Мақолалар

Қомусимиз – эркин ва фаровон ҳаётимиз кафолати!

 

Аллоҳ таоло инсонларни яратиб, уларга ҳидоят йўлини кўрсатиш учун пайғамбарлар юборди. Ҳақ таоло улар орқали бандаларни тўғри йўлга бошлаш учун китоблар нозил қилди. Ҳар бир банда дунёда осойишта ҳаёт кечирмоғи ва охиратда бахту саодатга етишмоғи учун, аввало, Яратган Парвардигорини таниб унга итоат этиши лозим. Шунингдек, бандаларига нозил қилган ҳукмларга амал қилиш ҳар бир бандага шарт.

Бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй, мўминлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) иш эгалари (раҳбарлар)га итоат этингиз! (Нисо сураси 59-оят).

Ҳақ таолога итоат қилиш Қуръони каримга амал қилиш билан бўлади. Пайғамбарга итоат қилиш у зотни ҳаётлик чоғларида ўзларига итоат қилиш билан, у зот ўтганларидан сўнг суннатларига эргашиш билан бўлади. Итоатнинг яна бир кўриниши раҳбарларга итоат қилиш бўлиб, у кенг қамровли маъно касб этган ҳолда жамиятнинг барча табақаларини, ҳаётнинг барча жабҳаларини ўз ичига олади. Раҳбар бўлмаган жамиятда тинчлик, омонлик ва тартиб-интизом ва хайру барака бўлмайди. Ҳар бир хизмат қилувчи киши ўз иш жойидаги раҳбарга итоат этмоғи лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ким менга итоат килса батаҳқиқ Аллоҳга итоат қилибди ва ким менга осийлик қилса батаҳқиқ Аллоҳга осийлик қилибди. Ким амирига итоат килса батаҳқиқ менга итоат қилибди ким амирига осийлик қилса батаҳқиқ менга осийлик қилибди” – дедилар, дея марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Маълумки, 8 декабрь мамлакатимизда Конституция куни бўлиб, шу кун байрам сифатида нишонланади. Бу йил Конституциямиз қабул қилинган куннинг 31 йиллигини нишонламоқдамиз. Конституциямиз дин ва виждон эркинлигини махсус моддалар билан кафолатлаган. Жумладан, янгиланган Конституциямизнинг 35-моддасида:Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар ким хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди, деб қайд қилиб қўйилган. Бу эса мамлакатимизда яшаётган турли миллат вакилларининг ўз дин ва эътиқодига мувофиқ барча диний маросимлари ибодатлари ва тадбирларини бемалол адо этиш имкониятини беради. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳам марҳамат қилиб айтган: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди...”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида халқимиз руҳига мос келадиган имон-эътиқод, адлу-инсоф, диёнат, меҳр-оқибат ор-номус, иффат ва ҳаё каби энг эзгу фазилатлар мужассамдир.

Маълумки, Асосий Қонунимизда инсон омилининг, инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматининг энг олий қадрият, деб белгилаб қўйилгани бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар туфайли ўз исботини топмоқда. Унга асосан олиб борилаётган фаолият ва саъй-ҳаракат ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Бундай ҳолни мамлакатимиз мусулмонлари ҳам диний, маърифий қадриятларни қайта тикланиши борасида ҳам шоҳид бўлмоқдалар.

Асосий Қонунимизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва бошқаларга кўра инсон ҳуқуқларини муайян даражада камситадиган бирорта ҳам модданинг йўқлигида, ўйлаймизки, аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган миллий қадриятларимиз ва бебаҳо анъаналаримизнинг беқиёс ўрни бор. Минг йилликлар давомида аждодлардан авлодларга, ота-оналардан фарзандларга, ворисларга ўтиб келаётган ва дунёнинг ҳеч бир бурчагида такрорланмайдиган ажойиб муносабатларнинг, инсоний фазилатларнинг Асосий Қонунимиздан ўрин эгаллагани таҳсинга сазовор.

Исомиддин АҲРОРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Кадрлар бўлими мудири

500 марта ўқилди

Мақолалар

Top