Мақолалар

Савобидан маҳрум бўлганлар

“Эй Аллоҳим, менга ҳаромингдан, ҳалолингни кифоя қилгин. Ва Ўз фазлинг ила Ўзингдан ўзгадан беҳожат қилгин”

Куни кеча ниқоб таққан талончилар ўғрилик содир этгани ва жиноят давомида қоровулга тажовуз қилишгани ҳамда агар жиноятни фош этса жонига таҳдид қилиш билан қўрқитганлиги ҳақида daryo.uz сайтида хабар берилди. Ундан олдин ўғрилик содир этаётганида бировнинг жонига ҳам тажовуз қилингани  ва яна бошқа бир қанча ўғрилик ҳақида хабар берилган эди.

Ислом дини 5 нарсанинг муҳофазасини талаб қилади: жон, дин, ақл, насл, мол. Жонга тажовуз – қатл. Динга тажовуз – риддат. Ақлга тажовуз – маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилиш. Наслга тажовуз – зино. Молга тажовуз – ўғриликдир. Буларнинг бир нечтаси эса ўғриликда намоён бўлади. Ислом дини буларнинг ҳар бирини улкан жиноят ҳисоблаб, барчасига махсус иқоб ва жазолар тайин қилган.

Аллоҳ таоло ҳаёти дунёда фақатгина ҳалол-пок нарсадан таомланишга буюриб: “Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол - покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизга очиқ-ойдин душмандир”, (“Бақара” сураси, 168 - оят). Ҳамда “Нисо” сурасининг 29 – оятида: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингизни молларини ботил йўл билан еманглар!” – деб амр қилди.

Яъни: Аллоҳ таоло ҳалол-пок ризқ ейишга зид қилиб, шайтон йўлидан юрмасликка буюрди. Чунки шайтон йўлидан юрганлар ҳалол-пок емайдилар. Улар мол-мулкни қаердан топётганларига аҳамият бермайдилар. Шайтон эса ҳалол едирмаслик йўли билан бандаларни Аллоҳнинг тоатидан чиқаради. Ундай инсон эса ҳалол нима, ҳаром нима фарқига бормай қўяди.

Иккинчи оятда Аллоҳ таоло бандаларини бир-бирларининг молларини ботил йўл билан емасликка амр қилди. Ботил йўл билан ейишнинг турлари бир қанча бўлиб, уларнинг энг ёмонларидан бири – ўғриликдир. Ўғрилик жамиятни пароканда қиладиган оғир жиноятлардан бири бўлиб, Ислом шариатида қаттиқ қораланди. Чунки ўғрилик қилган инсон аввало ўзининг ҳамда оила аҳлининг шаънини топтайди, бировнинг нафақат мулки, балки жони, ор-номусига ҳам тажовуз қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қиладилар: “Қиёмат куни бандадан биринчи бўлиб 4 нарса ҳақида сўрайдилар: ҳаёти ҳақида – уни нимага сарф қилди? Ёшлиги ҳақида – уни қандай ўтказди? Мол-мулки ҳақида – уни қаердан олди ва нимага сарф қилди? Ҳамда билми ҳақида – уни нима қилди”, (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сизу биз охиратда биринчи бўлиб сўраладиган 4 нарса ҳақида хабар бермоқдалар. Улардан бири мол-мулк. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳар бир бандадан у ҳақида, албатта, сўрайди, ҳисоб-китобини талаб қилади.

Ўғриликдан эҳтиёт бўлиш керакки, Аллоҳ унинг иқобини оғир қилади. Охиратда бировнинг мулкини ҳаром йўл билан ўзлаштириб олган инсонни савол - жавобини ҳақдорларга қайтармагунича  кечиктириб туради. Уларнинг ҳаққини эса у кунда пул билан топишра олмайди. Зеро у кунда инсоннинг савоб ва гуноҳидан ўзга мулки бўлмайди. Натижада у бировнинг ҳақларини эгаларига савобини бериш билан қайтаради. Аллоҳ сақласин, савоби тугаб қолса, ҳақдорларнинг гуноҳларини ўз зиммасига олишни бошлайди. Энди, жаннатга қандай киради...

