Мақолалар

Маҳрингиз нима эди?

 

Даврада ўн беш нафар аёл эдик. Суҳбатимиз маҳр мавзусига келиб тақалди. Дугоналаримиздан фақат бир нафари маҳрига нима олишни ўзи танлаб, қимматбаҳо тақинчоқни мулк қилиб олган экан.

Аёллардан яна бирининг айтишича, куёв келинга таққан никоҳ узугини маҳр деган. Яна бирининг эр томони келин бўлиб тушаётган бир уй, бир даҳлизни маҳрга бердик, дейишган. Бироқ ўн беш йилдан бери ўзининг маҳрига берилган хонанинг бирида икки боласи билан эрдан ажраган қайнсинглиси яшар, икки хона бир-бирига уйқаш бўлгани учун иккинчисида ҳам эркин нафас ололмас эмиш.

Бир неча аёл ўша пайтда ёш, ҳаяжонда бўлганини айта туриб, аттанг қилди. Маҳрга нима аташганини ҳам эслай олмас экан.

Эҳтимол, нимадир айтилгандир, бироқ тўйдан кейин ҳеч ким унга мана шу нарса сенинг маҳринг эди, демаган.

Яна бир аёлнинг ҳикояси антиқа бўлди.

У билан ҳам ҳеч ким никоҳгача маҳр ҳақида гаплашмаган. Фақат никоҳ ўқилаётган маҳал домланинг “Маҳрга нима аталди?” деган сўроғига жавобан куёв тараф: “Фалон жойдаги 3 сотих ҳовли, уч хона уй”, деб жавоб берган. Келин бу гапни эслаб қолган.

Орадан бир неча йил ўтиб, алоҳида кўчиб чиққан ёш оила моддий жиҳатдан қийинчиликка учрайди. Келин маҳрига аталган ҳовлини эслайди. Ёшлар қайнона-қайнотага бор гапни айтишганида катталар бу гапларга жаҳл қилиб: “Келин

уялмайдими?! Маҳри ўрнига бошқа уй-жой қилдиларинг-ку!” қабилида жавоб қайтаришади. Боз устига, ўша ернинг уч хонали уй қурилган қисми қайнаканинг номига расмийлаштирилган бўлиб чиқади.

Бир қанча гап-сўзлардан кейин бўш турган қисми ёшларга топширилиб, сотишга рухсат берилади. Лекин пулнинг ярмидан кўпини қайнота олиб қўяди.

Табиийки, арзимаган пул уларнинг моддий эҳтиёжини ҳам қопламайди. Лекин маҳр эгасига топширилган бўлиб қолади.

Бу воқеаларни эслар экан, келин умри мобайнида бир неча бор моддий қийинчиликка дуч келиб: “Маҳрим қўлимда бўлганида ишлатардим”, деб ўкинганини ва ўз ҳақини, албатта, қиёматда ундиришга аҳд қилганини айтди.

Бу воқеадан кейин кўплаб танишлардан маҳр ҳақида сўрадим ва ҳаммасидан юқоридаги сингари жавоблар олдим. Афсуски, кейинги пайтда маҳр нималигини унутиб қўйган эканмиз.

Қуръони каримда маҳр ҳақида бундай марҳамат қилинади: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул қилаверинглар” (Нисо сураси 4-оят). Ушбу оят аёлларга маҳрни мамнуният билан берилиши кераклигини таъкидламоқда. Қуръони каримнинг яна тўрт оятида маҳр бериш эрга

вожиб экани қайд этилган. Демак, бу масалага жиддий қараш, уни ўрнида адо этиш нафақат бўлғуси келин-куёвлар, балки барча ота-оналар олдида турган муҳим вазифадир.

 

Гавҳар НАСРУЛЛОҲ, журналист
"Мўминалар", 3-сон, 2023 йил

622 марта ўқилди

Мақолалар

Top