muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 27 Февраль 2017 00:00

Имом Абул Муъийн ан-Насафий

Имом Абул Муъийн ан-Насафийнинг тўлиқ исмлари Абул Муъийн Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад   Макҳул ан-Насафийдир. Бундан бир оз фарқли шакллари ҳам учрайди. Унинг куняси барча манбаларда Абул Муъийн деб зикир қилинади. Аммо ан-Насафийнинг лақабларига келсак, ёзма манбаларда кўрсатилишича,у бир қанча лақаблар билан аталган, жумладан, имом фозил сайф ул-ҳақ ,(ҳақиқат қиличи ) жомиъ ал-усул, ал-имом аз-зоҳид ,ал-фақиҳ ал-ҳанафий, ал-олим ал-бориъ (юксак билимдон олим) каби лақабларни олган. Абул Муъийн ан-Насафий илму ирфонда етук, зиёли бир оилада улғайган, айниқса, унинг аждодларидан кўплари фиқиҳ илми соҳасида улкан салоҳиятлари билан эл-юрт орасида танилган эдилар. Ҳатто унинг катта бобоси ўз даврининг таниқли вакили Макҳул Абул Фазл ан-Насафийдан (ан-насафийлар сулоласининг сардори) бошлаб, унинг оиладагилар фиқиҳ илмида ҳанафийя мазҳабининг асосчиси Абу Ҳанифа таълимотларига таянганлар. Шунингдек у фиқиҳ илмини имом Абу Ҳанифанинг шогирди имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийнинг сафдоши Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан ривоят қиларди.          

Унинг ан-Насафий нисбаси билан аталиш хусусида барча тарихнавислар якдиллик билан бир хил ёзганлар. Шу билан бирга  баъзи манбаларда ан-Насафийни бир қанча муддат Самарқанда яшаганлиги, сўнгра узоқ йиллар Бухорода истиқомат қилганлиги ҳақида ҳам хабарлар келтирганлар.

Абул Муъийн ан-Насафий таваллуд этган сана ҳақида ёзган тарихнавислрдан бири араб олими Хайриддин аз-Зириклий ўзининг «Ал-аълом» ва Умар Ризо Каҳҳола «Муъжам ал-Муаллифийн» номли асарларида унинг ҳижрий 418 (милодий 1027) йилда Насаф (ҳозирги Қарши) шаҳрида туғилганликлари ҳақида ёзганлар. Унинг вафоти ҳақида аксар манбаларда ҳижрий 508 (милодий 1114) сана зикр қилинади. Бинобарин, аллома Абул Муъийн ан-Насафий узоқ умр    кўриб 87 ёшда вафот этган. Унинг қабри Қарши шаҳри яқинидаги Қовчин қишлоғида жойлашган.

Ан-Насафийнинг илм-фаннинг турли соҳаларига оид асарларидан қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: 

  1. Ал-Уъмда фи усул ал-фиқҳ;
  2. Баҳр ал-калом фи иълм ал-калом;
  3. Табсират ал-адилла фи иълм ал-калом;
  4. Ат-Тавҳид ли қоваиъд ат-тавҳид фи иълм ал-калом;
  5. Ал-Оълим вал-мутааъллим;
  6. Ийзоҳ ал-маҳажатий ли-ковн ал-ақл ҳужжатан;
  7. Шарҳ ал-Жомиъ ал-Кабр лиш-Шайбоний фи фуруъ;
  8. Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ;
  9. Ал-Муътақидод. (Токентдаги Абу Райхон Беруний номидаги Шарқшунослик иниститутида бу асарларидан бир нусха сақланади (инв.№ 40008/2). Араб тилида ёзилган ушбу асар 52 варақдан иборат).

Абул Муъийн ан-Насафийнинг устозлари ўзларининг ота-боболари ҳисобланади. 

