Мақолалар

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ: Китоб назмининг сабаби (Тўртинчи мавзу)

 

Китоб назмининг сабаби

 

Билгасен, эй хужастайи фарзанд,

Жигарим бирла жонима пайванд;

Масъалаларки, ул зарур эрди,

Билмасанг, динингга қусур эрди.

Етди  кўнглумғаким,  йиғиштурсам,

Назм тартибида сиғиштурсам,

То ани забт қилгасен осон,

Ул масоилни билгасен яксон.

Тонглалиқ кундаким, ҳисоб ўлғай,

Менга ажру сенга савоб ўлғай.

Ушбу нийятки, мен қилиптурмен,

Ул масойилки, мен билиптурмен,

Жамъида  саъйу иҳтимом қилай,

Сенинг отингға мен тамом қилай.

Бебақо дунё иши саҳлдурур,*

Дин ишин қилғай улки, аҳлдурур.

Дину донишда ҳар кун афзун бўл,

Давлату бахт ила Ҳумоюн бўл.

Комрон бўл жаҳонда, давлат кўр,

Юз туман обрўю иззат кўр.

 

*ИЗОҲ. Бутун умри меҳнат, машаққат, дард ва жангу жадаллар  билан ўтган шоҳ Бобур «Бебақо дунё иши саҳлдурур» дея ўткинчи дунёнинг ишини енгил ва осон деб санаши ва охират ишига улкан аҳамият бериши у зотнинг қандай улуғ қалб, собит иймон ва эътиқод эгаси эканлигини англатади.

 

НАСРИЙ БАЁН

*   *   *

Китоб назм қилиниши («Мубайян» асари ёзилиши) сабаби

 

ИЗОҲ.  Заҳируддин  Муҳаммад  Бобур  «Мубайян»  асарини  ёзишга киришар экан, «Китоб назмининг сабаби» бўлимида ўз фарзандлари Ҳумоюн Мирзо ва Комрон Мирзога хитоб қилади.

 

Эй  муборак,  яхши,  бахтли  фарзандим!  Сен  жону  жигаримга пайвандсан. Билгилки, шундай зарур масъалалар бор эдики, агар уларни билмасанг, дининг-иймонингга қусур-нуқсон етар эди. шу сабабдан, кўнглимга келдики, бу масъалаларнинг барчасини жамласам ва назм тартибига солиб, баён этсам, токи уни эгаллашинг осон бўлсин, у масъалаларни бирдай билиб олгин. Бундан эрта қиёмат кунида ҳисоб-китоб бўлган вақтда (ҳар кимдан ҳисоб сўралганда) менга ажр-мукофот, сенга ҳам савобу натижа бўлгай».

 

Модомики мен ушбу ниятни қилган эканман, ўзим билган барча (илмий, эътиқодий ва фиқҳий) масалаларни жамлашда саъйу ҳаракат,  ғайрат,  диққат-эътибор  ва  ҳиммат  кўрсатайин.  Уни  сенинг номингга бағишлаб, тамом қилайин, мукаммал охирига етказайин.

 

(Чунки) ўткинчи дунёнинг иши саҳл — енгил, арзимас ва осондир, аммо дин ишини эса фақат аҳли – лаёқати, алоқаси, ҳаққи-ҳуқуқи бўлган, бу илмга эга бўлган киши қилади.

 

Дину донишда ҳар кун ортиб, равнақ топиб, давлату бахт билан Ҳумоюн бўл, муборак бўл, яхши – хужаста, бахтиёр бўл. Жаҳонда Комрон  –  муродига  етган  саъодатли  инсон  бўл,  давлат  кўр,  юз минг обрўю иззат кўр!

 

ИЗОҲ.  Бобур  Мирзо  мазкур  байтларда  икки  фарзандининг  исмини айтиш  билан  бу  исмларнинг  маъноларига  эътибор  қаратмоқда  ва  шу номларга  муносиб-мувофиқ  инсонлар  бўлишни  васият  қилмоқда. 

 

Фарзандларига  ва  улар  орқали  бутун  халқ  оммасига  динни  таълим  қилиш, эътиқод,  фиқҳ  масалаларини  ўргатиш,  хусусан,  фарзандларининг  давлат  юритиш  ишларида  дину  диёнатда  мустаҳкам  бўлишларини  таъминлаш асар ёзилишининг асосий сабабларидан эканлиги маълум бўлмоқда.

 

Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК

1616 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top