Мақолалар

Амир Темур: "Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим"

Соҳибқирон Амир Темур марказлашган давлатга асос солиш билан бирга уни ҳар томонлама мустаҳкамлаб, шон-шуҳратини бутун жаҳонга ёйди, миллатлар ва халқларни бирлаштирди. Мамлакат иқтисодиёти, маданият, илм-фан, меъморчилик, тасвирий санъат, мусиқа ва адабиёт юксак чўққига кўтарилди, деб ёзмоқда “Зарафшон” нашри.

Амир Темур мамлакатда яхлит иқтисодий тизимни шакллантириш ва мустақил молия сиёсатини олиб бориш мақсадида ягона сиёсатни жорий қилди. Иқтисодий ислоҳотларни мамлакатни ривожлантирувчи ва мустаҳкамловчи кучли омил эканлигини англаган ҳолда, молия муносабатлари, аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун ижтимоий ҳимоя ҳамда моддий рағбатлантириш масалалари, ташқи ва ички савдони ривожлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратди. Бу унинг олиб борган сиёсати, аҳолини кам таъминланган қисмига кўрсатган иқтисодий ёрдам чора-тадбирлари, мамлакатлар ўртасида олиб борган ўзаро манфаатли дипломатик алоқаларида ўз аксини топади.

Жумладан, “Тузук”ларида бундай дейди: “Амр этдимки, раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақланиш керак. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашувига олиб келади. Хазинанинг камайиб қолиши эса, сипоҳнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлади. Сипоҳнинг тарқоқлиги ўз навбатида, салтанатнинг кучсизланишига олиб боради”.

У моддий ва маънавий рағбатлантиришни жамият, жамоа ва шахсни ҳаракатга келтирувчи улкан куч деб қаради. Моддий рағбатлантириш тизимидан кенг фойдаланиш туфайли амирлар, саййидлар, уламолар, сипоҳларни ўз атрофига бирлаштириб, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлади. Эгаллаган вазифаси ва бажарган хизматига қараб, ишчи-хизматчилари маошини даражама-даража ошириш тизимини жорий этди. Бу ҳозирги замонда амал қилаётган тариф сеткасини эслатади.

Амир Темур бундай тизимни ХIV асрнинг иккинчи ярмида жорий этган бўлса, бизда эса шунга монанд тизим 1992 йилда жорий қилинди.
Қўшинининг жанговарлик руҳини кўтариш, мухолиф кучлар устидан ғалаба қилиш, кўзланган мақсадга тезроқ эришиш учун моддий манфаатдорлик тамойилидан усталик билан фойдаланган. Сипоҳийларнинг ойлик ҳақлари вақтида берилган. Унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатида барқарорликни таъминлашда, раиятнинг турли қатламлари орасида бирликни вужудга келтиришда, турли элат ва миллатларни марказлашган давлат атрофида бирлаштиришда моддий рағбатлантириш тамойилига амал қилиши катта натижаларга олиб келди.

Буни Соҳибқироннинг қуйидаги сўзлари ва амалий ишларида кўриш мумкин:
“хайри эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим;
• амирларим ва сипоҳийларимни мартаба ва унвонлар, зару зеварлар билан хушнуд этдим. Дирҳам ва динорларни улардан дариғ тутмадим;
• саййидлар, уламо, шайхлар ва бошқа диний арбобларга суюрғол белгилаб, ҳар бирининг вазифасини тайин қилдим;
• ҳар эл ва ҳар мамлакатнинг улуғларини, бошлиқ - оқсоқолларини қадрладим, уларга совға-саломлар бериб, хизматларидан фойдаландим;
• аҳли мажлис бўлмиш саййидлар, олимлар, фозил кишилар, ҳакимлар, табиблар, мунажжимлар, қиссахонлар, хабарчилар, тарихчиларга ўз ҳолларига қараб суюрғол, вазифа ва маош белгиласинлар деб буюрдим;
• раият, ҳар бир диёр аҳолисининг аҳволидан огоҳ бўлиб турдим”.

Шунингдек, Соҳибқирон аҳолининг кам таъминланган табақаларини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш борасида ҳам изчил иқтисодий сиёсат олиб борган. Ишсизлик ўша замонларнинг ҳам катта ижтимоий иллати ҳисобланган. Ўша замонда меҳнат бозори жуда суст ривожланган эди. Шунинг учун ишсизлик гадолар сонининг кўпайишида намоён бўларди.

Амир Темур гадоликка мамлакатни хунук кўрсатувчи омил деб қаради ва бу ижтимоий иллатнинг иқтисодий илдизини йўқотмасдан унинг олдини олиш мумкин эмаслигини аниқ таҳлил қилган ҳолда ижтимоий ҳимоя қилишнинг турли усулларидан фойдаланди.
Биринчи навбатда, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ночор табақалари - ожизлар, шол, кўр, чўлоқ, қарилик сабаби билан ишлай олмайдиганлар нафақа билан таъминланди. Маълумотларга қараганда, хазинанинг ўн фоизи шу мақсадда сарфланган.

