Мақолалар

Даврий нашрларда: Ўттиз икки соқчиси бор, бироқ...

Тил – бебаҳо неъмат. Барча аъзолардан биттадан гуноҳ содир бўлса, тилдан бир нечта гуноҳ, яъни ғийбат, ёлғон, қасамхўрлик, чақимчилик, туҳмат, манманлик, ҳақорат, беҳаё сўкиниш ва ҳоказолар содир бўлади. Тилни асраш ҳақида жуда кўп оят ва ҳадислар келган. Уларга амал қилишни ҳар ким ҳам эплай олмайди. Бу борада улуғларимиз бизга ўрнак бўлганлар.

Улуғ олим, мударрис, мутасаввиф, хаттот, қори Абдураҳим Мадиёр Қурбонов Бухоро шаҳар “Тагбандбофон” масжидида мутавалли вазифасида бир неча йил ишлаган. У кишидан сўнг бу ишни ўғли, устоз Абдулбосит домланинг отаси Абдусамад Раҳимов давом эттирган.

Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одам фарзанди эрталаб уйқудан уйғонган пайтда жасадининг барча аъзолари уйғонади ва улар тилга айтишади: “Орамизда сен Аллоҳдан (кўпроқ) қўрқ! Чунки сен тўғри бўлсанг, биз тўғри бўламиз. Сен эгри йўлга кетсанг, биз ҳам эгри йўлга кетиб қоламиз, дейди”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).

Умар ибн Хаттоб розий аллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розий аллоҳу анҳунинг қўли билан тилини чўзаётганини кўриб: “Эй Расулуллоҳнинг халифаси, нима қиляпсиз?!” деб сўради. Шунда Абу Бакр Сиддиқ: «Бу мени кў п ҳалокатга етаклайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алай ҳи ва саллам: “Жасадда Аллоҳга шикоят қилмайдиган бирорта аъзо йўқ. Шулардан энг ғазабнок ва ўткири тилдир”, деганларини эшитганман», деди (Имом Абу Дунё ривояти).

Ҳазрат Хўжа Али Ромитаний айтади: “Тилни Худо яратди, уни оғизга зиндон қилди ҳамда ўттиз иккита соқчини қўйди”.

Саъдий Шерозий айтади:

Кимки андишасиз сўзласа жавоб,

Сўзи эътиборсиз, чекар изтироб.

Ё ўйлаб сўзлагил инсон мисоли,

Ё жим туравер ҳайвон мисоли.

Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаб: «Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар», дейди (Мўминун сураси, 3-оят). Бесуяк тилни тарбиялаш учун улуғларимиз турли услубларни қўллашган. Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу беҳуда гап гапирмаслик учун оғизларига тош солиб юрар экан.

 

Мустақим ИСОЕВ,

Шофиркон тумани “Қори Фазлиддин” масжиди имом-хатиби

1323 марта ўқилди

Мақолалар

Top