 

Ш О Г И Р Д Л А Р И: 

  • Нажмиддин Умар ан-Насафий.
  • Алоуддин ас-Самарқандий;
  • Абу Бакр ал-Косоний;
  • Абул Музаффар ат-Талақоний;
  • Аҳмад ал-Паздавий;
  • Абул Ҳасан ал-Балхий;
  • Абул Фатҳ ал-Ҳилмий;
  • Абдурашид ал-Валволижий;
  • Маҳмуд ас-Соғаржий;
  • Али ибн ал-Ҳусайн ас-Сакалкандий
Пятница, 24 Февраль 2017 00:00

Устозлар билан суҳбат

Президентмиз Ш.Мирзиёев томонидан жорий йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Таҳфизул-Қуръон кафедраси мудири, Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби Ж.Ҳамроқулов ва Тошкент шаҳри “Насирхон” жоме масжиди имом-хатиби Ж.Раупов 2017 йил 21 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси “Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар.

Ташриф давомида устоз домлалар билим юрти ўқитувчи ва талабалари иштирокида давра суҳбати ўтказдилар. Ташриф буюрган домлалар устозларга ҳурмат, тинчлигимизнинг қадрига етиш, илм олишнинг фазилат ҳақида гапириб ўтдилар. Талабаларга билим юртида олган илмларини келажакда Ватанимиз ривожи йўлида сарфлаб, юртимиз тичлигига муносиб хисса қўшишларига тилак билдирдилар.

Шундан сўнг ташриф буюрган домлалар билим юртида талабалар учун яратилган имкониятлар ва қулайликлар билан яқиндан танишишди.   

Пятница, 24 Февраль 2017 00:00

Жонингга қасд қилма

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг  “Бақара” сураси 195-оятида шундай огоҳлантиради: “... ўз қўлларингиз (бахиллик қилиш) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадиси шарифларида: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади”, деб айтганлар.    Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ  ривоят  қилишларича, ҳазрати  Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:  “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Юқоридаги  оят ва ҳадисларда    ўз жонига қасд қилишнинг оғир гуноҳ эканлиги  таъкидланиб айтилмоқда.  Ўз жонига қасд қилиш Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига  қарши чиқишдир. Ўзини ўзи ўлдирганлар охиратда оғир азоб қолишади, дунёда ота-оналарини, қариндошларини оғир ташвишга солиб қўйишади.

Қуйида  бир  воқеа  келтирамиз.

Акмал ота  масжиддан аср намозини ўқиб   қайтаркан, уйга кираётганида ўйга толиб қолди. Аёли Салима ая уни бу ҳолатини кўриб  саволомуз қаради.

Ота  аёлига  бугунги  жаноза намозига йигирма беш ёшлардаги  йигитнинг маййитини олиб келишганини гапириб берди.  Маълум бўлишича, йигит бир қиз билан  учрашиб, гаплашиб юраркан. Лекин уйланиш вақти келганида бошқа қизга совчи юбориб, унаштирилган. Бу ҳолга чидолмаган  аввалги учрашиб юрган қиз йигитни кўчада пичоқлаган ва ўзига ҳам пичоқ урган. Оқибатда йигит касалхонага етмай жони узилган. Қиз эса  оғир аҳволда касалхонага етказилган. Ҳодисанинг нақадар аянчли  эканини  ўйлаб, Акмал ота ва  Салима ая чуқур қайғуга ботди.

Бу каби ҳолатларга нима сабаб бўлмоқда?! Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяптими? Йигитларда  масъулият етишмаяптими? Қизлар тарбиясига етарлича аҳамият берилмаяптими? Ота-оналар  фарзандлар тарбиясига бефарқми?!

Маълумки, мустақилликнинг  дастлабки йилларидан  ёшлар учун кенг имкониятлар  эшиклари очилди.  Мамлакатимизда виждон эркинлиги кафолатланди.  Ёшлар   спорт,   маданият ва бошқа соҳаларда  улкан ютуқларга эришмоқда. Лекин, “гуруч курмаксиз бўлмайди”  деганларидек, баъзи ёшларимиз   жиноят кўчасига кириб қолаётганлиги ачинарли ҳол.  

Кейинги пайтларда интернет орқали  “Кўк кит” ва “Winx” каби  ўйинлар   тарғиб қилинаётганлиги   ҳақида маълумотлар тарқалди. Бу ўйин ҳам ёшларнинг онгини заҳарлаб, ўз жонига қасд қилишга бошлайди.  Бундан барчамиз огоҳ бўлишимиз лозим. Ёш авлодни баркамол вояга етказиш, уларни турли зарарли   таъсирлардан эҳтиётлаш  ҳозирги кунда энг долзарб масала ҳисобланади.