Иккинчи навбатда, меҳнатга қобилиятли, билагида кучи бор фақиру мискинлар, гадоларни иш ва ҳунар билан таминлаш чора-тадбирлари амалга оширилди: “Яна буюрдимки, ҳар мамлакатнинг гадоларига вазифа юклаб, иш берсинлар, токи шу йўл билан гадолик расми йўқотилсин”. Гадоликни касб қилиб олганлар, нафақа олиб ҳам гадолик қилувчиларни мамлакат ҳудудидан ҳайдаб юбориш жазо чоралари кўрилди.

Амир Темур давлати ижтимоий ҳимоя тизимининг энг муҳим хусусияти шундан иборат эдики, унда аҳолининг турли қатламларига қатъий табақалаштирилган тарзда ёндашилган ва ижтимоий ҳимоя моддий ёрдамга муҳтож бўлган жамият азоларига йўналтирилган. Агар фуқародан бирининг уй-жойи бузилиб, тузатишга қурби етмаса, керакли ускуналар етказиб берилиб, уй эгасига ёрдам кўрсатилган.

Қайси бир сипоҳий хизматда юриб қарилик ёшига етса, у улуфадан (маошнинг тури) маҳрум этилмаган ва мартабасидан туширилмаган. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш масалалари, албатта, ҳар бир мамлакат ва элатларнинг миллий анъаналари ва урф-одатларига таянган ҳолда амалга оширилган. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимида маҳалла-гузарлар алоҳида роль ўйнаган.

Айниқса, маориф, соғлиқни сақлаш, мусофирларга ёрдам кўрсатиш, сув чиқариш, кўприклар қуриш давлатнинг ёрдамига муҳтож бўлган. Шунинг учун Амир Темур аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида ҳар бир шаҳарда масжидлар, мадрасалар, хонақоҳлар (дарвишлар, қаландарлар, ғариб, мискинлар тўхтайдиган, истиқомат қиладиган жой) бунёд этган, йўловчи мусофирлар учун йўл устига работлар, дарёлар устига кўприклар қурилган.

Ўз навбатида, Амир Темур илмнинг қадрига етган, уни ривожлантиришга астойдил бел боғлаган, дунёнинг энг етук олимлари, тарихчилари билан бемалол суҳбатлаша оладиган донишманд ҳукмдор эди. Шу боис унинг хонадонида фарзандлар (шаҳзодалар, маликалар)га илм-фаннинг турли соҳаларидан сабоқ берилган. Шу туфайли унинг авлодларидан Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Гулбаданбегим, Зебуннисо каби шоирлар, олимлар, муаррихлар, маънавият ва маърифат ҳомийлари етишиб чиқди. Мирзо Улуғбек Самарқандда астрономия мактабига асос солди ва замонасининг илғор расадхоналаридан бирини қурдирди. Бу расадхонада олиб борган илмий тадқиқод ишлари ва изланишлари натижасида, 1018 та юлдуз тарифини ўз ичига олган Зижи жадиди Кўрагоний жадвали жаҳон астрономия фанига улкан ҳисса қўшди ва бутун башариятнинг бебаҳо мулки бўлиб қолди.

Қолаверса, жаҳон адабиётининг буюк намояндалари ҳисобланган Алишер Навоийнинг ижоди, Лутфий ва Ҳусайн Бойқаролар шеърияти, алломалар Қозизода Румий ва Али Қушчи асарлари, Камолиддин Беҳзоднинг бебаҳо миниатюра расмлари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тарихий “Бобурнома” асари, муаррихлар Ғиёсиддин Али, Шарафиддин Али Яздий, Хондамирларнинг солномалари - барча-барчаси Темурийлар даврининг маҳсулидир.

Бунёдкорлик Соҳибқирон даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилди. У ўз мамлакатидагина эмас, балки бошқа юртларда ҳам бунёдкорлик ишларини амалга оширди. Дастлаб салтанат пойтахти ҳисобланган Самарқандни дунёнинг энг обод шаҳрига айлантирди. Унинг улуғворлигини кўрсатиш учун шаҳар атрофида Дамашқ, Бағдод, Миср, Шероз, Султония каби дунёнинг машҳур шаҳарлари номлари билан аталган қишлоқлар барпо қилдирди.

Самарқандда Кўксарой, Амир Темур жоме масжиди, Бибихоним мадрасаси ва масжиди, Қусам ибн Аббос меъморий мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Шаҳрисабзда Дорут-тиловат мажмуи, муҳташам Оқсарой каби иншоотларнинг барпо этилиши Соҳибқироннинг юксак ақл-заковати, ўткир зеҳни, ижодкорлиги ва маърифатпарварлиги намунасидир.

Лола ХАЛИКОВА,
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти доценти.
Меҳрангиз МУЛЛАЕВА,
Самарқанд давлат университети талабаси,
Навоий номидаги давлат стипендияси совриндори.

1676 марта ўқилди

Мақолалар

Top