Ибратли ҳикоялар

Қайсарликнинг оқибати

Ҳозир сиздан: “Оёғингиз тагида ер борми?” ёки “Тепангизда осмон борми?” деб сўрашса сиз ҳеч иккиланмай: “Ҳа”, деб жавоб берасиз. Аллоҳ таолога ишончимиз ҳам шундай кучли бўлиши керак. Кимдир сиздан: “Аллоҳ таоло сизни кўриб турибдими?” деб сўраса, ишонч ва қатъийлик билан “Ҳа” деб жавоб бера олишингиз керак.

Келинг, сизга мисол тариқасида бир ҳикоя сўзлаб берай. Бир куни икки дўст саёҳатга чиқишибди. Улардан бирининг кўзи ожиз экан. Кеч кирганида улар дам олиш учун бир ерда тўхташибди. У ер ҳавоси ҳудди денгиз бўйидагидек кундузи жуда иссиқ, кечаси эса сезиларли даражада совуқ бўлар экан. Тонг отгач, дўстларнинг соғломи егулик топиб келгани кетибди. Кўзи ожизи эса ён-атрофни қўли билан пайпаслаб, қаттиқ нарсани тутибди. Совуқда тошдай қотиб ётган илон экан. Ҳалиги одам ажойиб таёқ топиб олдим деб ўзида йўқ хурсанд бўлиб турган пайтда дўсти бироз егулик олиб келибди. У илонни ушлаб ўтирган дўстига бақириб, қўлидаги илонни  дарҳол ташлашини сўрабди. Кўзи ожиз киши эса дўстим менга ҳасад қиляпти деб ўйлаб илонни маҳкам ушлаб олиб бермайман деб туриб олибди. Дўсти унинг қўлидаги таёқ эмас, илон эканини ва уни зудлик билан ташлаб юборишга ҳарчанд ундаса ҳам, кўндира олмабди.

Хуллас, иккаласи яна йўлга чиқишибди. Кун чиқиб ҳарорат кўтарилгач, кўзи ожиз кишининг қўлидаги “таёқ” секин ўзига кела бошлабди. Ниҳоят  етарлича исиниб, кучга киргач, кўзи ожизни чақибди...

Оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мерожга кўтарилганларида дўзахнинг даҳшати-ю, жаннатнинг гўзаллигини ўз кўзлари билан кўрганлар. Бизни дўзах сари етаклайдиган ишлардан қайтарганлар. Афсус, баъзилар ўзи кўрмагани боис қайсарлик қилади, оқибатини ўйламайди. Аллоҳ таоло кеч бўлмасидан кўзларимизни очсин, ҳидоятга бошласин, яхши, эзгу амалларни бардавом қилишга муваффақ айласин.

Дилафрўз САЛОҲИДДИН қизи тайёрлади.

4657 марта ўқилди

Мақолалар

Top