Мақолалар

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг фазилатлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У кишининг тўлиқ исмлари Саъд ибн Молик ибн Уҳайб ибн Абдуманноф ибн Зуҳра ибн Килоб ибн Муррадир.


Саъд ибн Абу Ваққоснинг насаблари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан Килоб ибн Муррада бирлашади.


Саъд ибн Абу Ваққоснинг оталарининг исми Молик бўлган, Моликнинг куняси Абу Ваққос бўлган. Саъд ибн Абу Ваққоснинг исмларига оталарининг исмини эмас, кунясини қўшиб айтиш одат бўлган.


Саъд ибн Абу Ваққос Исломга биринчи бўлиб кирганлардан ҳисобланадилар. Маълумки, ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки чақириғи самараси ўлароқ, ўша пайтда Қурайшнинг ашрофларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишининг бешталари: Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдурроҳман ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос ва Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳум иймонга келдилар.


Шу билан бирга, Саъд ибн Абу Ваққос ўзларини учинчи бўлиб Исломга келган шахс ҳисоблаб юрар эдилар.

عَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَا أَسْلَمَ أَحَدٌ إِلَّا فِي الْيَوْمِ الَّذِي أَسْلَمْتُ فِيهِ، وَلَقَدْ مَكُثْتُ سَبْعَةَ أَيَّامٍ وَإِنِّي لَثُلُثُ الْإِسْلَامِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Исломга кирган кунимдан аввал ҳеч ким Исломга кирмаган эди. Таъкидки, етти кунгача Исломнинг учдан бири бўлиб турдим».
Бухорий ривоят қилган.


Албатта, Саъд ибн Абу Ваққос ўзларига маълум бўлган гапни айтмоқдалар. Чунки ўша вақтда ҳамма нарса ўта махфий тутилган. Ҳатто мусулмонлар ҳам бир-бирларини билмаганлар. Шунинг учун ҳам Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида Исломга келган кишилардан бехабар бўлганлар. У кишини Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлаб олиб келганлар ва Исломга келганларидан кейин «Мен учинчи мусулмон бўлдим», деб ўйлаганлар. Етти кундан кейин бошқа кишиларнинг ҳам Исломга кирганига гувоҳ бўлганлар.


Уламоларимиз бу ҳақдаги маълумотларнинг ҳаммасини диққат билан ўрганиб чиқиб, «Саъд ибн Абу Ваққос еттинчи рақамли мусулмонлар», деган хулосага келганлар.


Буларнинг ҳаммаси Саъд ибн Абу Ваққоснинг Исломга илк бор кирган улуғ зотлардан эканликларини кўрсатади ва бу у киши учун улуғ фазл ҳисобланади.


Тарихчиларимиз қилган ривоятларда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Исломга қандай кирганларини қуйидагича васф қиладилар:
«Исломга киришимдан уч кун илгари тушимда ўзимни қатма-қат зулматларнинг ичида қолганимни кўрдим, унинг тўфони ичида типирчилаб турганимда бирдан менга ой нур сочиб қолди. Мен у томон юрдим. Ўз олдимда ул ойга мендан олдин борганларни кўрдим. Зайд ибн Ҳориса, Али ибн Абу Толиб ва Абу Бакр Сиддиқни кўрдим. Уларга:


«Бу ерга қачон келдингиз?» дедим.


«Бу соатда», дедилар.


Эрта билан менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яширин равишда Исломга чақираётганлари хабари етди. Шунда Аллоҳ менга яхшиликни ирода қилганини, мени зулматлардан нурга чиқаришини ирода қилганини билдим. 


Бас, у зот томон шошилиб бордим. Жиёд дарасида учратдим. Намоз ўқиб турган эканлар. Мусулмон бўлдим. Тушимда кўрганларимдан бошқа менинг олдимга туша олмаган.


