Мақолалар

Икки денгиз ўртасида тўсиқ бор

مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ يَلْتَقِيَانِ. بَيْنَهُمَا بَرْزَخٌ لَا يَبْغِيَانِ

 «У икки (хил) денгизни бир-бири билан ёнма-ён турадиган ҳолда чиқариб қўйди. (Аммо) у иккисининг ўртасида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар» (Ар-Раҳмон сураси, 19–20-оятлар).

Қуръони каримда “икки денгиз” сўзи тўрт оятда (Каҳф сура­си, 60-, Фурқон сураси, 53-, Намл сураси, 61- ва Ар-Раҳмон сураси, 19-оят­лар) келган.

Ибн Аббос розияллоҳу ан­ҳу­­мо айтади: «Ояти карима­даги “икки ден­гиз”дан му­род бири, осмон­нинг, ик­кинчиси, ернинг ден­гизи­дир. Яъни, осмондан тушадиган ём­ғир суви ва денгизлардир».

Мужоҳид ва Саид ибн Жу­байр раҳматуллоҳи алайҳи­мо ҳам ана шундай дейди. Ҳа­сан ва Қатода раҳма­туллоҳи алайҳимо ундан мурод Форс кўрфази ва Ўрта Ер денгизи, дейишган.

Ибн Журайж эса, ояти каримадаги “икки денгиз”дан мурод чучук ва шўр сувли денгизлар эканини айтган.

Саҳл ибн Абдуллоҳ ояти каримадаги икки денгиздан мурод яхшилик ва ёмонлик йўллари дейди.

Ояти каримада зикр этилган “барзах” сўзи дунё ва охират ўртасидаги тўсиқдир. Яъни, дунё ва охират орасида Аллоҳ белгилаб қўйган муайян муддат бор. Шу боис иккала­си бир-бири билан аралашиб кетмайди. Аллоҳ таоло қиёмат қоим бўлишига амр этса, қўшилиб кетади. Бу ҳақда Инфитор сурасининг 3-оятида зикр қилинган: «Денгизлар қўшилиб, тўсиқлар очилганида…» (Инфитор сураси, 3-оят).

* * *

Олимларнинг аниқлашича, Форс кўрфазида денгиз тубидан чучук сувли булоқлар отилиб чиқади. Ўша булоқларнинг суви денгизнинг шўр сувига аралашмайди. “Кўкбод” номи ила машҳур бўлган булоқлар ғаввосларнинг жонига оро киради.

Аллоҳ таоло Фурқон сурасида бундай марҳамат қилади: «(Аллоҳ) ик­ки денгиз (дарё)ни буниси жуда чучук, униси жуда шўр қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тў­сиқ ва пухта парда қилиб қўйган Зотдир» (53-оят).

Аллоҳ таоло сайёрамизда чучук сувга нисбатан шўр сувни кўп яратган. Уммонлар ва денгизлар сувини шўр, дарёлар, булоқлар, анҳорлар сувини чучук қилган. Дарёлар суви денгизларга, уммонларга қуйилади. Аммо бу билан денгизларнинг суви чучук бўлиб қолмайди. Уммонлар ва денгизлардан буғланиб самога кўтарилган булутларнинг ҳосиласи – ёмғир ва қор сувлари чучук ва ширин сув бўлиб, барча мавжудот, наботот ва инсоният учун ҳаёт манбаига айланади.

Адан кўрфази билан Қизил денгиз туташган Боб ал-Ман­даб бўғозида ва Атлантика океа­ни билан Оқ денгиз (Ўрта Ер денгизи) туташган Жабали Ториқ (Гибралтар) бўғозида икки денгиз суви бир-бирига аралашмаган ҳолда оқади.

Машҳур денгизчи капитан Кусто Ислом динини қа­бул қи­либ, ҳаётидаги энг тўғри ишни амалга оширганини фахр билан тилга олади: “Ат­лантика океани би­лан Ўрта Ер денгизи туташган жойдаги сувнинг ҳолатини тек­ширдик. Авва­ло, Ўрта Ер денгизининг ўзи­га хос илиқли­ги, шўрлиги, зичлиги ва сувости ҳайвонларини аниқладик. Худди шундай таж­рибани Атлантика океа­нида ҳам ўтказдик. Бу икки сув ҳавзаси Жабали Ториқ (Гиб­ралтар) бўғозида бирлашади. Бу вазиятда ҳар икки сув ҳавзаси бир-бирига аралашиб кетиши, уларнинг тузлилик даражаси, ҳарорати, зичлиги ва бошқа унсурлари ўзаро ўх­шаш, ҳеч бўлмаганда, ўзаро яқин бўлиши керак эди.

Ҳолбу­ки, ҳар икки денгизнинг ҳатто энг яқин қисмларида ҳам денгиз суви ўзига хослигини сақлаб қолган. Яъни ҳавзалар туташган нуқтада бир сув пардаси икки денгиз сувининг бир-бирига аралашиб кетишига тўсқинлик қиларди. Бу ҳолни профессор Мауриси Басэйлга тушунтириб берганимда, у бунда ҳайрон қоладиган нарса йўқлигини, Қуръони каримда бу ҳақда очиқ-ойдин баён этилганини айтди. Шундан сўнг Қуръоннинг Аллоҳ каломи эканига имон келтириб, ҳақ дин – Исломни танладим. Ислом менга маънавий қувват бахш этди”.

Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азим”, Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳрул улум” тафсирлари ҳамда бошқа манбалар асосида

Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

3218 марта ўқилди

Мақолалар

Top