Мақолалар

Ўғлига либос олиш учун пули йўқ

 

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халифа Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу замонида бир минг тўрт юз шаҳар фатҳ этилган эди. Эроннинг бутун хазиналари ва ғанимат моллари сув каби Мадинаи Мунавварага оқарди. Аммо Ислом халифаси Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳунинг байрамда ўғлига либос олиб бериш учун пуллари йўқ эди. Бир куни Ҳазрат Умарнинг ўғиллари отасига:
Отажоним, уст-бошим жуда тўзиб кетди. Дўстларим устимдан кулишяпти. Мен учун байрамга кийим олайлик, деди.


Халифа Умар:
Бўлмайди, ўғлим, янги кийим олгани пулимиз йўқ, деб жавоб берди.
Отажон, келаётган ойнинг маоши устидан пул олиб туринг. Ўша пулга янги кийим оламиз, деб айтди.


Халифа Байтул молнинг хазинабонига бир мактуб ёзди. Унда, «келажак ойнинг маошидан бир оз пул бериб тур, ўғлимга байрамлик либос олиб бермоқчиман», деди. 
Мактубни ўғлидан жўнатди. Ўғил уни молия нозирига олиб борди. Нозир мактубни ўқиб, сўнг Халифанинг ўғлига:
Бўлмайди, бермайман, - деди.


Ўғил:
– Нега бермайсиз. Бу мактубга ишонмайсизми? - деди. Хазинабон:
Биламан, мактуб Халифадан. Аммо бир камчилиги бор. Халифа янаги ойга қадар яшаши ҳақида бир васиқа бермапти, деб айтди.
Халифанинг ўғли бу сўзларни эшитиб, шошилинч отаси олдига келди.
Халифа ўғлидан сўради: 
– Ўғлим, нима бўлди, пулни олдингми?
– Йўқ, отажон, олмадим, хоҳламайман. Сиз шу қадар ҳалол миллатнинг раиси – Халифаси бўлганингизга қанчалар ифтихор қилсангиз арзийди. Сиз билан фахрланаман, отажон, - деб жавоб берди ўғил! 


Ҳазрат Умар:
– Хазинабон Умарни билади. Агар пул берганида, дунёга келганига пушаймон қилдирардим, деган экан.


Изоҳ ва ўгит
Шундай, китобхон қардошим! Беш-ўн ойлигини бирданига олдиндан қарз оладиганлар кўп. Ҳазрат Умардан ўрнак олганларида бундай қилмаган бўлардилар.

«Ҳикматлар хазинаси» биринчи китобидан

597 марта ўқилди

Мақолалар

Top