Онам Исломга кирганимни эшитиши билан тўполон қилишни бошлади. Мен унга яхшилик қиладиган ва маҳбуб йигит эдим. У менинг олдимга келиб:


«Эй Саъд! Сен қандай динга кирдинг ўзи! У сени ота-онангнинг динидан чалғитибди!? Аллоҳга қасамки, ёки янги динингни тарк қиласан ёки ўлгунимча еб-ичмайман! Менга маҳзун бўлганинг¬дан юрагинг парчаланиб кетади! Қилган ишингдан надомат қилиб, ўлиб кетасан! Одамлар сени абадий айблаб юрадилар!» деди.


«Эй она, ундай қилманг. Мен барибир ўз динимдан қайтмайман», дедим».
Барча янги мусулмонлар каби Саъд ибн Абу Ваққос ўз Исломларини эълон қилишлари билан дин йўлида синовга дучор бўлдилар.

وَعَنْهُ قَالَ: حَلَفَتْ أُمُّ سَعْدٍ أَلَّا تُكَلِّمَهُ أَبَدًا، وَلَا تَأْكُلَ وَلَا تَشْرَبَ حَتَّى يَكْفُرَ بِدِينِهِ، وَزَعَمْتَ أَنَّ اللهَ وَصَّاكَ بِوَالِدَيْكَ وَأَنَا أُمُّكَ وَأَنَا آمُرُكَ بِهَذَا، فَمَكَثَتْ ثَلَاثًا حَتَّى غُشِيَ عَلَيْهَا مِنَ الْجَهْدِ، فَقَامَ ابْنٌ لَهَا يُقَالُ لَهُ عُمَارَةُ فَسَقَاهَا. وَفِي رِوَايَةٍ: فَإِذَا أَرَادُوا أَنْ يَسْقُوهَا شَجَرُوا فَاهَا بِعَصًا ثُمَّ أَوْجَرُوهَا، فَجَعَلَتْ تَدْعُو عَلَى سَعْدٍ، فَأَنْزَلَ اللهُ تَعَالَى - ﭞ ﭟ   ﭠ ﭡﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭﭮ-. رَوَاهُ مُسْلِمٌ هُنَا وَالتِّرْمِذِيُّ فِي التَّفْسِيرِ.

Яна у кишидан ривоят қилинади:
«Саъднинг онаси унга ҳатто у ўз динига куфр келтирмагунича ҳеч ҳам унга гапирмасликка, еб-ичмасликка қасам ичди. Ва «Аллоҳ сенга ота-онангга итоат қилишга амр қилган, мен онангман, мен сени шунга амр қилмоқдаман!» деди. Бас, уч кун туриб, қийналганидан ҳушидан кетиб, йиқилди. Унинг Умора деган ўғли туриб, унга (бир нарса) ичирди».


Бошқа ривоятда:
«Қачон унга ичимлик ичирмоқчи бўлишса, оғзини чўп билан очиб туриб, қуйишар эди. У Саъдни дуоибад қила бошлади. Бас, Аллоҳ таоло:
«Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия ‎қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган ‎нарсани ‎Менга ширк келтиришингга зўрласалар, бас, уларга ‎итоат этма!»ни нозил қилди», дейилган.
Муслим бу ерда, Термизий эса «Тафсир»да ривоят қилганлар.

Бу ўша вақтнинг мушриклари янги мусулмонларни азоблашнинг турли услубларини топганларига яна бир далилдир. Саъд ибн Абу Ваққосга нисбатан у кишининг оналари маънавий азоб берган. Энг азиз киши бўлмиш она «Динингдан қайтмасанг, сенга гапирмайман, ўзим еб-ичмайман», деб туриб олиши ўғил учун энг оғир маънавий азоб бўлиши турган гап. Эҳтимол, ундан кўра калтаклаб, азоб берсалар, енгилроқ бўлармиди?!
Саъд ибн Абу Ваққоснинг оналари билан бўлиб ўтган бу можара ҳақида имом Термизийнинг юқорида зикр қилинган «Ва инсонга ота-онасига яхшилик қилишни тавсия ‎‎қилдик. Агар улар сени ўзинг билмаган ‎нарсани ‎Менга ‎ширк келтиришингга зўрласалар, бас, уларга ‎итоат ‎этма!» оятининг («Анкабут» сураси, 8-оят) нозил бўлиш сабаби ҳақидаги ривоятларини ўргансак, ҳолат яна ҳам равшанлашади.


