Мақолалар

Шарқу ғарбни ёритган зиё маскани

Саййид Абдуллоҳ аслида ким бўлган?

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида, Мир Араб олий мадрасасини ташкил қилиш юзасидан айтган сўзлари ва бу борада берган кўрсатма ва топшириқлари тез фурсатда ҳаётга татбиқ этилди. Мадрасанинг олий таълим муассасаси мақомига кўтарилиши эса кўҳна таълим даргоҳи нуфузининг янада юксалиши, жозибали ва кўркам кўринишга эга бўлишига замин яратди.

Биз ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида соҳа мутахассислари билан суҳбатлашиб, етти иқлимга машҳур мадрасанинг тарихи, номланиши, унда таълим олган алломалар ва бугунги кунда олий мадраса мақомини олган кўҳна билим даргоҳи ҳақидаги маълумотлар билан қизиқдик.

Беш юз йилки сабоқлар берур...

— “Қуббатул Ислом” деб эътироф этилган Бухорои шарифда ҳар бир тарихий обида халқимизнинг бой ўтмишидан, юксак тафаккуридан дарак беради. Бунёд этилганига 500 йилдан ошаётган Мир Араб мадрасаси ҳам фикримизнинг ёрқин намунасидир. Ушбу мадраса милодий 1530-1536 йиллари халқ орасида Мир Араб номи билан машҳур бўлган буюк аллома Саййид Абдуллоҳ Яманий томонидан қурилган, — дейди, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков. — Ўтган салкам беш юз йил давомида мадрасада жуда кўплаб толиби илм сабоқ олди. Шарқу Ғарбга илм нурини таратишдек эзгу йўлда хизмат қилган бу даргоҳдан кўплаб буюк зотлар етишиб чиқди. Мадраса Ўрта Осиё, Афғонистон, Эрон, Россия, Кавказ, Озарбайжон, Доғис­тон каби давлатлар мусулмонлари ҳаётида ҳам муҳим ўрин эгаллаб келган.

Ушбу даргоҳда таълим олган битирувчилар, ўз мамлакатларида дин соҳасида обрў-эътиборга эга бўлиб, юзлаб фозиллар ўз миллатлари фахру ифтихорига айланган. Айниқса, Шаҳобуддин Маржоний, ­Галимжон Борудий, Муса Бигиев, Сад­риддин Айний, Абдуллажон Калонзода, Олимхонтўра ва Алихонтўра Соғунийлар, Мунаввар қори Абдурашидхонов, ­Абдурауф Фитрат, Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳазратлари, Оллошукур Пошшозода, Талгат Тожуддин, Аҳмад ­Қодиров каби мўътабар уламолар мазкур мадрасада таҳсил олган.

Улар ўз вақтида минтақада дин софлигини таъминлаш, муқаддас динимизни ниқоб қилиб ўз сиёсий найрангларини ўтказмоқчи бўлган ғайриинсоний кучларга қарши маънавий кураш олиб бориш, турли фирқаларга бўлинишдан асраш, соф ислом маърифатини кенг тарғиб этишда жонбозлик кўрсатиб, ўз юртида тинчликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшган.

Саййид Абдуллоҳ аслида ким бўлган?

XVI асрда ташкил этилган Мир Араб мадрасаси ислом олами дунёсида катта нуфузга эга бўлган. Мадрасадан етишиб чиққан буюк алломалар ўзларидан нодир ва ноёб асарлар мерос қилиб қолдирган. Манбаларда ёзилишича, мадрасага асос солган Мир Араб нақшбандия тариқатининг улуғ пири муршиди, соҳибкаромат авлиё, улкан тарбиячи бўлган.

— Мир Арабнинг асл исми Саййид Абдуллоҳ Яманий бўлган. Яманнинг Ҳадрамавт деган жойида, тахминан 1461 йилда подшоҳ оиласида туғилган. Саййид Абдуллоҳни “Мир Араб” дейишларига сабаб, у кишининг миллати, амирлиги ва туғилган жойига ишорадир. Саййид Абдуллоҳ Аллоҳга бўлган муҳаббати ошиб, илм ўрганиш учун тожу тахтдан воз кечиб, 22 ёшида Самарқандга йўл олади, — дейди Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мудири Жалолиддин Сабуров.

