Мақолалар

“Қиёмат бўлиб қолса ҳам кўчатингни экиб қол”

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим


Ер юзини асраб авайлаш, атроф-муҳит тозалигини таъминлаш, турли-туман боғ-роғлар, гулзор-дарахтзорлар ва яшил маконлар барпо қилиш, одамзотнинг шарафли бурчидир. Инсон бу хайрли ишларни амалга ошириш билан, бир тарафдан Аллоҳ берган неъматлар шукрини ўрнига қўйса, иккинчи тарафдан охирати учун ўзига захира ҳам ҳозирлаб қўйган бўлади. Бинобарин, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мусулмон кимса бирор экин экар экан, ундан бирор қуш ё жонивор нимадир еса, бу унинг ҳисобига, садақа деб ёзилади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).


Жорий йилнинг 2 феврал куни Президентимиз раислигида экологик холатни яхшилаш ва “Яшил макон” умум миллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўтган йиғилишида кўкаламзорлаштириш бўйича катта ташаббусни илгари сурдилар. Бу ўз навбатида, кўплаб хайрли ишларга, садақа-ю жорияларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.


Шу боис диний соҳада ҳам бир қатор режалар, устувор вазифалар белгилаб олинган бўлиб, даставвал, 2022 йил 1-март куни Ўзбекистон мусулмонлари Уламолар кенгашининг Баёноти қабул қилинди. Унда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётимизда тутган ўрни, динимизда кўчат экиш фазилатлари, юртни обод қилишликка бериладиган ажру-мукофотлар тўғрисида ояту ҳадислар батафсил шарҳлаб берилди.


Дарҳақиқат, муқаддас динимизда экин экиш улуғ ва савобли амаллардан ҳисобланиб, ерни обод қилишга алоҳида эътибор қаратилган. Экилган кўчат ва ўсимликлар доимо Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб туриши, мўмин киши яхши ният билан кўчат экса, улуғ ажр-савобга эга бўлиши ҳақида кўплаб ҳадислар бор.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси мусулмон Экин екса, ундан ейилса, унга садақа бўлади. Ўғирлангани ҳам унинг учун садақадир. Йиртқичлар егани ҳам унинг учун садақадир. Қушлар егани ҳам унинг учун садақадир. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, унинг учун садақа бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдан кўчат экиш, деҳқончилик қилиш нечоғли улуғ ва фазилатли касб экани маълум бўлади. Кўчат экаётган киши нафақат ўзига, балки ён-атрофдагилар, келажак авлодларга ҳам манфаат етказади. Бу амал деҳқонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам савоби етиб туриши билан аҳамиятлидир.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир ҳадиси шарифларини ёдга олсак. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).


Баҳор мавсуми зироат, кўчат экиш фаслидир. Барчамиз бу кунларни ғаниймат билиб, кўчат экиш ишларида фаол қатнашиб, хонадонимиз, юртимиз ободлигига муносиб ҳисса қўшмоғимиз, атроф муҳитни тоза, озода, табиий ободлигини сақлаб, юртни ям-яшил масканга айлантирмоғимиз даркор.


Айни дамда диний соҳа ходимлари ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Андижон вилоятидаги барча масжид, мадраса, қабристон ва зиёратгоҳларга бир қанча мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда гул кўчатларини экиб, юртимизнинг яшил макон бўлишлигига муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, шу кунга қадар вилоят бўйлаб имом-хатиблар ва отинойилар бошчилигида 4 мингдан ортиқ мевали ҳамда 3 мингдан ортиқ манзарали дарахтлар экилиб, вилоятнинг яшил макон бўлишлиги йўлида муносиб қадам ташланди. Бу ишлар жадаллик билан бардавом бўлмоқда.


Азиз ҳамюртлар! Ушбу хайрли ишни бирлашиб, ҳамжиҳатликда амалга оширсак, жонажон Ўзбекистонимиз янада обод бўлгай.

Мирзамақсуд домла Алимов,

Андижон вилояти бош имом-хатиби.

1451 марта ўқилди

Мақолалар

Top