Имом Термизий бу ҳақда қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Ушбу оят Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ва унинг онаси Ҳамна бинти Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. У онасига яхшилик қилувчи эди. Онаси унга:
«Бу янги дининг нима ўзи? Аллоҳга қасамки, аввалги ҳолингга қайтмагунингча, ўлсам ҳам ов¬қат емайман, ичимлик ичмайман. Кейин умрбод шу билан ор-номусга қолиб кетасан. Сени «Эй онасини ўлдирган», деб чақиришади», деди.


Сўнгра аёл бир кечаю бир кундуз таом емай, ичимлик ичмай ётди. Сўнгра Саъд розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:
«Эй онагинам, агар сенинг юзта жонинг бўлса-ю, битта-биттадан чиқиб турса ҳам, мен динимдан қайтмайман. Агар хоҳласанг, еб-ич, хоҳламасанг, еб-ичма», деди.
Саъднинг динидан қайтишидан ноумид бўлган онаси еб-ичди. Ана шунда Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди».


Уламоларимиз юқорида зикри келган ояти кариманинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ҳақларида нозил бўлганлигини таъкидлашади. У киши Макка ёшлари ичида онасини ҳурмат қилиш билан ном чиқарган эдилар. Бошқа ёшларга онани эҳтиром этишда Саъд розияллоҳу анҳу мисол қилиб кўрсатилар эди. Иймонга келганларидан сўнг Саъд ушбу нозик нуқтада синовга учрадилар. Аммо у киши иймонни устун қўйдилар.


Ўн етти ёшли ёш йигит Саъд ибн Абу Ваққоснинг дин йўлида қилган бу ишлари мисли кўрилмаган қаҳрамонлик эди. Шу билан бирга, Саъд ибн Абу Ваққос оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлдилар. Чунки Аллоҳ таолонинг «Ва уларга бу дунёда маъруф ила соҳиб бўл» деган қавлига биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига оналарига яхшилик қилишда бардавом бўлишни амр қилган эдилар.


Саъд ибн Абу Ваққос дастлабки босқичдаги мусулмонлар дучор бўлган барча азоб-уқубат ва машаққатларни диндошлари билан бирга баҳам кўрдилар.


Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи «Ҳулятул Авлиё»да келтирган ривоятда Саъд ибн Абу Ваққос қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бизга Маккада ҳаётнинг турли оғирликлари, қийинчиликлари ва машаққатлари етар эди. Бизга бало етганда уни эътироф қилдик, унга ўргандик ва сабр қилдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Маккада эдим. Кечаси ҳожатга чиқдим. Бирдан пешобим остидан шитирлаган нарсанинг овозини эшитиб қолдим. Қарасам, туянинг бир парча териси экан. Уни олиб, ювдим, кейин куйдириб, икки тош орасига олиб, чақдим. Сўнг уни сув билан ичиб, уч кун жон сақладим».


Саъд ибн Абу Ваққос ёшлигидан ўзида жанговарлик сифатларини мужассам қилган ҳолда ўсган эдилар. У киши камон отишни жуда кўп машқ қилар эдилар. Шундай қилиб, Саъд ибн Абу Ваққос ўз вақтининг энг моҳир ва машҳур мерган камончиси бўлиб етишди.

У кишининг қалбини иймон нури ёритган лаҳзадан бошлаб Исломнинг мухлис лашкарига айландилар. У киши ҳар қандай оғир ҳолатда ҳам душманга юзма-юз келишдан тап тортмас эдилар.


Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари мушриклардан беркиниб, намоз ўқиб юрган пайтлари эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бир гуруҳ саҳобийлар билан Макканинг дараларидан бирида юриб борар эдилар. Бир пайт бир тўп мушриклар уларнинг устиларига бостириб келиб қолдилар. Улар мусулмонларнинг динларини ҳақоратлаб, ўзларига тажовуз қилдилар. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу туянинг суяги билан мушриклардан бирининг бошини ёрдилар. Бу Ислом йўлда тўкилган биринчи қон эди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди

 

791 марта ўқилди

Мақолалар

Top