Самарқанднинг Хўжа Кафшир гузарида Хўжа Аҳрор Валийга йўлиқиб, у кишига шогирдликка тушади. Илм ўрганиб, қисқа муддатда устозидан иршод хати олиб, пир даражасига етишади ва Бухоро амири Убайдуллахоннинг пири бўлади. Мир Араб 1530 йил Бухорода мадраса қурдиришга жазм қилади. Мадрасанинг меъморий тузилиши Мир Арабнинг тушида зоҳир бўлган. Уйқусида кўрган кошона тасвирини қурувчи-усталарга сўзлаб бериб, қиёмат қойим бўлгунга қадар илму маърифат зиё­сини тарқатадиган мадраса бунёд этмоқни буюрган. Қўлигул усталар буни қиёмига етказиб бажарган. Мадраса Бухоро хони Убайдуллахон инъом этган маблағ ҳамда кўплаб вақф мулклари ҳисобига қурдирилган.

Бундан ташқари, у Шофиркон, Вобкент, Ғиждувонда ариқлар қаздириб, катта-­катта боғлар барпо эттиради. Аммо мадраса қурилиши тугамай вафот этади. Алломанинг сағаналари мадрасага кириш қисмида жойлашган катта гумбаз остига қўйилган. Унинг васиятига кўра, куёви Шайх Закариё қурилишни охирига етказган. Мир Арабнинг оёқлари томонида ўз васиятига биноан Амир Убайдуллахон, буюк алломалар ва Амир Убайдуллоҳнинг яқинлари ҳам дафн этилган. Шундан сўнг Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси Сайид Абдуллоҳ “Мир Араб” номи билан атала бошланган.

Ислом маънавий цивилизацияси уммони

Дарҳақиқат, Бухородаги Мир Араб мад­расасини Ислом маънавий цивилизациясига қўшган ҳиссасини уммонга қиёслаш мумкин. Ушбу уммон тубига теранроқ назар солсак, жуда кўплаб ирфоний дуру марваридларни кашф этиб бораверамиз.

— Мир Араб мадрасаси шонли тарихининг янги давридан ҳозирги кунгача мингдан ортиқ малакали диний ходимлар, кўплаб муфтий, уламолар ва бугунги кунда фаолият юритаётган имом-хатиблар таълим олган. Мадрасанинг олий таълим муассасаси мақомига кўтарилиши эса нафақат юртимиз, балки чет мамлакатларда ҳам алоҳида бир воқелик сифатида қайд этилди, — дейди Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир Элов.

— Шу йилнинг февраль ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мадрасамизга ташрифи, ўқитувчилар ва талабалар билан дилдан суҳбат қуриши жамоамизга қўш қанот бағишлади. Айниқса, мадрасада, диний таълим соатлари ва сифатини ислоҳ қилиш, уни амалиёт билан боғлаш бўйича берган алоҳида фикрлари барчамизга бирдай манзур бўлди. Давлатимиз раҳбарининг “Мадраса мусулмон дунёси уламолари, мактабдор, мударрис, қозилар, масжид имомлари ва турли даражадаги давлат амалдорлари тайёрлайдиган ўқув юртидир”, деган сўзлари бу таълим муассасасининг нечоғлиқ нуфузи баланд эканлигига яна бир ишорадир. Бугунги кунда Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида “Тасаввуф илми мактаби” ҳам ташкил этилган. 200 ўринга мўлжалланган олий мадрасада Қуръони карим, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илмлари, хорижий тиллар пухта ўргатилади. Талабаларнинг илм олиш ва яшаши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Компьютер хонаси, фан кабинетлари, мадраса кутубхонасида сақланаётган қадимий бой маданий ва маънавий меросимиз ҳисобланган қўлёзма ва тошбосма китоблар ёшларга хизмат қилади. Бундан ташқари, фаоллар зали, талабалар ётоқхонаси, хизмат уйи, спорт зал ва бассейнда ҳам барча қулайликлар яратилган.

Ҳозирги кунга келиб, мадрасада 4 йил давомида диний фанлар билан бирга, умумтаълим фанлари ҳам ўқитилади. Айни пайтда 30 нафар олий маълумотли ва малакали ўқитувчи-мударрис 100 дан ортиқ талабага дарс бериб келмоқда. Олис вилоят ва туманлардан келган талабалар ётоқхона билан таъминланган. Мадрасани битирганларга исломшунос, имом-хатиб ва араб тили ўқитувчиси мутахассислиги ­бўйича шаҳодатнома берилади.

