Мақолалар

Бидъат

“Бидъат” сўзи луғатда “бирор нарса­ни янгидан пайдо қилиш”, “ўйлаб то­пиш” деган маъноларни англатади. Фиқҳ энциклопедиясида бу сўзга қу­йидагича изоҳ берилган: “Ким бир нарсани пайдо қилса, янгилик қилган бўлади. Агар уни амалда қўлласа, бар­по этган, бошлаб берган бўлади”.

Изз ибн Абдуссалом бидъатга: “Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давр­ларида бўлмаган нарса”, дея таъриф берган.

Уламолар бидъатни иккига: “бидъати ҳасана” – “яхши бидъат” ва “бидъати саййиа” – “ёмон бидъат”га ажратишган.

Имом Шофиъий: “Янги пайдо қилинган ишлар икки хил бўлади. Биринчиси, Қуръон, суннат, асар (саҳобий ва салафи солиҳлар сўзи) ёки ижмога хилоф бўлган янгилик­лар бўлиб, бу ёмон бидъат ҳисобланади. Иккинчиси, яхши нарсалар учун пайдо қилинган ишлар бўлиб, бу яхши бидъат ҳисобланади”, деган.

Эътиқод ва ибодат масалалари мукаммал бўлган. Эндиликда ким ақидага ёки ибодатларга ўзгартириш киритмоқчи бўлса, ёмон бидъат қилган бўлади. Кимдир икки ракатли фарз намозни тўрт ракат ўқиса ёки шунга ўхшаш ишни қилса, адашади.

Яхши бидъат эса диннинг аслига янгилик киритиш маъносида эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Хандақ” жан­гида Мадина атрофига ўра қаздириб, уни сувга тўлдиртирганлар ва шу орқали ша­ҳарни мудофаа қилганлар. Бу яхши бидъат, чунки аввал бундай қилинмаган эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръонни ­китоб ҳолига келтирдилар. Умар розиял­лоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу мусулмонларга имом бўлиб таровеҳ намозини ўқиганларини кўриб, “Қандай яхши бидъат”, деганлар. У зот биринчи бўлиб денгиз флотини ташкил қилди­лар. Ҳолбуки, бу ишлар Пайғамбар алайҳис­салом даврларида бўлмаган. Саҳобалар: “Бу залолатдир”, дейишмаган.

Шариатнинг мақсад ва моҳиятини яхши тушунмаган кишилар янги пайдо бўлган барча нарсани, диннинг аслига таъсири бўлмаса-да, бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахга элтади, дейишади. Бу – нотўғри.

Бидъат бўлади деб кўзойнак тақмаган, машина минмаганлар адашади. Ислом – саодат дини. Инсон манфаатларига хизмат қиладиган ҳар қандай эзгу ишни, янгиликни қўллаб-қувватлайди.

Имом Ноблусий бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ҳар қандай бидъат залолатдир”, деган ҳадисларида шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат ёки ибодат масалаларида бирор янги нарсани қўшишдир».

Манбалар асосида

Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ

тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йилдаги 1-сонидан олинди

2327 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top