Мақолалар

Ким зулм билан бир қарич ерни олса...

Ўнта жаннатий деб башорат берилган саҳобалардан бири Саъид ибн Зайд розиёллоҳу анҳунинг ери бор эди. Арво деган аёл Мадина волийси Марвон ибн Ҳакамнинг олдига бориб у ерни ўзиники эканлигини айтиб даъво киритди. Марвон ибн Ҳакам текшириш учун Саъид ибн Зайд розиёллоҳу анҳунинг уйига одам юбориб Арво ерни даъво қилаётганини айтди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бўлмиш Саъид розиёллоҳу анҳуга бу гап оғир ботди ва уларга шундай деди:

  “Мени у аёлга зулм қилаяпти деб ўйлаяпсизларми?! Қандай қилиб унга зулм қиламан. Ахир мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким бир қарич ерни зулм билан эгалласа қиёмат куни бўйнига етти қават ер мунчоқ қилиб осиб қўйилади”, деганларини эшитганман. Эй Аллоҳ! У аёл мени зулм қилди деб даъво қилаяпти. Агар у ёлғончи бўлса унинг кўзини кўр қилгин ва қабрини ҳовлисида қилгин!”.

   Аллоҳ таоло Саъид ибн Зайд розиёллоҳу анҳунинг дуосини ижобат қилди.  Арвонинг кўзлари кўр бўлиб қолди. У уйида юрганида ҳовлидаги қудуққа тушиб кетди. Уни чиқариб олишга кишилар қодир бўлмагач унинг устидан тупроқ тўкиб қудуққа дафн қилишди. Унинг қабри ҳовлисида бўлди.

  Бу ҳадисдаги иккита нуқта:

Биринчиси: Мазлумнинг дуосидан қўрқинг. Кофир бўлса ҳам қўрқинг. Энди у мазлум солиҳ бўлиб, саҳоба бўлиб, жаннат башорати берилган кимса бўлсачи?!

   Ким Аллоҳнинг дўстини душман тутса Аллоҳ унга қарши уруш очади. Солиҳ инсонлар ер юзидаги Аллоҳнинг аҳли ва Унинг хосларидир. Аллоҳ ўз аҳлини ва хосларини ташлаб қўймайди.

  Иккинчиси: Инсонларнинг ҳаққи борасида Аллоҳдан қўрқайлик. Аллоҳнинг ҳузурига Аллоҳ билан ўзи ўртасидаги мингта гуноҳ билан бориш, гарданида банданинг ҳаққи билан боришдан яхшироқдир. Аллоҳ таоло Ўз раҳмати ва авфи билан Ўз ҳаққидан истаса воз кечиши мумкин. Аммо адолати билан бандалар ҳаққини олиб беради.

   Эй меросдаги ака-укалари ҳаққини эгаллаб олганлар! Эй мардикорни ишлатиб ҳаққини бермасдан ҳайдаб юборганлар! Эй гувоҳсиз бировдан қарз олиб ундан тонадиганлар! Эй ёлғон гувоҳлик бериб ҳақни ноҳақ ва ноҳақни ҳақ қиладиганлар! Ўзингизга келинг. Охират маҳкамаси қоим қилиниб самолар ва ернинг Қозиси маҳкамага тортмасидан ҳақларни эгаларига қайтаринг. У ерда доллар йўқ, сўм йўқ. Ўша кунда золим қутилиш учун бутун борлиғини беришга тайёр бўлади. Аммо ундан қабул қилинмайди.

   Бугун амал бор, жазо йўқ. Эртага эса жазо бор, амал бўлмайди. Ҳаром қилинган қонни тўкмасдан, бировга зулм қилмасдан Аллоҳга йўлиққанларга, бировнинг обрўсини тўкмасдан, молини емасдан охиратга борганларга саломлар бўлсин!

Абдулқодир Полвонов

1810 марта ўқилди

Мақолалар

Top