Бугунги тинч, фаровон ҳаётимиз, тўкин дастурхонимизга шукроналар келтиришимиз, дунёнинг айрим ерларида  бўлаётган воқеа-ҳодисалар, Яқин Шарқ давлатлари  ва Афғонистондаги  қўпорувчилик  ҳаракатлари, террорчилик ташкилотлари уюштираётган  ўзини-ўзи портлатиш орқали тинч аҳолининг умрига зомин бўлаётган ҳолатлардан  керакли хулоса чиқаришни ёшларга тушунтирмоғимиз  даркор. Ҳар қандай иқтисодий,   ижтимоий муаммоларни сабр  ва қаноат билан ҳал қилса бўлади. Аллоҳ таоло берган ҳаёт неъматини   савобли ишлар,  хайрли амаллар қилиш билан ўтказиш,    ҳаётий муаммоларни  чиройли тадбир билан ҳал этиш,  Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор  бўлиб  яшаш  ҳақиқий имонли кишининг  фазилатидир.

 Марям Абдуллаева,

ЎМИ мутахассиси

Кеча  Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани “Аёллар маслаҳат маркази”да Тошкент шаҳар туманлари бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари ва отинойилар учун  “Аёл – жамият таянчи” мавзусида  амалий психологик семинар ўтказилди.

Семинар  жараёнида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги  Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси,  “Маҳалла”  хайрия жамоат фонди ҳамда “Аёллар маслаҳат  маркази”  мутахассислари ўз маърузалари билан қатнашди.

Семинар давомида отинойилар  “Халқаро терроризм ва ақидапарастликнинг жамият барқарорлигига таҳдиди”, “Диний муҳитдаги оилалар билан ишлашда суҳбатлашишнинг психологик жиҳатлари”, “Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлашга қарши қаратилган жиноятлар турлари”  каби  мавзулардаги  маърузаларни  тинглади.

Отинойилар ўқув-семинар жуда самарали ўтказилгани ҳақида ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигини билдиришди. 

Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим

Пятница, 24 Февраль 2017 00:00

Умрага борувчи аёлларга тавсиялар

Умра – Қуръон ояти ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари билан собит бўлган амалдир. Умрага борувчилар орасида аёллар ҳам бўлгани боис қуйида уларга хос бўлган масалалар зикр қилинади:

  • Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари эса очиқ ҳолда бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган даражада бўлиши, тор ва қора рангда бўлмаслиги  талаб этилади.
  • Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак. Сочлар ибодат чоғида ҳалақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади.
  • Аёллар талбияни махфий, яъни паст овозда айтадилар. “Лаббайкаллоҳумма лабайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк. Иннал ҳамда вал-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак”
  • Меҳмонхоналардаги хоналар тақсимотида тартибли бўлиш талаб этилади. Меҳмонхонада оз вақт бўлишликни, умрага нима мақсадда боришликни доим ёдда сақлаган ҳолда элликбошининг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш шарт.
  • Меҳмонхоналардаги хоналар озодалигига эътибор бериш, сувни исроф қилмаслик талаб этилади.
  • Меҳмонхоналарда ҳам сатри аврат қоидаларига амал қилиш лозим.
  • Ошхонадаги тартиб-интизомга қатъий риоя қилиш керак.
  • Шахсини тасдиқловчи ҳужжат (кўкрак нишони) ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)си доим ёнида олиб юриш керак.
  • Ибодат ёки бошқа ҳолатларда меҳмонхонадан ташқарига чиқиладиган бўлса, калитни топшириб кетиш зарур.
  • Ибодатлар учун масжидда қолинадиган бўлса ёки бошқа ишлар юзасидан элликбошини огоҳлантириб қўйиш лозим.
  • Аёлларнинг ҳайз кунлари бошланиб қолса, дуо ва талбия ўқиб эҳромга кирадилар. Лекин Каъба тавоф қилинмайди, намоз, Қуръон ўқилмайди. Сафо ва Марва саъйини адо этаверади. Саловат, дуо ва тасбеҳлар айтиш мумкин.  Умра зиёрати ҳайз кунларига тўғри келиб қолса аёл шифокорлар билан маслаҳатлашиб  иш кўрилади.
  • Аёллар камида уч киши бўлиб юриши, кечаси ёлғиз юрмасликлари лозим. Масжид узоқда бўлса, шахсий автомобилларга ўтирмаслик, фақат таксилардан фойдаланиш тавсия этилади.
  • Масжидул Набавийдаги бир ракаат намознинг савоби минг ракаат намозга, Масжидул Ҳарамдаги бир ракаат намознинг савоби эса юз минг ракаат намоз савобига тенглигини доимо эсда сақлаб, вақтни ғанимат билиб, доимо ибодатда бўлиш керак.
  • Сафо ва Марва саъйи асносида (икки яшил устун орасида) югуриш аёллар учун суннат эмас.
  • Умра охирида аёлларнинг сочларидан, соч учидан бир бармоқ айлантирарлик узунлигида соч кесилади. Соч узун бўлса, сочнинг учидан, соч калта бўлса ўнг томонда қайчи билан кесилади. Эҳромга киришдан олдин шуларни ҳисобга олиш керак.
  • Умрага борувчи аёллар ибодат вақтида улкан ажрлар берилиши ҳисобга олиб, бировларнинг ҳақига, молига ҳиёнат қилмаслик, атрофдагилар билан жанжалмаслик, ўзи ва бошқалар учун савобли амаллар қилишга ҳаракат қилиши талаб қилинади.
  • Бегоналардан аудио, видео тасмалар, турли китоблар олмаслик талаб этилади.
  • Ҳамхоналарда кексалар бўлса, қўлдан келганича ёрдам бериш тавсия этилади.
  • Биз Абу Ҳанифа мазҳабига мувофиқ ибодат қиламиз, шунинг учун ибодат вақтида бошқа мазҳабдаги аёлларнинг намозига эътибор бермаслик талаб этилади.
  • Ҳозирги вақтда тасбеҳлар, жойнамозлар ўзимизнинг юртда ҳам сероб бўлгани боис аэропорт маъмурияти томонидан талаб этилган меъёрдан ортиқ юк олмаслик талаб этилади.
  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида ёки Каъбага матоларни турли ниятларда суртиш,  Уҳуд тоғи тупроғидан олиб кетиш, Уҳуд тоғига қараб намоз ўқишнинг бидъат амаллардан эканини аниқ билиш зарур.
  • Самолётда, меҳмонхоналарда, масжидлардаги таҳоратхоналарда покизаликка қатъий эътибор бериш талаб этилади.
  • Умра зиёратига бораётганлар нима мақсадда кетаётганлигини аниқ билиб олишлари, шунингдек, ибодат вақтларида аёлларни пардозланиб юришлари ман этилади.
  • Ибодатларни тугатиб меҳмонхонага қайтиш йўли ёддан кўтарилган вақтда саросимага тушмаслик, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.
  • Шифокорлар доим хизматда бўлганлиги боис ўзингизми, ҳамхонангизними тоби қочиб қолса, дарров шифокорга мурожаат қилиш зарур.
  • Меҳмонхоналарда юк йўқолиш каби ҳодисалар бўлганида, дарҳол элликбошига мурожаат қилиш керак.
  • Тошкент аэропортига қайтиб келингандан кейин жомадон ёки юклар йўқолгани маълум бўлса, жомадон учун берилган чиптани элликбоши билан биргаликда аэропорт маъмуриятига топширилади.
  • Умра зиёратидан қайтиб келгандан кейин мусулмон кишига хос бўлган ишларни мукаммал бажаришда, маҳалла ва жамоат ишларида, тўй ва маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказиш, ёшлар тарбиясида ибрат бўлишлари тавсия этилади. Хайрли амалларда давомли бўлиш икки дунё саодатига эриштиради.

 Умра амалларингиз Аллоҳ таоло даргоҳида ҳусни мақбул даражасида бўлишини тилаб қоламиз.

 Мунира АБУБАКИРОВА

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси  мутахассиси

Мақолалар

Top