Мақолалар

Даврий нашрларимизда: Тўғри эътиқод – бахту саодат гарови

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсуддин БАҲАУДДИНОВ билан суҳбат.

 

– Ассалому алайкум, муҳтарам домла. Ҳо­зирги кунда ижтимоий тар­моқлардаю ижти­моий ҳаётда турли баҳс­лар, ай­ниқса, Ис­лом динида нима тўғри, нима нотўғрилиги ҳақида билиб-билмай давомли тортишувлар тез-тез кўз­га ташланмоқда. Бу­лар орасида, айниқса, ақида масаласи долзарб бўлиб турибди. Бугунги суҳбатимизни эътиқод мавзусига ба­ғиш­ласак...

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Ислом шариати Шарқ ўлкаларида тарқалиб, Марказий Осиё халқларининг асосий динига айлангач, Мовароуннаҳр ҳудуди фиқҳ, тафсир, ҳадис, ақида (калом) илмлари, шунингдек, араб тили ҳамда унга тегишли фанлар ривожининг маркази бўлди. Бу замин Ислом уммати учун қанчадан-қанча забардаст олиму уламолар, мутафаккир ва саркардалар етказиб берди. Хоссатан, ақоид илми имомлари Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин На­сафий, Сўфи Оллоёр каби кўплаб пешволарни санаш мумкин.

Аллоҳ Ўзининг охирги пайғамбарини бандалари орасида ширк амали авж олган даврда юборди. Сабаби, Ислом нуқтаи назаридан ширк амали гуноҳларнинг каттаси ва бандаларни азиз инсон мақомидан махлуқот­ларга сиғинувчи хор тоифага айлантириб қўядиган иллат саналади. Ширк тавҳиднинг зидди, жамиятни инқироз­га олиб борувчи офатдир. Шунинг учун сўзлаганда ҳам, ёзганда ҳам ҳар бир сў­зимизга эътиборли, масъулиятли бўлишимиз шарт.

Юртимизнинг баъзи ҳу­дудлари, айрим юртдош­ларимизда, билмаган ҳол­да бўлса-да, ширк аломатлари кўзга ташланиши ачинар­ли, ташвишли ҳолдир. Аллоҳ­ни ёлғиз деб билиб, фа­қат Ун­га­гина ибодат қилиш, Ўзи буюрган нар­саларда со­битқадам­лик, қайтарган нарсалардан қай­тиш эса асл эътиқод ҳисобланади.

– Инсон дунёга умрини беҳуда баҳслар­га сарфлашгамас, Ал­лоҳни таниш, Унга ибо­дат қилиб, итоа­ти­ни билдириб туриш учун яра­тилган. Қуръо­ни ка­римда: “Мен жинлар ва инсонларни фа­қат Ўзимга ибодат қилиш­лари учунгина ярат­­дим” (Зориёт сураси, 56-оят)дейилган...

– Сиз айтаётган беҳуда ишларнинг кўпи ақидани билмаслик, диний тушунчаларда бўшлиқ ёки хатолик борлигидан юзага келади. Чунки ақида илми ислом динининг асосини ташкил этади. У тўғри бўлмаса, қилинган ибодатлар Аллоҳ даргоҳида қабул бўлмайди. Ақида гўёки дарахтнинг танаси, бошқа илмлар унинг шохлари, япроқлари каби­дир. Бошқача айтганда, ақи­да илми иморатнинг пойде­во­ри каби, у бўлмаса, қий­шиқ, нотўғри бўлса, иморат қулаб тушганидек, ақида тўғри бўлмаса, қилинган ибодат­лар бекор бўлади. Сўфи Оллоёр бобомиз:

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса, елдур,

дея ақидага бежиз урғу бер­маган. .

Пайғамбаримиз Муҳам­мад соллаллоҳу алайҳи ва саллам йигирма уч йиллик пайғамбарлик даврининг ­аввалги ўн уч йилини ақидани тўғрилашга сарфлаганлар. Чунки авваламбор ақида орқали мусулмонларнинг қалбларига Аллоҳнинг зот ва сифатлари, тавҳид, тақдир, охират тўғрисидаги эътиқодий масалалар, дунё, гуноҳ, савоб, жаннат, дўзах, фаришталар, илоҳий китоб­лар ва пайғамбарларга нисбатан тўғри муносабатда бў­лишни ўргатиш керак эди. Пайғамбарликнинг кейинги ўн йилида намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар фарз қилинди.

– Самовий динларга қа­ралса, ақиданинг маъноси Одам алай­ҳис­саломдан Муҳам­мад алайҳис­салом­га­ча ўз­­гармаган. Барча пай­ғам­­барлар даъват қил­­­ган ғоя Аллоҳнинг бо­­­ру бирлигига имон кел­­ти­риш, Унинг азалдан борлиги, абадий бор бўлиши, инсонни яра­­тиб, Ўзига ибода­ту ито­­атга чорла­ганини қам­­раб олади.

– Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад!) Сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: “Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат қилингиз!” деб ва­ҳий юборгандирмиз» (Ан­биё сураси, 25-оят).

Яна: «(Эй имон келтирганлар! Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”» (Шўро сураси, 13-оят).

Демак, ҳақ дин ўзгармас ва ягонадир. Бугунги кунда инсонларнинг тилида такрорланаётган “самовий динлар” деган ибора хато. Чунки ердаги набийлар ва расуллар юборилган ҳамда даъват қилиб келган дин биттадир. Ахир, қандай қи­либ ҳақ дин анбиё ва ра­сулларнинг тилида бир неч­та ва турли хил бўли­ши мумкин?

– Ақида борасида ай­тилган сўзлар хабар бериш қабилидан бў­лади. Бир хабарни бир неча шаклда ва турли кўринишда нақл қилиш дурустми?

– Ўзини Ислом уммати­дан деб билган киши, албат­та, ширкнинг ҳар қандай кўриниши ва турларидан сақланиши лозим ва шарт. Бунинг учун эса, илм ўрга­ниши ва ўзида соф эътиқод­ни ҳосил қилиши керак.

Бугунги глобаллашув за­монида юз бераётган турли диний-ақидавий хуруж ва бузғунчи ғоялардан сақла­ниш, бу борада аждод­лар томонидан ёзиб қол­ди­рилган бой илмий мерослар билан яқиндан тани­шиш, уларни чуқур ўрганиш му­ҳим ишлардандир. Ҳақ бит­та, ҳақиқат битта. Уни турлича талқин қилиб, одамларни чалғитиш гуноҳдир.

Муҳтарам Президенти­миз Шавкат Мирзиёев ўз нутқи­да: “Элимизга Ислом дини­ни тўғри тараннум этиш – жуда катта тарбия. Имом Бухо­рий, Имом Термизий каби бобокалонларимиз ҳақи­да фильмлар ишланмаётганлиги кўнглимни оғритади”, деган эдилар.

Зеро, Исломнинг асли бўлган эътиқод масаласини буюк мутафаккир, мута­каллим боболаримиз мерослари замирида ўрганиб, чуқур таҳлил қилиш, ҳаётга татбиқ этиш устувор вази­фа­миздир.

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.


“Ҳидоят” журналининг 7-сонидан олинди

1709 марта ўқилди

Мақолалар

Top