Мақолалар

Тил – миллат кўзгуси, маънавият сарчашмаси

 

    Тил – миллатнинг фахри, ғурури, кўзгуси. Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.        Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми хуқуқий жихатдан мустахкамлаб қўйилди.Ўзбекистон Республикасининг "Давлат  тили  тўғрисида"ги  қонунининг  қабул қилиниши она тилимизнинг тараққиёти, ривожланиши ҳамда ўзига хос ва бой бисотини намойиш этишга кенг имконият яратди. Тил - инсон қиёфаси ва ички гўзаллигини намоён этадиган энг гўзал туйғудир. Ўз тилига меҳр-муҳаббатли  инсон  халқини, Ватанини, миллий қадриятларини, маданий  меросини  ҳам эъзозлайди. Бежизга бундан беш аср илгари Алишер Навоий бобомиз "Тилга эътиборсиз - элга эътиборсиз" дея ёзмаган.

Ўзбек  тили дунёдаги қадимий, гўзал ва бой тиллардан бири ҳисобланади. Тилимиздаги  ҳаё, ибо, андиша, орият, меҳрни ёзувчиларимиз  асарларида  яққол  кўриш  мумкин. Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғатит турк" китоби, Аҳмад Яссавийнинг  ҳикматлари, Алишер Навоийнинг "Хамса"си, Заҳириддин  Муҳаммад Бобурнинг "Бобурнома"си, Абдулла Қодирийнинг бетакрор  романлари-оқибат сўзларини  бошқа  тилга  айнан  таржима  қилиб бўлмайди. Уларни фақат ўзбек тилида ифодалаш мумкин. Чунки бу тушунчалар  халқимизга хос ва уларни  айтишга  фақат  шу тил  қодирдир. Бизнинг  она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил  орасида туркий тиллар оиласига мансуб  бўлиб, жонли  тил сифатида  қипчоқ, қарлуқ, ўғиз  лаҳжаларида  намоён бўлади. Ўзбек  адабий тили эса  ана  шу лаҳжалардаги  сўзларнинг  маълум  бир меъёрига  келтирилган  шаклидир. У  муттасил ўсиб, ривожланиб  бормоқда. Унинг ривожида сўз  мулкининг султони  Алишер Навоийнинг хизматлари  беқиёсдир. Ҳазрат  Навоий  тил  хақида  шундай  ёзадилар: "Кўнгил  хазинасининг  қулфи  тилдир. Ул  хазинанинг  калитидин сўз бил".

Ўз она тилимизга бўлган муҳаббатни халқимизнинг, одамларнинг самимий суҳбатларида, юксак ахлоқий фазилатларида кўриб, беихтиёр шундай эл фарзанди эканлигимиздан фахрланамиз.

      Тил маданият кўзгуси ва руҳимизнинг қаноти. Биз она тилимиз орқали халқлар, миллат ва элатлар орасида ҳамиша азиз-у мукаррам эканлигимизни асло унутмаслигимиз  керак. Ўзбекона лутф, муомала, миллий қадриятлар, одоб-ахлоқ эса она тилимиз маданиятининг калитидир.

Тонгдек  оромбахш, қуёшдек  нурли, она оғушидек  иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек  ҳароратли, куздек саховатли, қиш  қорларидек  беғубор туйғуларимизнинг таржимони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу  боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни  асраб авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга  эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби  она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.

 Ўз тили учун қайғураётган миллат дунё халқлари сафида ўз ўрнини, чинакам мустақиллигини асрашга, ҳимоя қилишга жидду жаҳд қилаётган миллат саналади.Миллатнинг ва миллий адабиётнинг мавжудлик шарти бўлган она тилимиз тақдири учун куйиниш, унинг равнақи учун барча имкониятларни сафарбар этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.  

Она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан эътибор беришимиз керак.

Шу ўринда маърифатпарвар бобомиз, ўз даврида ўнга яқин дунёвий тилларни пухта ўрганган олим Исҳоқхон Ибратнинг қуйидаги фикрлари эътиборга молик: “Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”.

 

Одилжон  Нарзуллаев  

Янгийул тумани  ‘’Имом  Султон’’ жоме масжиди   Имом  хатиби

 

678 марта ўқилди

Мақолалар

Top