Мақолалар

Кўмакчи ролидаги фирибгарлар...

Бир инсонга хасталик, дард, муҳтожлик етди ёки моли ё жонига бало келди. Бу Аллоҳнинг тақдири. Аммо динимиз бизни муҳтож, ночор ва беморларга ёрдам қўлини чўзишга буюрган.

Дард чекаётган муҳтож беморга ўзгалардан келадиган бир сўм ҳам катта ёрдамдек кўринади. Чунки уламолар: “Садақа ва эҳсон ночорнинг қўлига етиб боришдан аввал Аллоҳнинг даргоҳига боради”, дейдилар.

Шу билан бирга, динимизда ўғриликнинг жазоси ўта оғирлиги маълум ва машҳурдир. Агар ўғри садақа ва эҳсон пулини, бўлганда ҳам оғир хасталикдан қийналган ночор учун қилинган хайрияларни ўғирласачи? Афсуски, жамиятимизда шу даражада нобакор, ҳаромдан ҳазар қилмайдиган кимсалар ҳам бор экан.

Эътиборингизга икки аянчли воқеани ҳавола этамиз.

Биринчи воқеа. Тасаввур қилинг: телеграм гуруҳларидан бирида бир нотаниш инсон ҳаммадан ёрдам сўрамоқда. “Азизлар ёрдам қилинг! Қизим оғир бетоб. Даволаниши учун катта миқдорда пул керак. Қўлингиздан келгунча оз бўлса ҳам ёрдам қилинг. Бугун унинг туғилган куни. Ҳеч бўлмаса бугун уни юзига табассум югурсин”.  

Жуда таъсирли қилиб ёзишга ҳаракат қилган. Сўнгра унга жавоб ёзасиз:

– Қизингизга, албатта, ёрдам берамиз. Инша Аллоҳ, шифо топади. Исми нима?

– .....

– Касаллик тарихини юборсангиз, илтимос. У касаллик тарихини юборди.

Унда қизчанинг жуда оғир хасталик ташхиси, сурати ҳамда шахсий маълумотлари ёзилган. Во ажаб! Не кўз билан кўрингки, қизнинг исми ва туғилган санаси ёрдам сўраган одам ёзганидан мутлақо фарқ қилиб турибди...

Ўзига қайта алоқага чиқиб вазиятни тушунтирсак, дарҳол бизни “қора рўйхат”га тиқиб қўйди. Демак, фирибгар.

Иккинчи воқеа. Вилоятларнинг бирида хайрия мақсадида очилган телеграм гуруҳида бемор юртдошимиз учун анчагина маблағ йиғилди. Аммо ҳали етарли бўлмагани учун хайрия давом этарди. Ахборот технологиялари мутахассислиги бўйича таълим олаётган йигит беморга қўнғироқ қилиб катта миқдорда эҳсон қилмоқчи эканлигини айтади ва: “Ҳозир сизга махсус код боради, шуни менга айтсангиз пул ҳисобингизга тушади”, дея ишончига киради. Табиийки, муҳтож биродаримиз яхши ниятда унинг айтганини қилади. Натижада эса ҳисоб рақамидаги мавжуд хайрия пулларининг барчасидан айрилади. Нақадар жирканчлик, ўта кетган фирибгарлик!

Афсуски, бундай ҳолатлар кейинги пайтда кўп бор такрорланмоқда. Энг ачинарлиси, яқинда пойтахтда қурилаётган масжид учун йиғилган хайрия пулларини  фирибгарлик орқали ўзлаштирмоқчи бўлган (Аллоҳнинг уйидан ҳам ўғирламоқчи бўлган фосиқ) “саховатпеша” ҳақида ҳам хабар топдик.

Хўш, бундай тоифадаги “одам”ларни нима деб аташ мумкин? Буларнинг ҳукми нима? Дунё ва охиратда ҳолати қандай бўлади?

Аввало, ҳар қандай важ-сабаби бўлмасин, улар ЖИНОЯТЧИ. Улар қаерга беркинмасин, давлатимиз қонунларига кўра, жиноятига муқаррар жазо берилади.                                                                                                                

Динимизда эса бундай йўл билан пул топиш қатъий ҲАРОМ қилинган.

Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримда бундай буюради: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг (Нисо сураси 4-оят). Яна бир ояти каримада: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида кўп нарсаларни васият қилдилар. Шулар қаторида кишиларнинг молини ноҳақ йўл билан ейишдан қайтардилар. Жумладан: “Огоҳ бўлинглар, албатта Аллоҳ таоло қонларингиз ва молларингизни бир-бирингизга ҳаром қилди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Мусулмон кишининг қонини тўкиш баробарида унинг молини ҳам турли хил Аллоҳ ҳаром қилган йўллар билан ейиш ҳаром қилинди.

Бировнинг ҳақидан қўрқмай, қинғир йўллар билан мол-дунё топиш тўғрисида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзиган ғуборга айлантириб қўяди, ўзлари эса дўзахга улоқтирилади”. Шунда саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ, бундай бўлишининг боиси недир?” деб сўрашди.  Пайғамбаримиз: “Улар намоз ўқир, рўза тутар, ҳаж қилар эдилар, бироқ бирон-бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис Аллоҳ уларнинг амалларини йўққа чиқарди”, деб жавоб бердилар (Имом Табароний ривояти).

Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг”, дедим. У зот: “Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуойинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насоий ривоятлари).

Фирибгар ва ҳаром йўллар билан пул топаётганларга хитобимиз: тавба қилинг ва Аллоҳга қайтинг! Бундай одам қандай тавба қилиши ҳақида қуйидаги ҳадисда таъкидланган: “Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳақини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг яхшиликлари ҳақдорга олиб берилади. Агар яхшиликлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади” (Муттафақун алайҳ).

Саидаброр Умаров

2016 марта ўқилди

Мақолалар

Top