Мақолалар

Динда саволим бор: Нопок жойларга кирилган кийим билан намоз ўқиш мумкинми?

— Уйда намоз ўқишдан аввал таҳорат олиб, кийимларни тозасига алмаштириб ўқиймиз. Жума намозини ўқиш учун масжидларга чиқишдан олдин ҳам шундай қиламиз. Лекин баъзилар масжидга ишдан чиқиб ёки узоқ йўлдан келиб ўқиб кетаверишади. Уларнинг уст-бошини алмаштиришларига имкон бўлмайди. Шу кийимида тоза бўлмаган жойларга кирган бўлиши ҳам мумкин. Мана шундай ҳолатда намоз ўқишлари жоиз-ми?

Бадан, либос ва намоз жойининг пок бўлиши барча мазҳаб уламолари наздида шарт ҳисобланади. Қуръони каримда:

﴿وَثِيَابَكَ فَطَهِّرْ﴾

“...ва либосингни покла” (Муддассир сураси, 4-оят) деб буюрилган.

Демак, тоза ва нажосатдан пок либосда намоз ўқиш шарт. Борди-ю, бадани ёки либосида нажосат бўлса, уни кетказиш имкони бўлса, у билан ўқилган намоз дуруст бўлмайди. Аммо бизнинг мазҳабимизда нажосатни кетказиш имкони мавжуд бўлмаса, у билан намоз ўқийверади ва кейин ўша намозни қайтариб ўқимайди. Саволда сўралганидек, аниқ нажосат ва нопок бўлмаган либосда намоз ўқилаверади.

Гумон билан масалага ҳукм қилинмайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом: “Агар бирингиз намозда шак қилса, тўғрисини қасд қилсин”, деганлар.

Муҳаммад Айюб ҲОМИДОВ

1611 марта ўқилди

Мақолалар

Top