Мақолалар

“Ал-Қомус” – айни вақтида нашр этилган асар

Юртимизда жуда кўп хайрли ишлар бўлаётганига ҳаммамиз гувоҳмиз. Муҳтарам президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз тараққиётнинг янги бир босиқичига кўтарилди. Ҳар соҳада улкан ўзгаришлар, янги-янги ислоҳотлар давом этаётир.

Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар қаторида диний-маърифий, илмий-ижодий соҳаларда ҳам катта тарихий воқеалар бўлмоқда. Жумладан, Бухорода “Мир Араб” олий мадрасаси, Самарқандда Имом Бухорий номидаги ва Термиз шаҳрида Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказларининг очилгани ҳамда пойтахтимизда Ислом маданияти маркази ташкил этилаётгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Маълумки, диёримизда Ислом дини асрлар мобайнида чуқур ўрганилиб, тадқиқ ва таълиф этилиб келинган. Натижалари бутун мусулмон оламининг олқишига сазовор бўлган. Қуръони карим, ҳадиси шарифлар араб тилида бўлгани боис ушбу тилни халқимиз томонидан алоҳида  эъзозланган.

Аллоҳнинг каломи Қуръони карим араб тилида нозил бўлиши ва ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари шу тилда баён қилингани араб тилининг “икки дунё саодатига элтувчи тил” деб эътироф этилишига асос бўлди. Қуръони каримда:

وَالْكِتَابِ الْمُبِينِ  إِنَّا جَعَلْنَاهُ قُرْآَنًا عَرَبِيًّا لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ

яъни “Аниқ Китоб Қуръонга қасамёд этаманки, албатта, Биз уни сизлар англашингиз учун араб тилидаги Қуръон қилдик!”, деб баён қилинади (Зуҳруф, 2-3).

Шу боис, Қуръони каримни тушуниш, уни англаш учун араб тилини ўрганишнинг аҳамияти жуда ҳам беқиёсдир.

Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бир киши сўзлаётиб, гапида хато қилади. Шунда Ул зот:

أَرْشِدُوا أخَاكُمْ فَقَدْ ضَلَّ

яъни, “Биродарингизни тўғри йўлга солиб қўйинг, батаҳқиқ у адашди”, деб сўзида хатони тузатишга буюрдилар.

Ривоят қиладиларки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг олдиларидан камон отишни яхши билмайдиган бир қавм ўтаётиб, арабчада хато гапирди. Шунда Ҳазрати Умар уларга танбеҳ бериб бундай дедилар: “Албатта, сизларнинг тилингиздаги хатоларингиз камон отишдаги хатоларингиздан кўра ёмонроқдир”.

Ана шундай ўгитларни доимо ёдида тутган имони бутун халқимизнинг араб тилига бўлган қизиқиши борган сари ортиб борган. Маълумки, араб лисонини ўрганиш ва ўргатишда луғатларга эҳтиёж сезилади.

Ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаб араб тили ихлосмандлари рус шарқшунос олими Баранов тузган луғатдан фойдаландилар. Ушбу луғат икки ҳисса меҳнат талаб қилар эди: олдинига арабча сўзнинг русчаси топилиб, кейин русча-ўзбекча луғатдан ўша сўзнинг ўзбекчаси қидирилар эди.

Ниҳоят, ўзбек шарқшунослигининг таниқли намояндаси, Қоҳира араб тили академияси аъзоси, кўплаб халқаро мукофотлар совриндори, академик Неъматуллоҳ Иброҳимов бошчилигидаги арабшунос олимларнинг меҳнат маҳсули ўлароқ 100 мингдан ортиқ сўз ва ибораларни ўз ичига олувчи “Ал-Қомус” деб номланган тўрт жилдли мукаммал луғат тузилди.

“Ал-Қомус” луғатини тузишда муаллифлар, аввало, Халил ибн Аҳмаднинг “ал-Айн”, Жавҳарийнинг “ас-Сиҳоҳ”, Ибн Манзурнинг “Лисон ал-араб” асарлари каби асл арабча манбаларга, замонавий луғатлар ҳамда инглиз, рус ва бошқа тиллардаги таржима луғатларига таянган. Луғатнинг тузилиши ҳам бошқа қўлланмаларга қараганда янгича, фойдаланишга ўта қулайлиги билан диққатга сазовор. Сўзларнинг маъноси янада равшан бўлиши учун берилган мисолларнинг соф арабча экани, мақол, матал, айниқса, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардан намуналарнинг кўплиги кишининг завқини оширади. Берилган мисол ва иқтибосларнинг ўзбекча таржимаси ҳам ғоят нафис ҳамда аниқлиги тузувчиларнинг ишга қанчалар ихлос ва самимият ила ёндашгани, ўз ишининг нақадар пухта билимдонлари эканига яна бир гувоҳ бўлинади.

Муаллифларнинг узоқ йиллар давомида машаққатли, айни пайтда ўта масъулиятли ишни ўз зиммаларига олиб, илм аҳли, тадқиқотчилар, талабалару маърифат ихлосмандлари хизматига бундай катта ва мукаммал луғатни тузиб, нашр этганлари ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.

Ушбу луғат айни вақтида нашрдан чиқди. Чунки муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан араб тилида ёзилган маънавий меросимизни кенг кўламда таржима қилиш ишлари бошланди, диёримиз ҳудудларида ҳадис илми, калом илми каби илмий мактабларни очишга киришилди. Айниқса, мадрасаларимизда биринчи курс талабаларига араб тилини пухта ўрганиб, эркин сўзлашиш даражасига етиш тартиби жорий этилди. Ана шундай ишларда “Ал-Қомус” дастуриламал бўлади, иншоаллоҳ.

Диний идора ахборот хизмати

 

5610 марта ўқилди

Мақолалар

Top