса, сен унинг айбини билсанг ҳам, юзига солмагин. Қўявер балоси ўзига, савоби сенгадир” дедилар. Ибн Ҳиббон ривояти.

عن عائشة رضي الله عنها قالت : مَرَّ رَجُلٌ مُصَابٌ عَلَى نِسْوَةٍ فَتَضَاحَكْنَ بِهِ يَسْخَرْنَ فَأُصِيْبَ بَعْضُهُنَّ

Оиша розияллоҳу анҳо: “Мусибатга учраган бир киши бир гуруҳ аёллар олдидан ўтди. Аёллар уни масхара қилиб, кулишди. Ўша аёлларнинг кўпчилиги ўша мусибатга мубтало бўлишди” дедилар. Имом Бухорий ривояти.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « الْمُسْلِمُ أَخُو الْمُسْلِمِ لاَ يَخُونُهُ وَلاَ يَكْذِبُهُ وَلاَ يَخْذُلُهُ كُلُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ حَرَامٌ عِرْضُهُ وَمَالُهُ وَدَمُهُ التَّقْوَى هَا هُنَا بِحَسْبِ امْرِئٍ مِنَ الشَّرِّ أَنْ يَحْتَقِرَ أَخَاهُ الْمُسْلِمَ ».

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон мусулмон билан ака-укадир. Мусулмон мусулмонга хиёнат қилмайди, бир-бирини алдамайди, ёрдамсиз қолдирмайди. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа бир мусулмоннинг жонига, молига тажовуз қилмоғи ва обрўйини тушурмоғи ҳаромдир. Тақво мана бу ерда бўлади”, деб қалбларига ишора қилдилар, “Мусулмон ўз биродари мусулмонни масхаралаб ҳақорат қилмоғи, унинг ёмон эканлигига кифоя қилади” дедилар. Имом Термизий ривояти.

Аллоҳ таоло Ўзи азиз ва мукаррам қилиб яратган инсонларни хақорат қилиб, масхаралаб ва камситиб, натижада шу иллатлар туфайли икки дунё саодатидан бебаҳра қолишдан Яратган Раббимиз бизларни асрасин.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

 Тожиддинов Абдуссомад Абдулбосит ўғли

5371 марта ўқилди

Мақолалар

Top