Мақолалар

Макка раҳбари Қусай ибн Килоб

Макка шаҳарининг асосчилари Журҳум қабиласи бўлса, сўнгра Журҳумийлардан Макка бошқарувини Хузоъийлар олди ва охири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабилалари Қурайшга ўтди.

Қадимдан жамоавий бошқарув Макканинг сиёсий раҳбарлик асоси эди. Бу қоидадан истисно, Маккада тўлиқ ҳокимиятга эга ва унинг ягона ҳукмдори Қусай ибн Килоб бўлган. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бешинчи бобосидир.

Қусай отасидан эрта айрилиб, онасининг қарамоғида қолди. Онаси Арабистон ярим оролининг шимолида яшовчи қабиладан бўлган одамга эрга тегди. Она ўғлини олиб, Маккани тарк этди ва эрининг ватанига кўчиб ўтди.

Қусайнинг ота-онаси томонидан қўйилган асл исми Зайд эди, лекин у Маккадан узоқда бўлгани учун уни одамлар “Қусай” лақаби билан аташди. Исм "узоқ" деган маънони англатарди. Унинг Зуҳра исмли катта акаси Макка яқинида қолди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларида жаннат башорати берилган машҳур саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу ануҳ ҳам Бану Зуҳрадан эди.

Ёш Қусай ўзини маккалик эканлигини билмас ва кунлардан бири куни асл келиб чиқиши унга маълум бўлди. Ўшанда болалар, сен бизга бегонасан, деган эди, Қусай хафа бўлиб, онасидан бу ҳақда сўради.

Онаси, сен чиндан ҳам бу ерга бегонасан, лекин сенинг наслинг уларникидан ҳурматлироқ, деди. Қусай ота-боболарининг ватанига қайтишга қатъий қарор қилди.

Бу даврда Макка, юқорида айтиб ўтилганидек, Хузоъа қабиласи ҳукмронлиги остида, унинг раҳбари Хулайл ибн Хубшия эди. Қусай шаҳарнинг қонуний ҳукмдори Хулайлнинг ишончига кириб, энг яқин иттифоқчисига айланди. Уларнинг яқинлиги Хулайлнинг қизи Ҳуббийга Қусайнинг уйланиши билан мустаҳкамланди.

Исломнинг бош зиёратгоҳи бўлган Макка тақдирини белгилаб берган воқеаларнинг кейинги ривожи тарихий йилномада турлича тасвирланган. Бир версияга кўра, Хулайл Қусайни ҳокимиятда ўзининг вориси қилиб қўйган, бошқасига кўра, у ваколатларни қизи Хуббийга, у эса ўз навбатида эрига топширган. Аммо учинчи версия ҳам борки, унга кўра, Хулайл ҳукумат жиловини ўз ўғли Абу Ғабшонга топширган, у Маккани Қусайга арзимаган пулга «сотган».

Шундан сўнг, бозорларда бирор нарса сотиб, кам фойда кўрса, муваффақиятсиз савдо битими бўлса, араблар орасида буни “Абу Ғабшон келишувидан ҳам фойдасизроқ битим” деган киноя гап пайдо бўлди. Қандай бўлмасин, Қусай Макка ҳукмдори бўлди, бу эса Хузоъа қабиласининг норозилигига сабаб бўлди.

Хузоъийлар Қусайни ўзларига бегона ҳисоблар, уруш бўлиши муқаррар эди. Қусай она томонидаги қариндошларининг ёрдамидан фойдаланиб, хузоъийларни мағлуб этиб, Макка ҳукмдори бўлди.

Қусай ҳукмронлиги даврида Макка таниб бўлмас даражада ўзгарди. Янги турмуш тарзи ва кўплаб ислоҳотлар амалга оширилган бутунлай бошқача шаҳарга айнланди. Аввало, Қусай Маккада Фиҳр ибн Моликнинг барча ўғилларини бирлаштирди. Маълумки, Фиҳр авлодлари Қурайш деб аталади. Бунгача улар Макка атрофларига тарқалиб кетган бўлса, энди бу ер улар учун асосий марказга айланганди.

Аммо Қурайшийлар орасида ҳам маълум бир ижтимоий даража бор эди – Қурайши Битаҳ ва Қурайши Завоҳир. Биринчилари алоҳида ҳурматга сазовор бўлган ва бойликка эга эди. Шунингдек, улар Ҳаж зиёратларини уюштирар ва савдо йўлларини назорат қилардилар. Иккинчиси Макканинг чеккасида яшаб, ижтимоий-иқтисодий ва маданий жиҳатдан кам ривожланган эди. Қусайнинг асосий хизматларидан бири ижтимоий вазифаларни тақсимлаш эди, уларнинг аксарияти ҳаж билан боғлиқ. Унинг қўл остида Сидона – Каъба хизмати, Ҳижоба – Каъбага кисва кийдириш, Сиқоя – ҳожиларини сув билан таъминлаш, Рифода – зиёратчиларга озиқ-овқат бериш каби йўналишлардаги ишлар бор эди.

Бундан ташқари, Маккада энг жасур жангчиларга бериладиган байроқ - ливо ва Макка жамиятининг асосий муаммолари муҳокама қилинган кенгаш уйи - Дорун Надва пайдо бўлди.

Қусай ибн Килоб Маккада, ҳам замондошлар, ҳам маккаликлар ва кейинги авлодлар орасида шубҳасиз обрўга эга эди. Нубувват келгач, қурайшликлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан талаб қилган мўъжизалардан бири Қусай ибн Килобни тирилтириб беришни сўраши, унинг нақадар обрўли шахс бўлганига далолат қилади.

Қусай Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишидан тахминан 100 йил олдин вафот этган.

Қусай ибн Килобнинг ҳикматли сўзлари:

“Кимки нопок одамни ҳурмат қилса, унинг ёмонлигига шерик бўлади”.

“Кимнинг қадр-қиммати ислоҳ қилмаса, уни хорлик тузатади”.

“Кимки ўз қадр-қимматидан устун бўлган нарсани талаб қилса, у маҳрум бўлишга лойиқдир”.

“Ҳасадгўй одам яширин душмандир”.

“Маст қилувчи ичимликлардан эҳтиёт бўлинг, чунки улар онгни хиралаштиради”. 

Фахриддин МУСТАҚОВ,

Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани,

Нурул ислом жоме масжид имом ноиби 

360 марта ўқилди

Мақолалар

Top