Тилла кошинлар яратган макроиқлим сири

— Мир Араб мадрасаси 1530-1536 йиллар давомида қурилган бўлиб, шаҳар марказида жойлашган. Бино икки улкан гумбази билан бошқа тарихий бинолардан ажралиб туради. Мадрасанинг кириш қисми кунботар томонда. Шимолий ва жанубий пештоқлари баланд қилиб қурилган. Бу шимол билан жанубдан эсадиган шамолдан сақлаш ҳамда мадраса ҳавосини тозалаб туриш имконини беради, — дейди Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси Асадулла Нажмиддинов. —

Пештоқларнинг баландлиги тахминан ўттиз икки метр. Ғарбий ва шарқий томонда жойлашган пештоқлар пастроқ қурилган. Буларнинг ҳаммаси бино ичида ўзига хос микроиқлим яратади. Дарвоза улкан пештоқ остида жойлашган. Бино тўрт қаватдан иборат. Ҳужраларни тўртта улкан пештоқ ажратиб туради. Мадрасанинг меъморий шакли тўртбурчак — Қуръон китобини эслатади. Ҳужраларининг 114 талиги эса Қуръон суралари сонига мос келади. Кўҳна ва кўркам мадрасанинг шимолий гумбази ярим кошин билан қопланган, жанубий гумбази эса безатилмаган. Кошинларга кам миқдорда тилла, кумуш, мис, кўрғошин қўшилган. Буларнинг кўп йиллар хизмат қила оладиган ҳамда сифатлилиги билан ажралиб турадиган кварц қумига аралаштириб ишлатилган. Мадрасага ҳашаматли баланд пештоқдан кирилган. Бир вақтлар пештоқлар жуда баланд бўлган. Ривоятларга кўра, мадраса асоси чуқур қилиниб, тоғ тошлари билан мустаҳкамланган, қор, ёмғир сувини қочириш учун тазарлар ишланган, улар орқали сувлар шаҳар қўрғонидан ташқарига чиқарилган.

Хорижлик олимлар жалб этилмоқда

Мир Араб мадрасаси ўз кўрку салобатини намоён этиб, йилнинг тўрт фаслида ҳам маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум. Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитасининг амалий ёрдами билан кўҳна ўқув даргоҳида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бормоқда.

Мисрнинг дунёга машҳур Ал-Азҳар университети, Мадинадаги Ислом университети, Тошкент Ислом университети ҳамда юртимизнинг бошқа олий ўқув юртлари билан Мир Араб олий мадрасаси ўртасида таълим соҳасида илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Яна бир эътиборга молик хабар, Ал-Азҳар университетининг усулид дин фанлари докторлари, Шайх Аҳмад Ражаб Аҳмад Адавий ва Шайх Аҳмад Муҳаммад Али ҳазратлари 2023 йилдан Олий мадрасада дарс бериш учун ишга қабул қилинди.

Ҳа, эзгу анъаналар руҳи билан суғорилган мадраса, халқимизнинг диний-маърифий билим савиясини юксалтирадиган, турли хил ёт ғояларга қарши ўзининг зиёси билан кураша оладиган, ислом шариатининг етук билимдонларини тайёрлашда янгича куч ва ғайрат билан ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Зеро, Президентимиз айтганидек, “Бундай узоқ тарихга эга таълим даргоҳлари жуда кам. Бугун унинг шароитини яхшилаб, тарихий адолатни тиклаганимиз хайрли иш бўлди, деб ўйлайман. Демократик ислоҳотларимиз натижасида диний соҳага ҳам эркинлик эпкини кириб келди. Шу билан бирга, ахборот макони ҳам очиқ. Интернетда илмий асоси бўлмаган турли талқинлар ҳам бор. Лекин уларни таж­рибасиз ёшлар қаердан билади? Буни сизга ўхшаган илмли кишилар, имом-хатибларимиз исботлаб, тўғри тушунтириб бериши керак”.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири

 

1049 марта ўқилди

Мақолалар

Top