Ўғирликнинг ҳам даражаси турлича бўлади. Бири бир шахснинг мулкига тажовуз қилиш бўлса,  бошқаси бутун жамиятнинг мулкига тажовуз қилиш, яна бири етимларнинг, бева – бечораларнинг мулкига тажовуз қилишдир. Унга қараб иқобининг даражаси ҳам турлича бўлади.

Бир куни бир одам бошқасини шундай деб ёдга олади: “У жудаям яхши инсон. Бир куни ишхонада текширув бўлиб қолди, мен хавотирга тушдим. Чунки бир ой олдин уйда том ёпаётганда ишхонадан рухсатсиз 17 кг тунука олгандим. Агар билиб олишса, шарманда қилиб, ишдан ҳайдаб юборишар эди. Шунда у одам мендан «списать» - «рўйхатдан ўчириб» берган эди”, дейди. 

Баъзи одамларнинг онги шунчалик ҳам паст бўлар экан, ўзи қилган гуноҳига шерик бўлган кишини яхши ёдлаб хотирласа. Улар қанчалик катта гуноҳга қўл урганини тасаввур ҳам қила олишмайди. Ахир улар бу юртда яшовчи барча инсонларнинг ҳаққига тажовуз қилишди. Охират куни маҳшаргоҳда ҳақдор инсонларнинг ҳар бири уларнинг олдига ўз ҳаққини талаб қилиб боришса, улар нима деб жавоб беришади? Иккаласи ҳам қарийб 60 ёшга киришган, гарчи муборак, нуроний ёшга кириб қолган бўлсада, бу оғир гуноҳининг натижасида юзида нур, элнинг орасида ҳурмати йўқ эди. Бу ўғирликнинг ҳайти дунёдаги жазоси. Ўғрилар ҳеч кимга ҳурмат қилмайдиган, бирор кишининг ҳурматига сазовор бўлмаган, хор ҳолда яшаб ўтади. Охиратда эса қандай жазо берилишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича баён қилганлар: “Тўрт тоифа инсонга дўзахда оғир азоб берилиши тайин қилинган. Улардан ҳатто (ўзи азобланаётган) дўзах аҳли ҳам зарар кўради. Дўзаҳ аҳли бир-биридан: “Буларни нима сабабдан азоблашмоқда? Улар бизнинг азобимиз устига баттар зиёда қилишди” дейишади. Улардан (махсус жазо олаётганлардан) бири бировнинг мулкини (эгасига) қайтармасдан вафот этган киши бўлади”, дедилар (Имом Баззор ривояти).  

Эътибор беринг, дўзаҳ аҳли ўзи жудаям оғир жазо олаётган бўлсада, унинг устига-устак янада зиёда қилиб, ўзидан бошқаларга ҳам зарар етказадиган киши – ўғри экан. Дарҳақиқат, бировнинг меҳнат қилиб, заҳмат чекиб, оила-аҳлини боқаман, яхшиликка сарфлайман, муҳтожларга ёрдам бераман деб топган пулини ўғрилаган кишига яна қандай жазо берилиши мумкин.

Улар нопокдан таомланишдан тийилсинлар. Бу дунёда ўзи ва оила-аҳлининиг шаънини оёқости қилиб, шарманда қилишдан тўхташсин. Зудлик билан онгини ишлатиб, тавба-тазарру қилиб ҳаётини тўғрилашга уриниши, бировнинг мулкини эгасига топшириши лозим. Зеро, қилмишлари учун улар Аллоҳ олдида ҳам, қонун олдида ҳам, албатта, жавоб беришади. Аллоҳнинг ҳузурида ҳотиржам туриш учун ибодатларни вақтида бажариб, бировнинг ҳаққидан қаттиқ эҳтиёт бўлиш лозимдир.

Ҳадиси шарифда ҳалол ризқ талаб қилиш ва ўзгага муҳтож бўлмаслик ҳақида:

 “Аллооҳумма акфини биҳалалика ъан ҳаромик. Ва ағнини бифадзлика ъамман сивак”

Яъни: “Эй Аллоҳим, менга ҳаромингдан, ҳалолингни кифоя қилгин. Ва Ўз фазлинг ила Ўзингдан ўзгадан беҳожат қилгин”, деб дуо қилишни Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берадилар.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўз рушду ҳидоятидан адаштирмасин!

ЎМИ матбуот хизмати

 

4235 марта ўқилди

Мақолалар

Top