Мақолалар

Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши лозим

Европа халқларининг шундай ҳикояси бор.

Бир ғоз отни кўриб қолиб унга беписанд назар билан дейди:

- Мен сендан афзалман. Сенинг барча иқтидоринг бир маконда чекланган. Менинг эса турли истеъдодим бор. Сенга ўхшаб ерда юра оламан, қанотларим билан самода ҳам учаман, шунингдек сувда ҳам сузаман. Кўрдингми, мен қанчалар ноёбман, сен эса заиф ва қудратинг қанчалар чекланган?!

От деди:

- Тўғри, сен уч хил шароитда ҳам яшай оласан. Аммо уларнинг ҳеч бирида моҳир эмассан. Сен учишни биласан. Аммо тез уча олмайсан. Учишинг оғир. Ўзингни лочинлар қаторига қўя олмайсан. Сен сув сатҳида суза оласан. Аммо балиқлардек суза олмайсан, сув остидан овқат топа олмайсан. Ҳатто япалоқ оёқларинг билан ер юзида юрганингда ҳам юришинг кулгуни келтиради. Мен қуруқликда яшасам ҳам шаклим чиройли, танам кучли, ҳаракатим мафтункор, тезлигим ҳушни олади. Мен бир жойда чекланган ҳолда қолишни афзал биламан. Шу билан бошқаларни ажаблантираман. Ҳар жойда бўлиб бошқаларга кулгу бўлгандан кўра бир жойда турганим афзал!

Инсон ҳаётдаги ўз ўрнини, ўз майдонини топиши лозим. Ана шу майдонда тенгсиз бўлиши керак. Зеро, ўнта соҳага кўз тикиб чала бўлгандан кўра битта соҳада етук мутахассис бўлиш хайрлироқдир.

Ўзимиздаги қудрат ва истеъдодни парчалаб тарқатиб юбориш орқали билимдон бўлишимиз мумкин, аммо қудратимизни битта нарса томон йўналтириб ўша нарсада моҳир ва даҳо бўлишимиз ҳам мумкин.

Бугун биз шунақанги замонда яшаяпмизки, бунда маҳорат ва даҳолик олтинга тенг.

Менинг фикримча, бир неча йўналишда бакалаврликдан кўра битта соҳада магистрлик афзал. Битта фанда докторликни олиш турли фанларда магистрликни олишдан афзалдир. Мен инсонни тармоқланиб кетишини эмас, битта ўқ сингари битта мақсад сари олдинга ҳаракат қилишини истар эдим. Чунки у ана шунда масофани йўқотсада ўз майдонига эга бўлади.

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуда ноёб ҳарбий истеъдод бор эди. Ҳассон ибн Собит розияллоҳу анҳу даҳо шоирлардан эди. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу қуръонни барчадан яхши ўқир эди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ҳалол-ҳаромда тенгсиз эди.

Буларни тарих зарварақларида муҳрлаган нарса, Аллоҳга содиқликлари ёнида ўз майдонларида ягона бўлганликларидир!

 

Абдулқодир Полвонов

1581 марта ўқилди

Мақолалар

Top