Мақолалар

Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит I 16-ўгит: Таҳажжуд намозига одатланинг!

  Аллоҳ ва Унинг Росулидан юз ўгит!  16-ўгит: Таҳажжуд намозига одатланинг! 

Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган:  “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро сураси, 79-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  «Сизлар тунги (таҳажжуд) намозини лозим тутинглар, чунки у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одати, Раббингизга яқинлашув, ёмонликларга каффорат ва гуноҳдан қайтарувчидир»  ( Имом Термизий ривояти)

            Хулоса:

  1. Таҳажжуд намози нафл (ихтиёрий) ибодатлардан биридир. Лекин, савоби ва фазилатлари жудаям кўпдир.
  2. Аллоҳ таоло ушбу намозни номини айтиб зикр қилиши ва айнан шу намозни адо қилишга буюриши таҳажжуд намозининг даражаси юқори эканлигига далолат қилади.
  3. Таҳажжуд намозини доимий ўқиб юрадиган кишиларни Аллоҳ таоло Қиёмат кунида жаннат аҳлларининг кўпи ҳавас қиладиган мақомда тирилтиради. Ҳамда уларга яқинларини шафоат қилиш ҳуқуқини беради иншааллоҳ.
  4. Таҳажжуд намозини ўқиш фақатгина Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки у кишининг умматларига хос эмас, балки, ушбу намоз ер юзида яшаб ўтган барча солиҳ кишиларнинг одатлари бўлган.
  5. Таҳажжуд намози Аллоҳ таолонинг розилигига яқинлаштиради.
  6. Банданинг ёмон амалларига каффорат бўлади. гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади.
  7. Қолаверса, таҳажжуд намозини ўқигувчи кишини Аллоҳ таоло маъсиятлардан тўсиб қўяди. Гуноҳ амалларни қилмаслиги учун тавфиқ ва сабр бериб қўяди. 

Аллоҳ таоло барчамизни таҳажжуд намозини адо қиладиган бандаларидан қилсин! Ушбу ибодатни лаззатини ҳис қилиб, шу лаззат ишқида тунларни бедор ўтказишга тавфиқ берсин. Қиёмат кунида мақталган мақомда тириладиган бандалари сафидан жой берсин! 

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби:

Ёрбек Ислом

1886 марта ўқилди

Мақолалар

Top