Мақолалар

Фарзанднинг ота-она устидаги ҳақлари (6-мақола): Фарзандлар орасида тенг ва адолатли муносабатни қурмоқ

Ота-оналар оилаларида фарзандлари қиз ёки ўғил бўлсин ҳаммаларига бир хил муносбатда бўлишлари лозим. Агар уларнинг орасида бирортаси ўзининг Худо берган қобилияти билан ажралиб турса, унга алоҳида эътибор қаратишнинг зарари йўқ, дейилган одоб китобларимизда.

Бу бир хиллик оддий гап-сўзлардаги эътибордан тортиб уларга кийиниш ёки ейиш учун олиб бериладиган нарсларда ҳам ўз ифодасини топиши керак. Бироқ айрим оилаларда қиз болаларга, баъзиларида эса ўғил болаларга кўпроқ ён босиш ҳолларини кузатиш мумкин. Ота-оналарнинг бундай муносабатлари фарзандлар орасида севги ва муҳаббатнинг ўрнига бир-бирларига қарши ҳасад ва адоватнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Ваҳоланки, динимиз фарзандларга бир хилда адолатли муносабатда бўлишга буюрар экан тарихда бунга жуда ҳам кўп мисолларни келтириш мумкин. 

Ривоят. Нўмон бин Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

“Отам менга бир нарсаларни ҳиба (ҳиба  бирорта молни бошқа кишига бадалсиз ва эвазсиз тамлик (мол ва мулк) қилиб бериш) қилди. Онам Амро бинти Равоҳа: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гувоҳ қилмасанг бу ҳибани қабул қилмаймиз”, деди. Шундан кейин отам менга берган ҳибасига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гувоҳ қилиш учун ҳузурларига мени ҳам бирга олиб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам воқеадан хабар топганларидан кейин отамга юзланиб: “Бошқа болаларинг ҳам борми?” деб сўрадилар. Отам “Ҳа” деб жавоб берганидан кейин: “Худди шундай тарзда бошқа болаларингга ҳам ҳиба қилдингми?” деб яна сўрадилар. Отам “йўқ” деганларидан сўнг ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан қўрқинг, болаларингиз хусусида одил бўлинг”, деб айтдилар. Отам у ердан чиқиб келиб, ҳибадан воз кечдилар. (Муслим) 

Ушбу ҳадиси шарифда фарзандларга тенг ва одилона муносабатда бўлишлик, фарзандларнинг ота-оналар устидаги ҳақлари экани очиқ-ойдин баён этилмоқда. Ислом уламолари бу тенглик нафақат моддий жиҳатдан, балки энг арзимас деб ҳисобланган, уларни ўпишгача бўлган ҳамма нарсада шарт эканини маълум қилганлар. 

Ҳадис. Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бу масала қуйидаги тарзда баён этилган.

Бир одам ҳазрати Пағамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирганида ёнига ўғли келиб қолди. Ҳалиги одам ўғлини ўпиб, тиззасининг устига ўтказди. Бироздан кейин қизи келди. Уни ўпмасдан тиззасига ўтказди. Буни кўрган Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу билан уларга тенг муносабатда бўляпсанми?” дедилар. 

Ақра бин Ҳабис розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набиралари Ҳасанни ўпганлари кўриб (Ибни Умар ривоят қиланида Ҳасан ёки Ҳусайн дейилган) “Менда ўнта болам бор, уларнинг ҳеч бирини ўпмаганман”, дейди. Бунга жавобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Марҳамат қилмаганга марҳамат қилинмайди”, деб айтдилар. (Муслим, Термизий) 

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай буюрилади:

“Болаларингизни кўп ўпинг, ҳар ўпганда Жанннатдаги даражангиз юксалади”. (Бухорий) 

Фарзандларга адолатли муносабатни ўрнатишда ўғил ва қизларнинг ҳар бирига алоҳида тарзда эътибор берилиши мақсадга мувофиқ бўлади. 

Ота айниқса, ўғил фарзандига бирорта яхши ҳунарни ўргатиши керак. Чунки фойдали меҳнат билан шуғулланиш фақирликдан қутқаради. Шунингдек, тарбиясини ҳам шунга яраша чиройли қилиб етиштириш лозим. Зеро, бу масъулиятли вазифада оталар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ажойиб ваъдалари бор: “Инсоннинг ўз фарзандини тарбия қилиши, бир саъ (1040 дирҳамлик наботот ўлчови) миқдоридаги садақа бергандан хайрлидир”, (Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган, “Рамуз-ул-аҳодис”) деб марҳамат қилганлар. 

Бозордан сотиб олиб келинган нарсаларни биринчи бўлиб қиз фарзандларига бериш буюрилган. Чунки уларнинг юраклари нозик бўлади. Ислом адабиётларида қиз боласини севинтирган киши Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлагандек бўлиши ва Аллоҳ таоло Ўзидан қўрқиб йиғлаган танани жаҳаннамга ҳаром қилгани ҳақида хушхабарлар берилган.

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

3903 марта ўқилди

Мақолалар

Top