Мақолалар

Тотувлик сири – вазминликдир

Албатта, эр-хотин бахтиёр яшашни истайди. Аммо истаса-истамаса, улар орасида келишмовчиликлар бўлиб туради. Яқинлари билан аҳил-иноқ яшаш – тушунмовчиликлардан безган руҳиятга энг керакли озиқдир. Ушбу муаммони ижобий ҳал қилиш оила аъзоларининг саодатига хизмат қилади. Бунинг учун аввало икки тараф ҳам бир-бирини тушунмоғи аёл ва эр ўз ҳақларини адо этмоғи лозим.

Оиладаги тинч-тотувлик, осойишталик кўп жиҳатдан аёл кишига боғлиқ. Келишмовчиликлар юзага келганда аёл босиқлик қилиб овозини баландлатмаса, эркак жазавага тушмайди.

Ҳар томонлама тўкис яшаётган танишларимизга ҳавас қиламиз, ўшандай бахтли яшашга интиламиз. Аммо ҳар доим ҳам истаганларимиз амалга ошавермайди. Аммо имкон қадар ўша оилалардаги осойишталикни ҳаётимизга тадбиқ этишга унчалик ҳам эътибор қилмаймиз. Шунчаки истак билан ижобий натижага эришиб бўлмайди.

Кузатадиган бўлсак, барча намунали деб қаралган оилалардаги ўзаро муносабатлар бир-бирига ўхшашлигига гувоҳ бўламиз. Кўпчилик ажримларга келин ва қайнона муносабатларидаги зиддиятлар сабаб бўлмоқда. Баъзи намунали вакилалар билан суҳбатлашдик.

– Тинч-тотув яшашнинг сири нимада, муроса қилишда ким ташаббускор бўлиши керак? Турмушингизда ноқулай вазиятлар бўлганми?

– Мен Умарова Шоҳида, уч келиннинг қайнонасиман (65 ёш). Оилада ҳар хил вазиятлар бўлади. Ҳеч қачон ўғилларимга келинларимни ёмонламайман, хатоларини гапирмайман. Уларнинг уришиб қолишига сабабчи бўлишни истамайман. Ҳаттоки келинларим тарафидан бирор нохуш вазият юзага келса, хато қилса ўзларига дарров айтмайман. Бир оз вақт ўтиб ётиғи билан тушунтираман. Кўпинча ёшлигим ва келинлик давримни эслаб уларга муомала қиламан. Барча нарсани яхшиликча ҳал қилса бўлади, дилозорлик ёмон. Ҳеч қайси фарзанд онаси хотинидан норози бўлишини истамайди. Билса, албатта, асабийлашади, ўғлимни нотинч қилиб нима қиламан. Қолаверса, келин ҳам бировнинг қизи.

Кимдан нима ўтмайди дейсиз, кўп синоатлар ўтди бошимиздан. Оилани оила қилиш учун аёл ҳақиқий боғбон бўлиши керак. Менга ёқмади ёки ўғлимнинг “тўғри келмаяпти” деган сўзи билан ажралиб кетаверса, ҳаёт тўкис бўлмайди. Ахир норасидаларни етим қилиб қандай яшиликни исташ мумкин. Олса олар насиҳат олмаса, бошига тушганда кўп нарсани англаб етади. Жуда эпсиз бўлсаям, ажратишдек нарсани ҳаёлимга келтирмайман. Аллоҳга шукр, ўргатганларимни ўзимдан зиёд бажарган келинларим ҳам бор. Ҳамма келинларимдан розиман, ўтганимда яхшилик билан эслашиб, чин кўнгилдан дуо қилишса бас.

Қолаверса, гапимиз кўчага чиқмаганининг биринчи сабаби оиладаги аҳиллик. Фикримча, келиннинг хатосини ҳадеб юзига солиб, бўлар-бўлмас важларни ўғлига етказиш эр-хотин муносабатларининг бузилишига сабаб бўлади. Тўғри, феъли-феълига тушмаслиги, келин қайнона орзу қилган сифатларга эга бўлмаслиги мумкин, аммо ўғлингиз билан яхши яшаяпти, фарзандлар бор, муҳими шу.

Улардан ранжиган пайтим ҳам бўлган. Аммо мен учун муҳими оила мустаҳкамлиги. Ўғлим билан келинимнинг тотувлигини ҳамма нарсадан устун қўяман. Ҳатто оғринган кўнглимдан ҳам. Оила қуриш, бировга раҳмат айтиш ёки бировдан раҳмат эшитиш осон иш эмас. Муаммо ва масалаларни ечишда сабр ва оғир босиқлик ёшлардан кўра биз кексаларнинг зиммасига тушади.

Иккинчи суҳбатдошимиз Зилола Ярашбек қизи марҳума қайнонаси Жумагул Чориева ҳақида шундай хотирлайди.

– Оилада учинчи келинман. Уларни қайнонам эмас онам дейман. Илоҳим, охиратлари обод бўлсин. Бу оилага келин бўлиб тушганимда уй ишларини деярли эпламасдим. Келин бўлиб келганимда қайнонам, хатоларимни чиройли тарзда кўрсатиб бериш орқали менга ўргатганлар. Ниҳоятда ширинсўз, сахий ва кўнгли очиқ эдилар. Икки нафар фарзандим бўлгандан кейин мени пойтахтга университетга ўқишга юбориб тўлов шартнома пулларини ҳам қайнотам тўлаганлар. Қайнота ва қайнонамни Аллоҳ раҳмат қилсин. Улар илм олишим учун ҳам шароит яратиб берганлар. Мен уларни жуда соғинаман. Қайнонамнинг жаҳл билан гапириши тугул бировдан норози бўлиб гапирганларини эслолмайман. Ҳеч кимдан норози бўлмасди. Ўғлим учун эчкини соғарди-да, эчки боласидан унга тегишли бўлган сутни соғиб олаётгани учун розилик сўрарди. Менинг орзуим қайнонамдек қайнона бўлишдир.

Бу қайнона ва келинларнинг ўз ҳаётидан мамнунлиги юз-кўзидан билиниб турарди. Айниқса, фарзандлари бахтини ўйлаб иш қиладиган Шоҳида аянинг турмушидаги йўриқлари баъзи қайнона ва бўлажак қайноналарга яхшигина дастурил амал бўлиб хизмат қилади, иншоаллоҳ. Катталар ёшлар учун бир кўприк. Янги кўчатни бир жойдан иккинчи жойга кўчирсангиз, қанчалик эътибор билан парваришлайсиз, келин ҳам ниҳол. Ҳар қандай вазиятда ҳам иложи борича оилани сақлаб қолиш чоралари кўрилиши мақсадга мувофиқ. Биз аёллар охиратнинг саодати, фарзандлар камоли учун тилимизни ширин, феълимизни кенг қилсак, оила мустаҳкамлигини таъминлаган бўламиз.

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

 

 

4577 марта ўқилди

Мақолалар

Top